Қишки спорт қироли

Қишки спорт қироли

Фото: «NHL.com»

Хоккей асрлар оша мухлисларни ўзига ром этиб келмоқда. Қишки олимпия ўйинларининг гултожи хоккей эканлиги шубҳасиз. Айниқса, Канада, Россия, АҚШ каби жамоалар бир-бирлари билан тўқнашиб қолса борми. Қуйида эътиборингизга хоккей тарихига оид қизиқарли фактларни ҳавола этамиз.

* Дастлабки хоккей ўйини 1875 йилнинг 3 мартида Монреалда ўтказилган. Бу ҳақда маҳаллий «Montreal Gazette» нашри хабар берган;

* Хоккейчилар 1879 йилга қадар ёғоч шайбаларда ўйнашган;                                        

* Дастлаб хоккей жамоалари 9 кишидан иборат бўлган. Кейинчалик таркиб 7 нафаргача камайтирилган. 1904 йилдан бошлаб 6 кишилик жамоалар шайба суришмоқда;

* Хоккейнинг энг нуфузли «Стэнли» кубоги лорд Фредерик Артур Стэнли томонидан 10 фунт стерлингга харид қилинган;

* Муз саройларидаги майдонга муз қоплама тайёрловчи қурилмани калифорниялик Фрэнк Замбони 1945 йилда яратган;

* Қалин муз қатлами яхши сирпанишга халақит беради. Шунинг учун муз ўртача 7,6-10 см. қалинликда қуйилади;

* Канада ва собиқ СССР жамоалари 1954 йилда илк бор учрашишган ва Канада 7:2 ҳисоби билан мағлуб бўлган;

* Кучли зарбалар таъсирида шайба 193 км/соатгача тезликда учади;

* Шайбалар резинадан тайёрланади ва 200 грамм вазнга эга бўлади. Сакраб кетмаслиги учун ўйин олдидан яхшилаб музлатилади;

* Миллий Хоккей Лигасида ўйинчиларга спиртли ичимлик ичишга рухсат берилади;

* Хоккей жуда тезкор ўйин ҳисобланади. Дарвозаабонда 20 метрдан берилган зарбани қайтариш учун 0,45 сониягина муддат бор;

* Энг катта ҳисоб 2008 йилнинг 7 сентябрида Словакия ва Болгария аёллар жамоалари ўртасидаги ўйинда қайд этилган. Словакия термаси рақибларини 82:0 ҳисоби билан доғда қолдириб, саралаш турнирлари ғолиби бўлган. Энг қизиғи, шу ўйинни бор-йўғи 37 нафар мухлис бевосита томоша қилган. Эркаклар ўртасидаги рекорд 1987 йилнинг 15 мартида қайд этилган. Австралия терма жамоаси Янги Зеландия хоккейчиларини 58:0 ҳисобида мағлуб этган;

* 1990 йилнинг 14 январида Даниянинг Херсолме шаҳрида «Рунгстед» жамоаси хоккейчиси Пьер Ольсен «Оденсе» жамоасига қарши кечган ўйинда ўйиннинг иккинчи сониясида дарвозага гол урган;

* Йорген Палмгрен Эриксен 1991 йилнинг 17 мартида 10 сония ичида 3 та, «Верной Кугарс» жамоаси 56 сонияда 5 та, «Камлупс Найтс оф Коламбус» жамоаси эса 1980 йилнинг 25 январида 2 дақиқа 22 сония ичида 7 та гол киритган;

* 1980 йили «Стэнли» кубогини қўлга киритган Брайан Троттье кубокни қучоқлаб ухлаганини «Мен уйғонганимда кубокни кўришни хоҳлаганман», – дея изоҳлаган;

* Машҳур хоккейчи Борис Майоров футбол бўйича олий лигада, «Спартак» жамоаси сафида ҳам ўйнаган. Тўп унга тушганида мухлислар «Шайба! Шайба!» деб олқишлаганлар;

* Футбол бўйича машҳур дарвозабон Лев Яшин хоккейда ҳам дарвозабонлик қилган. 1953 йили у хоккей бўйича СССР кубогини қўлга киритган. Уни терма жамоага таклиф қилишганида ўзини бундан буён тўлиқ футболга бағишлашини маълум қилган;

* 1917 йили МХЛ қоидаларга ўзгаришлар киритди ва дарвозабонга шайбани қайтариш чоғида йиқилишга ҳам рухсат берди. Бунга қадар дарвозабон йиқилса жаримага тортилар ва камига маошидан 2 доллар ушлаб қолинарди. У пайтларда жарима сифатида 2 доллардан 15 долларгача бўлган жарималар кенг қўлланилар ва бу анчагина катта пул эди;

* Машҳур хоккейчи Уэйн Гретцки 21 миллион долларга трансфер қилинган йилларда бирор футболчи 10 миллион долларга ҳам баҳоланмаганди.

Аброр тайёрлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг