Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Устоз Ип Ман: зарбаларнинг қақшатқич кучи

Устоз Ип Ман: зарбаларнинг қақшатқич кучи

Устоз Ип Ман ҳақидаги фильм машҳур бўлиб, уни томоша қилмаган ёшлар деярли қолмади. Мазкур киноасар унча-мунча унутилаёзган Шарқ яккакурашига бўлган қизиқишни янада алангалатиб юборди, дейиш мумкин. Хўш, афсонавий Брюс Лининг устози, жанговар санъат соҳиби, чапдаст ва моҳир курашчи Ип Маннинг ўзи ким? Нима учун бу тарихий шахс ҳақида кенг омма унча билмас эди?

Улкан оила

Ип Ман Хитойнинг Квантун вилояти Нэмхой қишлоғида туғилган. Мамлакат жанубидаги Фатшан шаҳрида истиқомат қилган. Ушбу шаҳар нафақат ҳунармандчилик ишлаб чиқариши, балки кунг-фу ўчоғи эканлиги билан ҳам довруқ қозонган эди. Цин сулоласи қулаб, Хитой республикаси тузилгач, жангари санъатнинг таниқли таниқли намояндалари Фатшанга йўл олдилар. Бунга Шаолин монастирига ўт қўйилгач, юзлаб қочоқ монахлар кунг-фу ўрганишга киришгани сабаб бўлганди. Уларнинг аксарияти, масалан, Дзен – Чи Шин Жанубга қочиб, Фатшандан қўним топган.

Ип Маннинг отаси тижоратчилар авлодидан эди. Ушбу оила Фатшанда яхшигина нуфузга ва таъсир кучига эга, Фук Ян кўчасида эса катта ҳовлиси бўлиб, бу кўча «бахт ва донишмандлик» маъносини англатарди. Ип оиласи аъзолари ҳар икки қаторда жами 20 тадан уйни эгаллаган улкан хонадондан иборат эди. Оилага мерос бўлиб қолган ибодатхона марказда жойлашганди. Мазкур ибодатхонада Вин Чун санъатини ўргатган таниқли устоз Чан Ва Сун истиқомат қилган.

Устоз Чан Ва Суннинг шогирдлари орасида ўзининг оиласига тегишли ибодатхонада Вин Чун санъатини ўргана бошлаган Ип Ман ҳам бор эди.

Қобилиятли ўқувчи

Ип Ман 9 ёшида шогирдликка қабул қилинган. Бунгача у сабот билан ўқир, бўш вақтларида хаттотлик билан шуғулланар, достонлар ёзар ва, албатта, устоз Чаннинг ўқувчилари ўтказаётган машғулотларни кузатар эди. Кундан-кунга Вин Чунга қизиқиши ортиб бораверди. Ниҳоят у тўппа-тўғри устоз Чан Ва Суннинг ҳузурига борди ва гуруҳга қабул қилишини илтимос қилди. Устоз болакайнинг қарорини жиддий ҳисобламади ва ҳазиломуз тарзда бунинг учун ҳар бир ўқувчи уч кумуш танга тўлаши лозимлигини айтди. Ип бу гапни эшитиб, қувонч ва умид билан уйига югурди. Кўп ўтмай, у учта кумуш танга билан қайтди. Устоз Чан ҳайрон бўлди ва бу пулни қаердан олганини сўради. Ип эса гуруҳда қатнашиш учун шундай тангалар кераклигини билгани ва бир неча йил аввал пул йиға бошлаганини маълум қилди. Устоз ишонмади, у бола кумуш тангаларни ўғирлаган деб ўйлаган эди. Пулни олар экан, «агар уларни қайтариб олишни истасанг, онанг ҳузуримга келиб, бу тангалар ҳақиқатан сеники эканлигини тасдиқласин», деди у.

Ип Ман онасини устознинг ҳузурига келишга қистади. Болакайнинг онасини кўрган Чан Ва Сун шундай деди: «Мен ўғлингиз пулларни қаердан олганига шубҳа қилмадим. Унинг мендан кунг-фуни ўрганишга розилигингизни олмоқчи эдим. Бола жуда лаёқатли, у бизни узоқ вақт кузатганига аминман. Агар менинг айтганларимни қилса, жангари санъатда катта муваффақиятларга эришади».

Бу гапларни эшитиш мадам Нгу учун ёқимли эди ва у, агар Чан Ва Сун ўғлини қабул қилса, қаршилик қилмаслигини уқтирди.

Шу ондан эътиборан Ип Ман Чан Ва Суннинг энг ёш ва охирги шогирдига айланди. Устоз Чан Ип ўн уч ёшда бўлганида ҳаётдан кўз юмди. Умрининг сўнгги дақиқаларида у шогирди Нгу Чонг Сони чорлаб, шундай деди: «Ип Ман – яхши бола, бошқалардан уқувли. У Вин Чун анъаналарини муваффақият билан давом эттира олувчилардан бири. Афсуски, мен бошқа қола олмайман. Энди барча масъулият сенинг зиммангда бўлади.

Унга ҳаммасини ўргат».

Нгу Чунг Со устозга Ип Манни ўқитишга ваъда берди ва сўзида турди.

Ҳонгконгдаги сабоқ

Ип Ман икки йил мобайнида Нгу Чунгдан жанг сирларини ўрганди ва коллежда таҳсилни давом эттириш учун Гонгконгга йўл олди. Бир куни эса уни Чан Ва Сун устозининг ўғли Леонг Бакнинг ҳузурига олиб бордилар.

Ўшанда Леонг Бак ғарбий Ҳонгконгдаги йирик ипак компаниясининг эгаси эди. Ип Маннинг ўқишга муносабати Бакни лол қолдирди ва ўзида борини унга ўргатишга қарор қилди. Кейинчалик Ип Ман эътироф этишича, дастлабки билимларни Чан Ва Сундан олган бўлса, Леонг Бак орқали уларни чархлаган.

Бироқ машғулотларни тўхтатишга мажбур бўлди, чунки уруш пайтида ҳарбий хизматга кетишига тўғри келган эди. Урушдан сўнг у қадрдон юртига қайтди ва Нэмхоедаги полиция патрули капитани курсисига ўтирди.

Бармоқларнинг ҳайратомуз кучи

Жангари санъат устаси ва полиция капитани бўлишига қарамай, Ип Ман такаббур ва манман эмас эди. Аксинча, у оддий кийинар, барчага маданият ва назокат билан боқарди. Ўзини Вин Чун услуби билан қуролланган ҳисоблаб, ёнида тўппончани камдан-кам олиб юрарди. Соқчилик масканида Ип Ман билан боғлиқ саргузаштлар бўлиб турган. Масалан, улардан бири...

Бу шаҳарда Юй Ю деган кимса бўларди. У уруш пайтида ҳарбий хизматда бўлган, кейинроқ эса Ип Ман қўмонлигидаги Нэмхое полиция патрул хизматига қабул қилинганди.

Ип Маннинг қўл остида патруллари жуда кўплиги боис Юй Ю ҳам, Ип Ман ҳам бир-бирларини шахсан танимасдилар. Бир куни патруллик қилаётган Юй Ю кўчада баланд овозда ким биландир тортишиб қолди. Бу пайтда Ип Ман унинг ёнидан ўтиб кетаётганди. У жанжал қилаётганлардан бири полициячи эканлигини ва тўппонча билан қуролланганини кўрди. Ип Ман баҳсни тўхтатиб, уларнинг икковини ҳам оддий сўзлар билан тинчлантирмоқчи бўлди. Бироқ такаббур Юй Ю одми кийинган Ип Манга қулоқ солмади. Аксинча бақириб, унга тўппончасини йўналтирди. Ип Ман олдинга ташланди ва хатарни бартараф этиш учун тезда тўппонча ўқдонини маҳкам ушлади. Полициячи ундан қуролини тортиб олиш мақсадида роса тармашди. Ип Маннинг бармоқлари эса шунчалик кучли эдики, бир неча уринишдаёқ томошаталаблар кўз ўнгида тўппонча ўқдонини тушириб юборди.

1949 йилда Хитойни бошқа тузум эгаллагач, Ип Ман ватанини тарк этди ва Гонгконгга кўчиб, у ерда Вин Чун мактабини очди. Шу тарзда – 30 йил мобайнида жангари санъат мураббийси сифатида ишлаб, мингга яқин шогирд етиштириб чиқарди. Ўз навбатида улар Вин Чунни бутун ҳудудга ёйдилар. Бу улкан муваффақият эди.

Устоз Ип Ман ва Брюс Ли

Ип Маннинг талабалари орасида Брюс Лининг донғи чиққан эди. Устоз ва шогирд Брюс Гонгконг коллежида таҳсил олаётганида учрашишганди. Брюснинг отаси Ли Хой Чуэн Ип Маннинг яқин дўстларидан бири эди. Қолаверса, улар фатшанлик юртдошлар ҳам эдилар. Брюс Лининг ўз ҳаёт тарзи сифатида жангари санъатни танлагани эски қадрдонларни янада жипслаштирарди. У бу жанг санъатининг учинчи йили адоғида машғулотларда катта муваффақият қозонди, шунга қарамай, АҚШга кетиш учун Гонгконгни тарк этишга мажбур бўлди.

Ўша пайтлардаёқ Брюс Ли ва устоз Ип Манннг нуқтаи назарларида тафовут бор эди. Хайрлашиш олдидан Ип Ман Брюсга кунг-фу Хитойнинг софизмга асосланган санъати эканлигини, хитойликлар ўзларини ҳимоя қилиш ва соғлом ҳаёт тарзи учун унга муҳтожликларини, ушбу усуллар ҳар қандай ҳолатда ҳам хорижликларга ўргатилмаслиги лозимлигини эслатиб қўйди (бу кунг-фу асосчиларининг эски ақидаларидан эди). Брюс Ли устозининг ўгитини ёдида сақлашга ваъда берди. Бироқ окенортига борган заҳоти дарҳол мактаб очиб, у ердаги талабаларни қабул қила бошлади. Уларга Вин Чун сирларини ўргатиб, устозининг кўнглини оғритди.

1965 йилнинг ёзида Брюс Ли хотини ва ўғли билан Гонгконгга қайтди. У устозининг ҳузурига ташриф буюрар экан, АҚШга жўнашидан олдин уч йил мобайнида ўзлаштиролмаган комплекс машқларни ёғоч қўғирчоқда ўргатишини илтимос қилди. Кейин эса Ип Мандан океанортида дарс ўтиши учун керак бўладиган Сиу Ним Тао (жажжи ғоя) ҳақида саккиз дақиқалик фильм суратга олиш ҳақида рухсат сўради. Бунинг эвазига устоз Ип Манга янги уй сотиб олишга ваъда берди. Нима бўлганда ҳам Брюс Ли бу билан жиддий хатога йўл қўйди. У пулнинг аҳамиятига шунчалик урғу бериб гапирдики, натижада ҳурматини йўқотди. Устоз Ип Ман Брюс Лини рад этар экан, буни шундай изоҳлади: «Биринчидан, сен мен ўқитган шунчаки оддий ўқувчи эмассан, иккинчидан, мен ҳеч қачон шогирдларимнинг бу каби илтимосларини адо этмаганман. Агар сенинг таклифингни қабул қилсам, бошқаларга нима дейман?»

Илтимоси рад этилган Брюс Ли ёрдам сўраб, устознинг ўғли Им Чунга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Ип Чун жавоб берди: «Брюс, биз Гонгконгга кўчиб келганимизга ўн йилча бўлди. Ижарадан-ижарага кўчаверар, ўзимизнинг уйимизга эга эмасдик. Аслида бизга янги уй керак. Аммо одамзод учун моддий ҳаётдан иборат шинамлик, бадастрликдан ҳам кўра қиймати юксак тушунчалар мавжуд. Менинг отам кучли ва қатъий феъл-атворга эга. Буни сен ҳам, мен ҳам биламиз. Агар отам сенга рад қилган бўлса, мен унга таъсир кўрсата олмайман».

Вин Чун Куен ва Жит-кун-до

Ҳафсаласи пир бўлган Брюс Ли АҚШга қайтди. У Вин Чунни бошқа ўргатолмасди, чунки энди бу усулда ҳеч қачон «биринчи рақамли» бўла олмаслигини англаб етган эди. Шундан сўнг у Жит-кун-до номли янги усулни кашф эта бошлади. Амалий жиҳатдан Жит-кун-до таэквондо, каратэ ва озроқ ғарбий бокс, дзю-до, дзю-до ва ҳоказолардан иборат Вин Чун услубига асосланганди. Брюс Лининг газеталар, китоблар, журналларда баён этилган назариялари Вин Чун назариялари, Хитой таоизм фалсафаси, шунингдек, ғарбий бокс ва дзю-до негизидан иборат эди.

Брюс Ли ўзининг Жит-кун-до йўналиши билан довруқ қозонганида Ип Ман уни бирор марта ҳам эсга олмади. Уларнинг ихтилофи ўз ҳаётий нуқтаи назарлари ва турли маълумотга эга эканликлари билан боғлиқ эди, албатта. Ип Ман Хитой классик таълимини олган ва конфуцийчилик таъсири остида эди. Унда кучли миллатпарварлик туйғулари мужассам эди. Шу боис Ип Ман қатъий ва барқарор ишончга эга бўлган. У умри мобайнида – полиция капитани бўлганида ҳам, жангари санъатдан сабоқ берганида ҳам камбағал эди. Ип Ман ҳаётни қандай бўлса, шундай кўрганидан бахтиёр яшар эди.

Брюс Ли эса, аксинча, фалсафадан маълумот олишни давом эттириш учун АҚШга кетишидан олдин Гонгконгдаги инглиз мактабида ўқиган эди. У прагматизмнинг кучли таъсири остида бўлиб, ҳаётда машҳурлик ва бойликка эришди. Ҳа, бу борада муваффақият қозонди, бироқ ўлимигача жанговар санъат ва хотинига муҳаббатни барчасидан устун қўйган эди.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг