Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Умид Аҳмаджонов Андижон олимпия захиралари коллежи фаолиятидан норози бўлди

Умид Аҳмаджонов Андижон олимпия захиралари коллежи фаолиятидан норози бўлди

Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг Андижонга сафари давом этмоқда.

Куннинг муҳим ташрифларидан бири Андижон олимпия захиралари коллежига бўлди. Бу ерда Умид Аҳмаджонов ёш спортчилар билан мулоқот қилди. Уларнинг муаммолари, ўқув жараёнида йўл қўйилаётган камчиликлар тингланди.

МОҚ расмий сайтида ёзилишича, Аҳмаджонов коллеж фаолиятидан мутлақо норози бўлган.

«Коллежга қабул қилиш квоталари, ўқувчилар сони масаласида хатоликларга йўл қўйилган. Масалан, хар йили спорт мактабига 100 нафар, коллежга 100 нафар ўқувчи қабул қилинар экан. Бу умумий ҳисобда 200 нафар ёш спортчи дегани. Ушбу 200 кишилик квота 29 хил спорт йўналишига тақсимланган. Ажабланарлиси, волейбол учун қабул қилиш квотаси уч нафарни ташкил қилар экан. Уч нафар ўқувчи билан қандай қилиб волейболни ривожлантиришимиз мумкин?

Биз нима учун жамоавий спорт турларида оқсаймиз деб дод соламиз. Олимпия захиралари коллежларида қабул шу тарзда бўладиган бўлса, мана шундай муносабатни кўрадиган бўлсак қандай қилиб спортнинг бу турини ривожлантирамиз? Бирорта жамоавий спорт турида ўқувчилар тўлиқ жамоа шаклида қабул қилинмаган. Нафақат волейбол, балки, баскетболда битта гуруҳда уч нафар, гандболда уч нафар, футбол олти ёки етти нафар ўқувчи бор. Ваҳоланки, футболни бир жамоада 11 киши ўйнайди».

Шу сабабли, коллежга ўқишга қабул қилиш механизми қайта кўриб чиқилиши кераклиги таъкидланди. Энди Олимпия захиралари коллежлари Миллий олимпия қўмитаси назоратига ўтгач, бу жиҳатларга албатта эътибор қаратилади.

«Коллежга кириб, маълум бир спорт турида муваффақиятга эриша олмаётган ўқувчиларни нима учун коллежда мажбуран ушлаб туришимиз керак? Ундан кўра вилоятнинг энг иқтидорли спортчилари бу ерда таҳсил олса бўлмайдими», — деган Умид Аҳмаджонов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг