Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яна қачон бундай имконият бўлади: Ўзбекистон U-23 Хитойдан чемпион бўлиб қайтиши мумкинми?

Яна қачон бундай имконият бўлади: Ўзбекистон U-23 Хитойдан чемпион бўлиб қайтиши мумкинми?

Айнан шу йигитларда тарихга кириш учун жуда қулай имконият бор.

Фото: «the-uff.com»

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бугун Осиё чемпионатининг ярим финалида Жанубий Кореяга қарши тўп суради.

Футболда Осиё чемпиони деган унвонларимиз саноқли. Осиё ўйинларидаги бир ғалаба ва ўсмирларимизнинг чемпионлиги бор холос. Мана энди, Ўзбекистон U-23 жамоасида ҳам тарихда шундай из қолдириш учун ажойиб имконият бор.

Биринчи сабаб

Бу йилги турнирда Олимпиадага йўлланма берилмайди. Табиийки, қитъамизнинг кучли жамоалари шунга қараб турнирга тайёргарлик кўришган. Бу билан улар мусобақага паст назар билан қаради, демоқчи эмасмиз. Шунчаки, улар ўз режаларини шунга мослаб тузишди. Биринчи навбатда — Япония. Келгуси ёзги Олимпиа ўйинлари 2020 йилда ушбу мамлакат пойтахтида ўтказилади. Японияликлар Хитойга 2 йилдан кейин бўладиган турнирни ўйлаб, 21 ёшгача бўлган футболчиларини олиб келди. Олимпиада вақтида улар ўша нуфузли турнирда мамлакати шарафини ҳимоя қиладиган ёшда бўлишади.

Иккинчи сабаб

Равшан Ҳайдаров жамоаси кучли рақибларининг бундай ёндашувидан унумли фойдаланиб қолса бўлади. Термада бугунги кунда ўз жамоаларида етакчига айланиб улгурган иқтидорли футболчилар йиғилган. Улар айни порлаши керак бўлган ёшда ҳозир. Улар учун легионерлик фаолияти, миллий терма жамоа эшиклари очиладиган айни палла. Бор маҳоратни кўрсатиб қолишга, нега айнан футболни танлаганини тўла-тўкис исботлайдиган кун, ой. Бугун Жанубий Корея билан, бир неча кундан сўнг, насиб қилса, финалдаги рақиб билан кечадиган ўйинда аксар футболчиларимизнинг келгуси тақдири ҳал бўлиши ҳам мумкин.

Энг асосийси, юқорида айтилганидек, айнан шу йигитларда тарихга кириш учун жуда қулай имконият бор.

Бугунги учрашув ҳақида

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси учун ушбу ярим финал турнир тарихидаги биринчиси ҳисобланади. Жанубий Корея эса, аввалги турнир финалида ўйнаган.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мураббийи Равшан Ҳайдаров ўйиндан олдинги матбуот анжуманида «ушбу учрашувда футболчилар ҳақиқий шижоат кўрсатиб, барчани яна бир марта хурсанд қилади» деб ишонч билан таъкидлади.

Жанубий Корея терма жамоаси устози Ким Бонг Гилнинг гапларида эса бироз хавотир сезилди: «Ярим финалга қадар етиб келганимиз учун шогирдларимдан миннатдорман. Ўзбекистон бир маромда тўп тепа оладиган, ҳужум ва ҳимояда жуда яхши ўйнайдиган жамоа эканлигини кўрдим. Бизда кичик жароҳатлар бор, футболчилар чарчаган. Аммо қўлимиздан келганича ҳаракат қилиб, ўз услубимизни намойиш қиламиз. Рақибга қараганда бир кун кам дам олдик, бу эса яхши бўлмаслиги мумкин. Лекин ютқазиб қўйсак бу баҳона бўлмайди. Камчиликларимиз бор ва ўйиндан ўйинга уларни бартараф этишга интиляпмиз».

Ўзбекистон ОТЖнинг Жанубий Кореяга қарши таркиби

Фото: ЎФФ матбуот хизмати

Учрашув вақти

Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионатининг ярим финалидан ўрин олган ушбу баҳс, бугун, 16:30да бошланади. Ўйин «Спорт» канали орқали тўғридан-тўғри олиб кўрсатилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг