Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шарқ аёллари энди стадионларда: Саудия Арабистонида янги қонун кучга кирди

Шарқ аёллари энди стадионларда: Саудия Арабистонида янги қонун кучга кирди

Фото: Sports.ru

Саудия Арабистони аёллари энди бевосита стадионда футбол томоша қилишлари мумкин...

Сўнгги пайтларда Саудия Арабистонида ҳукумат томонидан аёлларга бўлган муносабат кескин ўзгарди. Мамлакатни 2015 йилдан буён бошқариб келаётган қирол Салмон ибн Абдулазиз ас-Сауд  жамиятда аёллар ҳуқуқини бирмунча кенгайтирди. Янги қабул қилинган қонунларга кўра қироллик фуқароси ҳисобланган нозик хилқат вакиллари аввал мумкин бўлмаган бир қатор ҳуқуқларга эга бўлишди. Масалан, илгари автомобилга фақат маҳрамлари (яқин қариндоши ҳисобланган эркак) билан чиқишлари рухсат берилган аёллар энди уларни мустақил равишда бошқаришлари мумкин. Ёки авваллари ресторан, кинотеатр сингари дам олиш масканларида хотин-қизларни фақат оилавий давраларда кўриш мумкин эди. Спорт мусобақаларини-ку гапирмаса ҳам бўлади. Давлат қонунларига кўра, оммавий тадбирлар, футбол ёки бошқа спорт турига ишқибозлик, стадиондан туриб томоша қилиш баъзи истисно ҳолатларни ҳисобга олмаганда тақиқланган эди. Ўтган йилнинг сентябр ойида саудиялик аёллар Ар-Риёддаги Қирол Фаҳд номидаги стадионга киритилган, ўшанда миллий байрам Саудия Арабистонининг 87 йиллик юбилей тўйи нишонланиши муносабати билан улкан аренада оперетта намойиш этилган эди.

Фото: Sports.ru

Юқорида тилга олинган янги қонун 2018-йилнинг бошидан кучга кирди. Унга кўра мамлакат хотин-қизлари мустақил равишда стадион, ресторан ва бошқа маиший дам олиш масканларига боришлари, мактаб ёшидаги қизларга эса спорт билан шуғулланишларига рухсат берилди.

Умуман олганда, бу борада доим ҳам қонунбузарлар учраб турган. Ана шундай қаттиқ тартибдаги қонунлар амалда бўлган йиллар давомида баъзи таваккалчи қизлар футбол мусобақасига киришга уриниб кўришган. Масалан, 2014 йилнинг декабрида футбол мухлисаси эркакча кийиниб «Ал-Иттиҳод» — «Ал-Шабаб» ўйинига киради. Меҳмон жамоа ишқибозлари учун ажратилган трибунада якка ўзи ўтирарган қизни аввалига ҳеч ким сезмайди. Аммо ўйин вақтида шубҳаланиб қолган полициячилар дарҳол қонунбузарнинг қиз бола эканлигини пайқаб, стадиондан олиб чиқиб кетишади. Дарвоқе, ўша куни қиз ишқибозлик қилган «Аш-Шабаб» жамоаси рақиблари устидан кичик ҳисобда ғалаба қозонади — 1:0.

Фото: Sports.ru

Янги қонуннинг ижроси шу кунгача амалга оширилгани таҳсинга лойиқ. Хабарларга кўра, аллақачон мамлакатнинг учта катта шаҳарлари — пойтахт Ар-Риёд, Даммам ва Жиддада хотин-қизлар учун махсус секторлар ажратилди. Улар учун алоҳида чипта сотиш дастури яратилиб, трибунага электрон дарвоза орқали киритиш тизими ишлаб чиқилди. 

Саудия Арабистони расман ислом давлати ва аҳолининг жуда катта қисми мусулмонлар бўлганлиги учун бу ердаги қонунлар шариат қоидалари асосида бўлиб, аёллар учун турли тақиқлар ҳали ҳам мавжудлиги сир эмас. Энг асосийларига тўхталадиган бўлсак, бу мумлакат аёллари қаерда бўлмасин ўз эри ёки яқин қариндоши (маҳрами) билан биргаликда юришлари, уларнинг розилигисиз уйдан чиқиши, саёҳатга бориши, ишга кириши, операция қилдириши (зудлик билан қилинадиган операциялар бундан мустасно), ҳатто паспорт олишлари ҳам мумкин эмас. Борди-ю эр-хотин ажрашса, етти ёшга тўлган фарзанд отаси билан қолади.

Яна бир нарса — бегона эркак ва аёл бир жойда туриши мумкин эмас. Янги қонунлардаги стадионга кириш масаласида эса, бу ҳолат алоҳида трибуналар орқали қисман истисно қилинди. Шифохона, банк, таълим муассасалари, ҳатто дўконларда ҳам икки жинс вакиллари учун алоҳида тўсиқлар орқали ажратилган бўлимлар мавжуд.

Зийрак спорт ишқибозларининг кўзи Олимпия ўйинларида қатнашган ушбу мамлакат вакилаларига тушган бўлса ажаб эмас. Гарчи мамлакатда аёллар спорти мавжуд бўлса-да, уларнинг Олимпиадада қатнашиши ҳам 2012 йилгача тақиқланган эди. Ўша йилдан бошлаб, махсус ёпиқ кийимларда васий (одатда, эр ёки ота) орқалигина рухсат берилган. Ҳукуматнинг бундай қарорга келишига ҳам аслида Халқаро олимпия қўмитасининг давомли тазйиқлари сабаб бўлган. Лондон олимпиадасида мамлакат шарафини ҳимоя қилган дзюдочи Воджан Шаҳрони илк курашдаёқ рақибига таслим бўлган бўлса, енгил атлетикачи Сора Аттор 800 метрлик масофага югуриш бўйича саралаш баҳсларида маррага энг охир етиб келган. Гарчи уринишлар ўта муваффақиятсиз бўлса-да, стадиондаги томошабинлар томонидан олқишлар билан кутиб олинган.

Фото: Sports.ru

Мамлакат нашрлари мазкур спортчиларнинг иштироки ҳақида дерли лом-мим демаган бўлса, ижтимоий тармоқларда улар салбий, баъзан ўта агрессив қарши олинди. Ана шундай муносабат ҳам енгил атлетикачи Сора Атторни Рио-2016 да қатнашиш фикридан қайтара олмади. У марафонда 132-бўлиб финишга етиб келди. Нисбатан яхшироқ натижага 100 метрга югуриш баҳсларида 7-ўринни олган Кариман Абулжалил эришди. Қиличбоз қиз Лубна Умар дастлабки баҳсдаёқ рақибига ютқазиб қўйган бўлса, яна бир спортчи Жуд Фаҳми шубҳали тарзда дзюдо баҳсларига қўйилмади. Мамлакат олимпия қўмитаси вакиллари спортчи қизнинг гиламга чиқмаслигини жароҳат билан боғлашган бўлса, тиниб-тинчимас журналистлар ҳолатга сиёсий тус беришди. Гап шундаки, Фаҳми борди-ю кейинги босқичга чиққудек бўлса, исроиллик спортчи қиз Гили Коэнга рўбарў келиши мумкин эди.

Фото: Sports.ru

P.S. Аёллар томошасига рухсат берилган илк ўйинлар 12 январ куни мамлакат чемпионати доирасида ўтказилди. «Ат-Таавон» — «Ар-Риёз» беллашувида 2:2 ҳисобидаги дуранг қайд этилган бўлса, «Ал-Аҳли» ўз уйида «Ал-Батин»ни йирик ҳисобда енгди — 5:0.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг