Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Спортнинг унутилмас ўн уч лаҳзаси

Спортнинг унутилмас ўн уч лаҳзаси

Спорт тарихида шундай таянч нуқталар борки, у нафақат спортчининг, балки ўша спорт турининг кейинги тақдирига таъсир қилади; жамият ривожига, инсонлар онги ва руҳиятига ўзгариш олиб киради. Айнан ана шундай лаҳзалар эвазига инсонларда ўзига нисбатан ишонч, келажакка умид уйғонади.

  1. Ўтган асрнинг охирларида Жанубий Африка Республикасининг ирқий камситиш сиёсати – апартеиднинг бекор қилиниши ҳам қора танли аҳолига нисбатан паст назарда қарашни тўхтатмади. Ана шундай ҳолатда 1995 йили регби бўйича ЖАР миллий терма жамоаси («Спрингбокс») Янги Зеландия терма жамоаси(«Олл Блэкс»)ни мағлуб этиб, тарихда биринчи марта жаҳон чемпионлигига эришди. Бу ирқий ихтилофларнинг кучсизланишини бошлаб берган тарихий лаҳзалардан бири эди. Ўшанда узоқ йиллар қора танли аҳолининг ҳуқуқлари учун курашиб келган мамлакат президенти Нелсон Мандела «Спрингбокс» сардори Франсуа Пиенаарнинг қўлини сиқиб, табриклаб қўйган эди.

  2. Британиялик нейрохирург Людвиг Гуттман Иккинчи жаҳон уруши ветеранларига кўмак бериш мақсадида ногиронлар аравачасида халқаро спорт ўйинлари ташкил этди. У аравага боғланиб қолган спортчиларга руҳан мадад бериш мақсадида уларни мусобақага чақирди. Шу тариқа паралимпия ўйинлари деб номланган йирик спорт байрамига асос солди.


  3. 1936 йилги Берлин олимпиадаси ҳитлерчилар Германиясининг асосий таълимоти бўлмиш орийлар ирқининг дунёда тенгсизлигини исботлаши керак эди. Бироқ америкалик қора танли енгил атлетикачи Жесси Оуэнс нацистлар режасини чиппакка чиқарди – у югуриш баҳсларида 100, 200 метрга, эстафета (4×100 метр, жаҳон рекорди билан) ва узунликка сакраш баҳсларида олимпиада олтин медалини қўлга киритди. Унинг ҳарбийларча салом бериб тушган машҳур сурати узунликка сакраш мусобақасидаги ғолиблиги учун медал берилаётганида олинган. Бу суратда спорт тарихидаги энг ёрқин лаҳзалардан бири акс этган.


  4. Яна бир тарихий лаҳза 1968 йилги Мехико олимпиадасида содир бўлган. Биринчи ва учинчи ўринни олган Томми Смит ва Жон Карлослар медал қўлга киритганларини нишонлаш мақсадида муштларини юқорига кўтаришади. Бу ҳаракатни улар АҚШ миллий мадҳияси янграётган лаҳзада ҳам такрорлашади. Уларнинг кўкрагида эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган олимпия нишонлари қадалиб турарди.

  5. Машҳур бейсболчи Лу Гериг ёнбош амиотрофик склероз касаллиги туфайли 36 ёшида спортдан кетишга мажбур бўлади. У 17 йиллик фаолияти давомида биргина «Нью-Йорк янкиз» жамоасида ўйнаган. Клуб спортчининг 4-рақамини умрбод унинг номида қолдирган. Дарвоқе, инглиззабон мамлакатларда ушбу касалликнинг номи «Лу Гериг хасталиги» деб ҳам аталади.
  6. 1996 йили таниқли велопойгачи Лэнс Армстронгга саратон ташхиси қўйилди. Ҳатто хасталикнинг энг сўнгги босқичи ҳам дейилганди ўшанда. Армстронг «Тур де Франс»да 7 марта ғолиб чиқиш билан бир қаторда оғир хасталикни ҳам енгиб ўтди. Унинг матонати кўпчиликни саратон каби оғир касалликлар билан охиригача курашишга, таслим бўлмай ўз орзусига етишишга илҳомлантирди.

  7. Такрорланмас спортчи Бобби Мартиннинг туғилганидаёқ оёқлари йўқ эди. Бироқ бу унинг мактаб ва университет жамоасида америкача футбол билан шуғулланишига тўсқинлик қилмади.
  8. 1900 йилги олимпиадада аёлларнинг иштирок этишига рухсат берилмаган эди. Париждаги мусобақада аёллар теннис ва гольф мусобақаларида беллашишди. 2012 йилги Лондон олимпиадасида илк бор аёллар ўртасида бокс мусобақалари ўтказилди.

  9. АҚШлик профессионал боксчи Кассиус Клей 1965 йили оғир вазнда жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди. Эртаси куни у ўзини мусулмон деб эълон қилди ва исмини Муҳаммад Али деб ўзгартирди. Кейинчалик у армияда хизмат қилишдан бош тортди ва Вьетнам урушига тиш-тирноғи билан қарши чиқди. Оқибатда чемпионлик унвонидан, мусобақаларда қатнашиш ҳуқуқидан ва мамлакатни тарк этиш имконини берадиган паспортидан ҳам маҳрум қилинди.

  10. 1947 йилнинг апрелида бейсболчи Жек Робинсон «Бруклин Доджерс» клуби билан профессионал шартнома имзолаб, Америка асосий лигасида ўйнайдиган илк қора танли ўйинчи сифатида тарихга кирди. Бошқа спортчилар томонидан давомли равишда ирқий камситиш ва ўлим таҳдидига қарамасдан Робинсон ўзининг истеъдоди ва тиришқоқлиги эвазига катта шон-шуҳратга эришди. 2007 йилдан буён унинг шарафига «Жек Робинсон куни» нишонланиб, барча спортчилар унинг 42-рақамида майдонга тушишади.
  11. Теннисдаги гендер тенглиги курашчиси Билли Жин Кинг ташаббуси билан Жаҳон теннис ассоциацияси (WTA) тузилди. У турнирларнинг мукофот жамғармаси эркак ва аёл теннисчиларга бир хил тақсимланишини ёқлаб чиққан илк спортчи ҳисобланади. Ўз мақсади йўлида у 1973 йилнинг 20 сентябрида эркак теннисчи, собиқ биринчи ракетка 55 ёшли Бобби Риггсга қарши кўргазмали учрашувда кортга чиқди. Ўйин ғолибини 100 000 доллар мукофот пули кутиб турарди. Хюстондаги машҳур «Астродом» мажмуасидаги баҳсда Кинг Риггсга умуман имконият қолдирмади (6:4, 6:3, 6:3) ва 100 000 долларни қўлга киритди.
  1. Канадалик енгил атлетикачи Бен Жонсон 1988 йилги Сеул олимпиадасида жаҳон рекордини ўрнатди. Бироқ уч кун ўтгач спортчи стероидлар истеъмол қилгани маълум бўлди ва унвонидан маҳрум этилди. Бир неча йилдан сўнг Жонсонга Барселона олимпиадасида иштирок этишга рухсат беришди. Аммо бу сафар ҳам тақиқланган препарат қабул қилганликда айбланиб, дисквалификация қилинди. Яхшиликни билмаган Бен Жонсон 1993 йилда спортдан бутунлай ҳайдалди.

  2. Американинг Огаста шаҳрининг гольф клуби 1975 йилгача қора танли ўйинчиларни умуман қабул қилмас эди. 1997 йилда 21 ёшли қора танли Тайгер Вудс ана шу гольф клубида ўтказилган «Мастерс» турнири ғолибига айланди ва кейинчалик Америка тарихидаги энг машҳур гольфчи бўлиб етишди.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг