Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Спорт» телеканали имконияти чекланганми?

«Спорт» телеканали имконияти чекланганми?

Фото: «YouTube»

Жорий йилдан бошлаб «Спорт» телеканалининг футбол бўйича суперлига ўйинларини жонли трансляция қилаётгани мухлисларни хурсанд этмоқда. Шу кунларда меҳнат таътилида эканим боис суперлига ўйинларининг барчасини қолдирмай кўриб боришга ҳаракат қилаяпман. Бироқ ўйинлар трансляциясида айрим камчиликлар кузатилмоқда. Хусусан, 20 апрель куни ўтказилган 7-тур доирасидаги «Навбаҳор» — «Бунёдкор» ўйинининг 13-дақиқасида Рустам Ашурматов гол киритиб, меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Аммо гол киритилган вазият қайта кўрсатилмади. Умуман, ўйиннинг 35 — 37-дақиқаларида қайсидир вазият биринчи марта такроран кўрсатилди. Адашмасам, 45-дақиқада яна қайсидир аҳамияти юқори бўлмаган вазият қайта намойиш этилди. Шарҳловчи Мурод Ризаев ҳам такроран кўрсатилмаган муҳим вазиятлар ҳақида лом-мим демади.

Бугун, 29 апрель куни суперлиганинг 9-туридан ўрин олган 3 та ўйин борлиги ва уларнинг барчаси жонли кўрсатилиши ҳам мухлисларни мамнун қилгани аниқ. Бугунги ўйинларнинг биринчиси Бекободда «Металлург» ва «Бухоро» жамоалари ўртасида ўтказилди. Ушбу ўйинда ҳам муҳим вазиятлар деярли такроран кўрсатилмади. Хусусан, «Бухоро» ўйинчиси Шавкат Саломовга нега сариқ карточка кўрсатилганини кўрмай қолдим ва вазият такроран кўрсатилишини кутдим. Кўрсатишмади. Ўйин охирларида шарҳловчи Зафар Қосимов «Бухоро» ҳужум қилаётган пайти «пенальти» деб юборди. Бироқ ҳакам пенальти белгиламади. Ўша вазият ҳам қайта кўрсатилмади.

Бугунги ўйинларнинг иккинчиси Наманганда бошланди. «Навбаҳор» — «Нефтчи» баҳсининг 20-дақиқасида фарғоналиклар сардори Шукурали Пўлатовга сариқ карточка кўрсатилди. Бу вазиятни ҳам кўрмай қолгандим. Аммо Шукурали Пўлатовнинг қайси ҳаракати учун жазолангани қайта кўрсатилмади. 31-дақиқада «Нефтчи»нинг яна бир футболчиси Искандар Шойқулов сариқ карточка олди. Бироқ бу вазият ҳам қайта намойиш этилмади. 41-дақиқада «Нефтчи» футболчиси Абдураҳмон Абдулҳақов жароҳат олди. Буни бош ҳакам кўрмай қолган экан. Ён ҳакамдан вазият ҳақида сўраб олди. Абдураҳмон Абдулҳақов жароҳат олган вазият шу қадар қисқа сонияларда такрор берилдики, англаб олиш қийин бўлди.

Аслида мен бугунги учинчи ўйинни — «Локомотив» — «Пахтакор» баҳсини кўриш учун «Бунёдкор» стадионига боришни мақсад қилгандим. Бироқ водий дербиси бўлган «Навбаҳор» — «Нефтчи» ўйинини ҳам жонли кўриш қизиқарлироқ туюлиб, стадионга бормагандим. Вазиятлар такрор берилмагани учун телевизор мурватини айни шу ўйин билан бир вақтда бўлаётган Англия премьер лигасининг «Вест Хэм» — «Манчестер Сити» ёки Россия премьер лигасининг «Зенит» — ЦСКА  ўйинларига созламоқчи ҳам бўлдим. Аммо Ўзбекистон суперлигасининг ўйинини кўзим қиймади ва «Навбаҳор» — «Нефтчи» ўйинининг танаффусида ушбу фикрларни ёздим. Хорижий чемпионатларни қарасангиз, битта хавфли вазиятни беш-олтита ракурсдан қайта-қайта кўрсатишади-ку.

«Спорт» телеканалига саволим бор: футбол ўйинларида муҳим вазиятларни такроран кўрсатиш шунчалик қийинми ёки бу борада телеканалнинг имкониятлари чекланганми?

Шерали Карвонли 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг