Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Вадим Абрамов: «Биз Яманни доскада ютиб бўлдик, энди майдонда ютиш қолди»

Вадим Абрамов: «Биз Яманни доскада ютиб бўлдик, энди майдонда ютиш қолди»

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов ЖЧ-2022 саралаш мусобақаси иккинчи босқичининг учинчи турида Яманга қарши кечадиган баҳс олдидан матбуот анжуманида иштирок этди. Матбуот анжумани аввалида Абрамов эртага бўладиган ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

— Эртага ким билан ўйнашимизни ҳамма яхши билади. Бу ўйин ҳақида бирор фикр билдиришга ҳам ҳайронман. Ҳамма йигитлар бизни қандай ўйин кутиб турганини яхши билади. Очко йўқотиш мумкин эмас. Шундай экан, бор куч билан ўйнаймиз.

— Эртага Ўзбекистон терма жамоасини мутлақо бошқача кайфиятда кўрамизми?
— Ҳозир ўзимизни оқлаш учун ҳар қандай гапни айтишимиз мумкин. Бу бизнинг ишимиз, яхши ўйин кўрсатиш. Рақибни енгиш керак ва биз бу ишни уддалай оламиз, деб ўйлайман.

— Рақибни ўргангансиз, уларнинг кучли ва кучсиз томонларини айта оласизми? Нимадан хавотирдасиз?
— Бизни фақат бир нарса ташвишга қўймоқда. Рақиб таркибида «10» рақамли футболчи (Мухсин Муҳаммад - таҳририят изоҳи) ўйнамайди. Бу яхшими ёки ёмон, билмайман. Яман айнан шу футболчига таяниб ҳаракат қиларди. Бу жамоа ҳимоядан ўйнайди, фақат бир киши олдинда бўлади, қолганлар ҳимояда. Қизиқ томони, шундай ўйин билан Яман Саудия Арабистонига иккита гол уришди. Яна Сингапурга ҳам. Аслида Сингапур яхшироқ ўйнаганди. Яманнинг ўйини оддий, аммо самарали. Эртага бўладиган ўйинда ҳам рақибдан «автобус» ҳимоя кутяпмиз. Рақибнинг дарвозабони яхши ўйнайди. Яна у жуда омадли ҳам. Баъзан ҳаддан ташқари омадли.

— Рақибни ўрганиш орқали ва ўз футболчиларимизни яхши билган ҳолда бизнинг устун томонларимизни айта оласизми?
— Яманда ҳозир ички чемпионат йўқ, шу сабабли терма жамоа ҳар доим бирга шуғулланади. Шунинг учун жамоа сифатида бир-бирини жуда яхши тушунади. Аммо нима бўлганда ҳам биз — Ўзбекистонмиз. Биз кучлироқмиз ва буни майдонда исботлашимиз лозим.

— Рақиб Эктор Купер давридаги Ўзбекистонни ўрганган. Аммо сизнинг жамоангизни яхши билмайди. Бу ҳолат бизга устунлик бериши мумкинми?
— Умид қиламанки, устунлик беради. Ҳозирча ўзим ҳам эртага қандай ўйин бўлишини билмайман. Рақибни ўргандик, унга қарши тактика тузиб қўйганмиз. Биз доскада Яманни енгиб бўлдик, энди майдонда ютиш қолди (залда кулгу). Биз ўз уйимизда ўйнаймиз, бундай вақтда қадрдон деворлар ҳам ёрдам бериши лозим. Мухлислар қўллаб-қувватлашини кутмоқдамиз.

— Сиз билан федерация неча йиллик шартнома имзолади?
— Мен шу ерда ўтирибман, шундай экан, терма жамоани бошқармоқдаман. Шартномага келсак, аввал олдинда бизни кутаётган иккита ўйинни ютиб олайлик, кейин шартнома ҳақида ўйлаймиз.

— Одил Аҳмедов эртага майдонга тушадими?
— Унда жароҳат бор. Агар унинг ҳолати имкон берса, илк дақиқалардан майдонга тушади. Менимча Сингапурга қарши кечадиган ўйинга қадар тўлиқ сафга қайтади.

— Сиз ҳар бир ўйинга битта тактика билан тушасизми ёки терма жамоани кучайтириш учун турли қарорларга қўл урасизми?
— Ҳозир фақат иккита ўйин ҳақида ўйлашимиз шарт. Гуруҳдан чиқишга ҳаракат қилишимиз ва шу билан бирга чиройли футбол кўрсатишимиз ҳам керак. Баъзан хунук ўйин билан ҳам ғалаба қозониш мумкин. Аммо бунақаси камдан-кам учрайди. Шу сабабли бир ўқ билан иккита қуён уришга ҳаракат қиламиз — ҳам чиройли ўйнаб, ҳам уч очко оламиз. Сингапур кучли жамоа, яна у ерда иқлим ҳам оғир. Шундай экан, бу икки учрашувда ғалаба қозониш шарт.

— Жамоани Эктор Купер услубидан олиб чиқиб, ўз услубингизни жорий этиш қийин бўлмадими?
— Купер учун гапиришни истамайман. Мен ўз қарашларимни жамоага етказишга ҳаракат қилдим. Олимпия терма жамоасига қарши кечган ўртоқлик ўйинида мана шу қарашларни амалга жорий этишга ҳаракат қилдик. Менимча мураббий ўзгариши оғриқсиз кечади. Ҳаммаси яхши бўлиши керак, деб ўйлайман. Бунисини энди вақт кўрсатади.

— Иорданияни қандай мағлуб этганимиз ёдимда? Ўшанда Саҳоб Жўраев бутун вужуди билан зарбаларни қайтарган эди. Аммо ҳозир ҳимоячиларимиз зарбадан қочади. Шу маънода клуб ҳамда терма жамоа бош мураббийи сифатида нима дея оласиз?
— Футболчини битта ўйин билан баҳолаш қийин. Терма жамоага келадиган ҳар бир футболчи борини ташлаб кетишга ҳаракат қилади. Бир вақтлар Максим Шацких ҳақида танқидий фикрлар бўларди. Ҳозир мана Одил ҳақида шунақа гаплар пайдо бўлди. Аммо ишонинг, терма жамоага келаётган ҳар бир футболчи ғалаба учун борини беради. Ҳимоячилар зарбадан қочади, деб айтмаган бўлардим. Балки бирор вазиятда шундай бўлгандир. Аммо ҳар бир ўйинчи бор кучи билан термага содиқ. Ғалаба ва мағлубиятлар тақдирга боғлиқ. Шуни ҳам унутмайлик.

— Олимпия терма жамоаси футболчилари орасида МТЖга номзодлар борми?
— Бор. Уларни олиб қолишимиз ҳам мумкин эди, аммо олимпия терма жамоаси фойдасини кўзлаб баъзиларни бериб юбордик. Ўртоқлик ўйинида олимпиячилар ўзини яхши кўрсатди. Биз бу учрашувни айнан миллий терма жамоага номзодларни саралаш учун ўтказган эдик. Ҳозирги таркибда бизни қизиқтирадиган футболчилар бор. Афсуски ҳозир вақтимиз кам. Шу икки ўйинни ўтказиб олсак, кейин номзод футболчиларни кўриб чиқамиз. Уларнинг рўйхати анча узун.

— Эртага Яманга қарши кечадиган ўйинга кутилмаган совға тайёрлаб қўйганмисиз?
— Албатта. Бунисини майдонда кўрасиз.

— Терма жамоа анча ўйинларни «Бунёдкор» стадионида ўтказар эди.
— У ерда майса бошқача сифатга эга, бироз оғирроқ. Бундай майдонда ҳимояланиш осон. Биз эса ҳужумкор ўйнашимиз керак. Шунинг учун «Пахтакор» стадионида ўйнашни маъқул кўрдик.

— Аввал ҳам термани бошқаргансиз. Яна бошқарувга келдингиз. Бу икки жамоа ҳақида нима дея оласиз, жамоада потенциал борми?
— Мен аввалги жамоа футболчиларини жуда яхши билар эдим. Бунисини ўрганишим учун вақт керак. Икки ойдан сўнг сизга жамоада қандай потенциал борлигини айтаман.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг