Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Туркияда ўйнаётган ўзбекистонлик футболчи: «Галатасарой»га қарши учрашув фаолиятимдаги энг муҳими»

Туркияда ўйнаётган ўзбекистонлик футболчи: «Галатасарой»га қарши учрашув фаолиятимдаги энг муҳими»

Фото: «Uff.uz»

Ўзбекистонлик футболчи Асрор Ғофуров Туркия 4-дивизионида чемпионликка эришди. Журналист Жалолиддин Қобилжонов у билан суҳбат уюштирди.

— Асрор ака, авваламбор, чемпионлик билан табриклаймиз.

— Эътибор ва табрик учун раҳмат.

— Барча учун қизиқ, Туркия чемпионатига қандай бориб қолдингиз?

— Аслида, «Пахтакор» тарбияланувчисиман. 2006-2013-йиллар мобайнида шу клуб ёшлари билан 2 ва 1—лигаларда ўйнаганман. 2013-йилда шартномам тугагач, Туркияга сафарим бошланган.

— «Пахтакор» янги шартнома таклиф қилмаганми?

— Таклиф бўлган, лекин фаолиятимни Европада давом эттиришни хоҳлаганман.

— Футболдаги биринчи устозингиз ким?

— Шуҳрат Раҳмонқулов. Ушбу мутахассисдан 7-8 йил футбол сирларини ўрганганман. Албатта, футболга биринчи қадам ташлашингизда, дастлабки мураббийингиз асосий ролни ўйнайди.

— Туркия чемпионатига агентлар орқали бордингизми ёки...

— Албатта, «Пахтакор»да ўйнаб юрган вақтларим агентлар туфайли четдан таклифлар тушган.

— Ҳозирда «Пахтакор»нинг ўйинларини кузатиб боряпсизми?

— Ҳа, кузатяпман. Қолаверса, жамоа устози Шота Арвеладзе менга нотаниш эмас. У Туркия чемпионатида катта из қолдирган футболчи ва мураббий.

— Жамоадагилар билан ҳалигача алоқангиз сақланиб қолганми?

— «Пахтакор» ёшлар жамоасида Жалолиддин Машарипов, Жамшид Искандеров ва Владимир Козак билан бирга тўп сўрганман, улар билан доимо алоқадаман.

— Туркия футболини камситмаган ҳолда кейинги саволга ўтамиз. Ушбу мамлакат қуйи дивизионларида ўйнагандан кўра, «Пахтакор»да қолганингиз афзал эмасмиди?

— Биласизми, Туркияга келганимда, дастлаб ушбу мамлакат суперлигаси вакили, машҳур «Бешиктош» тарбияланувчилари сафига қўшилганман. Кейин эса 1-дивизионда қатнашувчи «Манисаспор» жамоаси билан 3,5 йиллик шартнома имзолаганман. Мавсум охирига бориб жамоам 2-лигага тушиб кетган. Аммо Туркия 2 ва 3-дивизионида легионерлар ўйнаши тақиқлангани сабабли яна жамоамни ўзгартиришга мажбур бўлганман.

— Демак, жамоангиз 3-дивизионга чиққанини инобатга олсак, фаолиятингизда яна ўзгаришлар кузатиларкан-да?

— Худди шундай.

— Ўзбекистон жамоаларидан таклифлар бўлиб турибдими? Ватанга қайтишга нима дейсиз?

— Йўқ, ҳозир мамлакатимиздан ҳеч қандай таклифлар бўлмади. Бир кун келиб қайтаман, лекин ҳозир эмас. Эндигина 23 ёшдаман.

— Туркия чемпионати ўз мухлислари билан ҳам мақтаниши мумкин. Ушбу биринчиликда сизни лол қолдирган нарса нима?

— Дарҳақиқат, футбол мухлислар билан янада гўзал. Биз томошабинларни стадионга жалб қила оляпмизми, демак тўғри йўлдамиз. Туркияда футболчиларга ажойиб шароитлар яратилган. Хусусан, жамоам 4—дивизионда тўп сурди, лекин бизда машғулот ўтказиш учун 3та стадион ва яшаш учун алоҳида база бор.

— Аксарият легионерларимиз билан суҳбатлашганимизда, ўзбек паловини соғинишганини айтишади...

— Албатта, мен ҳам нафақат ошни, балки ўзим туғилиб—ўсган юртдаги барча нарсани соғиндим.

— Жамоангизда легионер футболчиларга муносабат қандай?

— Уч нафар легионер тўп сурамиз. Табиийки, маҳаллий мухлислар хорижлик футболчилардан янада кўпроғини кутишади.

— Демак, фаолиятингизни Туркия чемпионатида давом эттирасизми?

— Келаси мавсумни ушбу биринчиликда бошласам керак. Ўз навбатида, бошқа чемпионатларда омадимни синаб кўриш ниятим ҳам йўқ эмас.

— Ҳозирданоқ таклифлар тушишни бошлагандир?

— Албатта, таклифлар бор, агентим билан гаплашиб, бир қарорга келамиз.

— Суперлига ўйинларини кузатиб бораётган бўлсангиз, бу йил бизнинг чемпионат савияси ҳам анча ошди. Хўш, сизнингча, чемпионликка қайси клуб асосий даъвогар?

— «Бунёдкор». Чунки жамоа ёшлардан ташкил топган, уларда иштиёқ юқори.

— Суперлигамиздаги ҳозирда энг кучли мураббий ким?

— Нўъмон Ҳасанов, Миржалол Қосимов ва Илҳом Мўминжонов.

— Фаолиятингиздаги энг муҳим ўйин?

— Туркия кубоги доирасида кечган «Галатасарой»га қарши баҳс.

— Энг катта орзуингиз?

— Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионатида кўриш.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг