Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Вадим Абрамов: «Саудияда иссиқ бўлади, тўғри. Аммо улар ҳам «противогаз» кийиб ўйнамайдику!»

Вадим Абрамов: «Саудияда иссиқ бўлади, тўғри. Аммо улар ҳам «противогаз» кийиб ўйнамайдику!»

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов ЖЧ саралаши доирасида Фаластинга қарши кечган баҳсдан сўнг (2:0) матбуот анжуманида иштирок этиб, фикрларини билдириб ўтди.

— Ўйин сизга ёқди, деб ўйлайман. Шахсан мен учун уч кун олдинги мағлубият ҳали унутилганича йўқ. Йигитларга ғалаба учун раҳмат. Ҳисоб ўйинга мос бўлди, деб ўйлайман.

— Ўйиннинг 70-дақиқасидан сўнг футболчилар чарчаб қолмоқдами? Нима учун улар охиригача ўйнамаяпти, асаббузарликлар бошланмоқда?
— Гап шундаки, охирги дақиқаларда тўпни назорат қилиш керак ва бу ишни майдоннинг рақибга тегишли қисмида амалга ошириш лозим. Ҳозирча футболчилар буни тушуна олмаяпти. Бу ишни тўғриласа бўлади ва биз йиғинлар давомида шунга ҳаракат қиламиз.

— Одил Аҳмедов марказий ҳимояда ўйнашда давом этадими ёки яна ҳимояга қайтадими?
— Ҳозир фақат олдинга қараш лозим. Олдинда эса Чемпионлар лигаси ўйинлари бор ва биз янги номзодларни кўришда давом этамиз. Агарда ҳимоя яхши ўйнаса, Одил марказда қолади.

— Қарши ҳужумга ўтишда тезлик етишмади. Нима учун узоқдан йўлланган зарбаларни кўрмадик?
— Иккита гол уриб олгандан сўнг ўйинни бироз ташлаб қўйдик. Бундай ўйинда бизда имкониятлар бўлиши лозим эди. Афсуски охирги узатмалар ўтмай қолди. Ҳар қандай жамоа рақиб берган имконият доирасида ўйнайди.

— Сиз бир марта Японияни ютгансиз. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқсак, Саудияни сафарда енга оламизми?
— Японияга қарши кечган ўйинда вазият бошқача эди. Ўша вақтда биз Осиё Кубогидан ўтгандик, мен бир ярим йил давомида жамоани бошқариб тургандим ва анча тажрибага эга эдик. Ҳозир эса вазият бироз бошқача. Футболчиларимиз етарлича иқтидорли эканига шубҳа қилмайман. Вақт ҳаммасига баҳо беради. Футболчилар клубдан келади ва уларнинг ҳолати клубларга боғлиқ. Олти ойдан сўнг нималар бўлишини айта олмаймиз. Тошкентда бўлган ўйиндан хулоса чиқарсак, ўйин томонлама Саудиядан паст эмасмиз. Тўғри, жазирама бўлади, аммо улар ҳам «противогаз» кийиб ўйнамайдику!

— Кейинги ўйинларга тайёргарлик жараёни ҳақида нима дея оласиз?
— Мартда Қозоғистон билан ўртоқлик ўйини ўтказамиз. Саудия Арабистони Бразилия билан ўйнамоқда. Агар футболни кўтаришни истасак, кучли рақиблар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказишимиз лозим. Ҳозирча режа бор, аммо клублар манфаатига зид иш қилмасликка интилмоқдамиз. Арвеладзе билан бу мавзуда гаплашиб олдик. «Пахтакор» Чемпионлар лигасида қанча узоққа борса, ўзбек футболи фойдасига бўлади. Клублар йиғинлари вақтида биз ҳам Амирликларда бўламиз ва рақиб топиб, ўртоқлик ўйинлари ўтказамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг