Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Серена Уилямс деярли бир йил теннис ўйнамади. Бу вақт оралиғида нималар юз берди?

Серена Уилямс деярли бир йил теннис ўйнамади. Бу вақт оралиғида нималар юз берди?

Серена Уилямс

Фото: «Eurosport»

Бугун Абу-Дабида Серена Уилямс Алена Остапенкога қарши кортга чиқади. Бу 11 ой давомида кортдан ташқарида бўлган америкалик теннисчи учун «Australian Open-2017»дан кейинги биринчи учрашув ҳисобланади. Айтиш мумкинки, бу вақт оралиғида унинг ҳаётида ҳам, теннис оламида ҳам муҳим ўзгаришлар содир бўлди.

Мелбурндаги ғалабадан сўнг кўп ўтмай Серена интернет-бизнесмен Алексис Оганяндан ҳомиладор эканлигини маълум қилди. Сентябрда қиз фарзандли бўлган жуфтлик, ноябрга келиб тўй ҳам қилишга улгуришди.

Серена Уилямснинг тадбиркорлик фаолияти ҳам кундан-кунга кенгайиб бормоқда. У актриса Гвинет Пэлтроу билан биргаликда музлатилган, аммо фойдали егуликлар ишлаб чиқарувчи «Daily Harvest» стартапига пул тикишган. 43 миллион долларлик инвестициянинг қанча қисми Серенанинг улуши эканлиги эса, ошкор қилинмаган. Умуман олганда, Серенанинг ишлари чакки эмас, ошиғи олчи десак ҳам тўғрироқ бўлар. У «Fortune» журнали томонидан энг нуфузли тадбиркорлар сафига киритилган ягона спортчи бўлди. Опаси Винус билан биргаликда «Nielsen» талқинига кўра 2017 йилда тижоратда энг талабгир спортчилар рейтингини бошқариб турибди. Спортчи «Forbes» ҳисоб-китобига кўра, жорий йилда рекламанинг ўзидан 19 миллион доллар ишлаб топган.

«Nike» компанияси томонидан Орегондаги янги штаб-квартиранинг биноларидан бири Серенанинг номига қўйилиши эса катта шов-шувга сабаб бўлди. 90 000 квадрат метрлик Уилямс номидаги корпус 2019 йилгача қуриб битказилади.

Серена йил давомида атиги бир ой теннис ўйнаган бўлса-да, «AP» талқинига кўра Американинг 2017 йилдаги энг яхши спортчи қизлари орасида иккинчи бўлди.

Жорий йил аёллар теннис турнирлари жуда қизғин кечди. Серенанинг «ўйиндан чиқиши» бошқа спортчиларга катта имконият тақдим этди. Энг қизиғи, жорий йилги «катта дубулға» турнирларининг тўрттадан иккитасида шу пайтгача ҳатто финалга ҳам етиб келмаган теннисчилар ғолиб чиқишди. Алена Остапенко «Ролан Гаррос»да, Слоун Стивенс эса «US Open»да барча рақиблардан устун келди. Остапенконинг Париждаги ғалабаси унинг учун фаолиятидаги биринчиси эканлиги билан ҳам эсда қоладиган бўлди.

Серена Австралияда ғалаба қозониб, WTA рейтингида биринчи ўринга кўтарилгач, бирорта учрашув ўтказгани йўқ. Натижада йил давомида нақд бешта спортчи «дунёнинг биринчи ракеткаси» номини татиб кўришди. Серенадан ташқари Анжелик Кербер, Каролина Плишкова, Гарбине Мугуруса ва Симона Халеплар навбати билан рейтингда биринчи ўринга чиқишди.

Плишкова ва Халеп фаолияти давомида «катта дубулға» турнирида ғалаба қозонмай рейтингни энг юқори чўққисига кўтарилишди. Руминиялик теннисчининг биргина Мадрид турниридаги ғалабаси 2017 йилни биринчи рақам остида тугатишига замин яратди.

2018 йилги WTA турнирларида ниҳоят бир вақтнинг ўзида икки юлдуз – Серена Уилямс ва Мария Шараповалар ўйнаши мумкин. 15 ойни дисквалификацияда ўтказган Шарапова йил охирида АҚШ очиқ чемпионатининг чорак финалига чиқди ва Тянцзиндаги турнир ғолиблигини қўлга киритди.

Серена ва Шарапованинг кортда учрашиши мавсумнинг асосий воқеаларидан бири бўлиши шубҳасиз. Марияда кетма-кет 18 ўйиндаги мағлубият учун «ўч олиш» имконияти юзага келса, америкалик теннисчи ўз ваъдасига кўра, ҳеч қачон Машага ютқазмасликка ҳаракат қилади.

Фото: «Sports.ru»
Фото: «Sports.ru»
Фото: «Sports.ru»
Фото: «Sports.ru»
Фото: «Sports.ru»
Фото: «Sports.ru»
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг