Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Умид Аҳмаджонов: «Миллий терма жамоани жаҳон чемпионатига ҳам айнан ўзингиз олиб чиқасиз!»

Умид Аҳмаджонов: «Миллий терма жамоани жаҳон чемпионатига ҳам айнан ўзингиз олиб чиқасиз!»

Фото: ЎФА расмий сайти

Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов Осиё чемпионати ғолибларига табрик йўллади. Табрик матни ЎФА расмий сайтида келтирилган.

«Бир неча кун илгари барчамизнинг умидимиз бўлиб Хитойга жўнаб кетган ва энди халқ қаҳрамонлари сифатида ортда қайтаётган футболчиларимиз — биз сизлар билан фахрланамиз!

Бир дақиқа бўлсин тиним билмаган мураббийларимиз, катта футболга дадил кириб келган футболчи укаларим ва албатта, делегациямиз сафида Хитойга жўнаб кетган ҳар бир вакилимизга миллионлаб мухлисларимиз номидан ташаккур изҳор қиламан. Сизлар нафақат қитъанинг айни вақтдаги энг кучли жамоаси эканлигингизни кўрсатдингиз, балки бутун Осиёга ким аслида ким эканини ҳам намоён эта олдингиз. Бу билан эса бутун Ўзбекистон халқига байрам кайфияти улашдингиз. Ушбу тарихий ғалабангиз билан Президентимизнинг қувончли табассумларига сабабчи бўлишдек бахтга муяссар бўлдингиз.

Сафарга кетишингиз олдидан сиз босиб ўтадиган машаққатли йўл футболга ошно тутинган одамларимиз юзларидаги табассум ва дилларидаги чексиз қувончга сабаб бўлиши, мана шу оний фурсатдаги бахтиёрлик учун эса йиллар давомида меҳнат қилиш арзирли бўлиши ҳақида гаплашгандик. Энди баралла айта оламизки, сиз бу миссияни шараф билан уддалай олдингиз.

Сизни сафарга жўнатган ҳар бир ватандошимиз, уйда интиқ кутаётган ота-онангиз, ака-ука-ю опа-сингилларингиз энди барчаларингиз билан ғурурланиб юришади. Сизнинг бу муваффақиятингиз ўзбек футболи тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилади. Айниқса, «қор жанги»дек кўринган финал учрашуви тилларда достон бўладики, биз бу ўйинни йиллар давомида эслаб юрамиз ва ҳар бир ёдга олган лаҳзаларимизда ўзимизни бахтиёр ҳис қиламиз.

2018 йил мамлакатимиз спортида, хусусан футболда катта ўзгаришлар йили бўлади. Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевдек суянчимиз бор экан, биз бундай ғалабаларга биргаликда ҳали кўп эришамиз. Сиздан ўтинчимиз шуки, ўсишда, изланишда ва меҳнат қилишда давом этинг. Зеро, мамлакат миллий терма жамоасини Жаҳон чемпионатига ҳам айнан ўзингиз олиб чиқасиз ва миллионлаб ўзбекистонликларга азалий орзулари рўёбини тақдим этасиз. Бугунги ғалаба шу йўлдаги дебоча бўлиб тарихга муҳрланади.

Тарихий ғалаба, тарихий чемпионлик муборак бўлсин! Омад, зафар ҳамда етакчилик сизни асло тарк этмасин! Баракалла!

Умид Ахмаджонов, МОҚ президенти».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг