Қишки олимпиадада вакилларимиз иштироки қачон бошланади?

Қишки олимпиадада вакилларимиз иштироки қачон бошланади?

Фото: МОҚ матбуот хизмати

Бугун Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрида навбатдаги қишки Олимпиаданинг очилиш маросими ўтказилди.

Тошкент вақти билан соат 16:00да бошланган тантанали маросимда мазкур ўйинларда иштирок этувчи барча мамлакатлар тантанали чиқишда иштирок этдилар. Байрамда тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси спортчиси Комил Тўхтаев делегациямиз байроқдори бўлди.

Маълумот учун, бу йилги Олимпиадада 6 терма жамоа мусобақада дебют қилади. Белгиланган нормативлар ўша юрт вакилларининг иқлимидан келиб чиққан ҳолда қўйилгани қишки Олимпиадада ҳам иссиқ ўлка вакилларининг иштирок этишига замин яратмоқда. Бу йил Сингапур (шорт-трек), Нигерия (бобслей ва скелетон), Эквадор (чанғи пойгаси), Малайзия (фигурали учиш), Косова ва Эритрея (тоғ чанғиси) вакиллари Жанубий Кореяга қишки Олимпиадада илк маротаба ўз юрти шарафини ҳимоя қилиш учун келишади.

Ушбу нуфузли спорт байрамида 92та мамлакатдан 3544 нафар спортчи спортнинг 15 тури бўйича 102та медаллар жамланмаси учун кураш олиб борадилар.

Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини Миша Ге (фигурали учиш) ва Комил Тўхтаев (тоғ чанғиси) ҳимоя қиладилар.

Эслатиб ўтамиз, фигурали учиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Миша Ге айни пайтда АҚШда ўқув-машғулот йиғинларини давом эттираётгани сабабли, Жанубий Кореяга 11 февраль куни етиб боради. У 16 февраль куни «Gangneung Ice Аrena» муз саройида фигурали учишнинг қисқа дастурида чиқиш қилса, 17 февралда эркин дастурда ўз омадини синаб кўради.

Комил Тўхтаев эса 18 февраль куни тоғ чанғисининг гигант слалом баҳсларида иштирок этади. 22 февралда эса слалом бўйича мусобақада қатнашади. Тоғ чанғиси бўйича беллашувлар «Yongpyong Alpine Centre» мажмуасида бўлиб ўтади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг