Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Урушсиз Германияда туғилган биринчи немис

Урушсиз Германияда туғилган биринчи немис

Фото: «Sport.de»

Бугун байрам — Юпп Ҳайнкес хонадонида унинг 73 ёшга кирганини нишонлашяпти. Афсонавий немис футболчиси ва мураббийи Юпп Ҳайнкес (Йозеф Ҳайнкес) 1945 йилнинг 9 май куни таваллуд топган.

Мураббий Ҳайнкесни яхши биламиз — «Реал» (1998) ва «Бавария» (2013) билан Европа чемпионлар лигасини ютган, бундеслигада ғалабалари саноқсиз.

Футболчи Ҳайнкес ҳам чаккимас — ГФР терма жамоаси таркибида 39та ўйинда 14та гол урган, 1972 йили терма таркибида Европа чемпиони, 1974 йили Жаҳон чемпиони бўлган, хуллас, Беккенбауэр, Зепп Майер, Герд Мюллер, Брайтнер, Нетцерлар ўйнаган афсонавий жамоанинг бир бўлаги. Қолаверса, Бундеслига тарихидаги учта тўпурарнинг бири.

Булар ким учун қизиқ, кимлар бундан ҳам кўпроғини билар, қуйидагилар эса бугунги кун «айбдори»нинг бошқа жиҳатлари ҳақида.

Тўққизинчи фарзанд. Телевидение ва журнастика соҳасидаги нуфузли «Bambi» мукофотини қабул қилиб оларкан, кўзига ёш қалқиган Юпп Ҳайнкес бундай деганди: «Онам йилда бир марта энг яхши кўйлагини кийиб телевизор қаршисига ўтирар ва «Bambi» топширилишини томоша қиларди. Ҳозир мени кўрганида борми... Онам ўнта фарзандини энг оғир, энг қора кунларда туғиб катта қилди. Ота-онам — менинг қаҳрамонларим».

Қизиқиш. Юппнинг отаси темирчи бўлган, онасининг эса дўкончаси бор эди. Юпп оиладаги тўққизинчи фарзанд. Болалигида меъмор бўлишни орзу қилган. Спортга қизиққан: қишда хоккей, ёзда футбол ўйнарди. Бу қизиқишнинг «оқибати» бугун ҳеч кимга сир эмас.

Испан қироли. Ҳайнкеснинг иш столида доим иккита сурат туради. Бирида у испан қироли Хуан Карлос I ва афсонавий футболчи Алфредо ди Стефано билан ёнма-ён суратга тушган. Кабинети деворидаги катта ромда эса севимли овчаркаси — Кандонинг сурати.

Турмуш ўртоғи. Рафиқаси учун нонуштани кўпинча ўзи тайёрлайди. Ирис 2004 йили саратонга чалинган. Турмуш ўртоғини ёлғизлатиб қўймаслик учун ҳам Юпп бир ярим йилга футбол билан хайрлашди.

«Хотиним олдида қарздорман, — дейди Юпп. — Ўзи хаста бўлишига қарамай менга доим тиргак. Футболчилик давримда, мураббийлик чоғимда мададкорим бўлди».

Дўстлик. Ули Ҳёнессга 3,5 йиллик қамоқ жазоси тайинлангач («Бавария» собиқ президенти солиқлардан бўйин товлагани учун жазоланганди), Юпп хотинини олиб Ҳёнессникига кўнгил сўрашга ўтди. «Оғир дамларда дўстлар бирга бўлиши керак», — дейди Юпп.

Ҳайнкес ва Ҳёнесс Германия термаси таркибида Европа ва жаҳон чемпионлигини бирга нишонлашган. «Бавария» менежери бўлиб ишлаётган Ҳёнесс 1987 йили Ҳайнкесни жамоани бошқаришга чақирди, кейинги йили мюнхенликлар бундеслига чемпиони бўлишди. Келгуси йили ҳам. Аммо кўп ўтмай турли гап-сўзларга учган Ҳёнесс Ҳайнкеснинг жавобини берган. Ўзининг бу қилмишини Ҳёнесс ҳалигача унутолмайди.

Ҳақиқий немис. Ҳайнкес ўта тартибсевар ва талабчан мураббий. Масалан, «Шальке»га мураббийлик қилган йиллари клуб менежери Ассауэрга 20 евро жарима солганини эслашади, ўшанда менежер муҳим тадбирга клуб пайпоғини киймай борган экан. Ёки «Мёнхенгладбах»да футболчиларга кийиниш хонасини қандай тутиш борасида сабоқ бергани алоҳида мавзу. Айтишларича, 2006 йили «Боруссия»да ишдан бўшатишганида Юпп ўзи миниб юрган хизмат машинасини яхшилаб ювиб, бакини тўлдириб қўйиб, кейин кетган экан.

Қаҳрамонимиз анчайин қўли очиқ инсон. «Байер»дан кетишида оддий ходимлар, қоровулларга миннатдорлиги рамзи сифатида ичига юзлаб евро солинган конвертларни шахсан улашиб чиққан.

Одам ва машина. «Инсон ҳам автомобилга ўхшайди — мунтазам текшириб, «таъмирлаб туриш» керак, — дейди Ҳайнкес. — Агар организмингдан жуда кўп нарса талаб қилсанг-у ўзинг унга ҳеч нарса бермасанг нима бўлади, албатта, бузилади-да».

Юпп ҳафтасига икки-уч марта спорт билан шуғулланади. Уйидаги тренажёри 25 хил машқ қилишга мўлжалланган. Велотренажёр педалларини эса 40 дақиқадан бир соатгача айлантиради. Албатта, Юппнинг айтишича, бу жудаям зерикарли машғулот, аммо начора. Шу билан тугайди деб ўйласангиз адашасиз, велосипед «ҳайдаб бўлган» Юпп тўппа-тўғри бассейнга ўтиб, йигирма дақиқача сузади. Шунча машқдан кейин овқатланиш ҳам шунга яраша соғлом бўлади-да.

Хуллас, Ҳайнкеснинг футбол атрофидаги ҳаёти футбол ичидагисидан ортиқ бўлса ортиқдирки, асло кам эмас. Афсуски, Ҳайнкес мавсум тугаши билан футболни тарк этади. Бу сафар бутунлай. Олдинда фақат иккита ўйин қолди: 12 май куни бундеслигада «Штутгарт»га қарши 34-тур доирасидаги ўйин ҳамда 19 май куни Франкфуртнинг «Айнтрахт»ига қарши ўтказиладиган Германия кубоги финали. Кўринг, охирги марта завқ олиб қолинг, футбол афсонаси кетмоқда!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг