Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Йерродан Роналдугача — «Реал Мадрид» «афсоналар»дан устун

Йерродан Роналдугача — «Реал Мадрид» «афсоналар»дан устун

«Реал Мадрид» — ФИФА томонидан ХХ асрнинг расман «Энг яхши жамоаси» деб эътироф этилган. Бу жамоани эслаганимизда дунёнинг супер юлдузлари ёдимизга келаверади.

«Реал Мадрид» таркибида яқин тарихда Луис Фигу, Зинедин Зидан, Роналдо, Дэвид Бекхэм, Майкл Оуэн, Серхио Рамос, Фернандо Йерро, Рауль, Гути, Роберто Карлос, Мичел Салгадо, Николас Анелка, Икер Касиляс, Криштиану Роналду ва шу каби номдор ўйинчилар тўп сурган.

Улар шу жамоанинг номини юксалтирган десак, адашмаймиз. Ҳар қандай ибтидо интиҳога замин тайёрлагандек, «Реал»га келган юлдузлар барибир бир кун келиб жамоани тарк этишган. Кўплаб мухлислар «Реал Мадрид»ни ўз афсоналари билан муносиб хайрлашмасликда айблашади, баъзилар эса шу сабабли ҳам қироллик клубини ёқтирмайдилар. У ким бўлишидан қатъи назар, «Реал» ҳар қандай футболдаги шахсдан устун. Қуйида биз «қаймоқранглилар»нинг афсоналари ҳақда гаплашамиз.

10. Фернандо Йерро

Фернандо Йерро «қаймоқранглилар» билан 500 дан ортиқ расмий ўйинларда майдонга тушган. Шу билан бирга, тўртта жаҳон чемпионати ва иккита Европа чемпионатида қатнашган. Реалда марказий ҳимоячилар азалдан афсонага айланиб келишган.

9. Пушкаш

«Реал Мадрид»нинг энг яхши футболчиларидан бири бўлган Пушкаш 1958-1966 йилларда клуб таркибида 262 ўйинда 242 гол урган. Венгер футболи афсонаси Мадриддаги чиройли голлари билан эсда қолган. Энг чиройли голларга «Пушкаш» соврини берилиши унинг қандай афсона эканлиги ҳақида фикримизни шакллантиради.

8. Роберто Карлос

Мадридликлар сафидаги 11 мавсум давомида у барча мусобақаларда 584 учрашувда майдонга тушиб, 71 гол урган. Дунёдаги энг кучли қанот ҳимоячиси ҳисобланган Роберто тепган тўп 170 км/соат тезликда учар, ўзи эса рақиб ҳужумчилари учун эса ҳақиқий ғов эди.

7.Роналдо

Жаҳон чемпионатида ажойиб ўйин кўрсатган Роналдони «Реал» қарийб 40 миллион еврога сотиб олади ва у биринчи мавсумдаёқ ажойиб ўйин кўрсата бошлайди. «Сўйлоқтиш» Роналдо ажойиб соч турмаги, шиддатли ҳужумлари билан «бланкос» тарихида муносиб ўринни эгаллади. «Реал Мадрид»га италиялик мураббий Фабио Капелло келганидан сўнг Роналдо жамоадан ўз хоҳиши билан кетишга қарор қилди.

6.Рауль

Рауль «Реал»га 1992 йилда «Атлетико»нинг ёшлар жамоасидан келиб қўшилган. Хорхе Вальдано унга 18 ёшдаги асосий таркибда дебютини амалга ошириш имкониятини берди. Рауль шу кундан бошлаб афсонага айланди. У «қаймоқранглилар»да ХХI асрнинг биринчи декадасидаги энг яхши сардори бўлди. Жамоанинг энг яхши тўпурарлари рўйхатида иккинчи ўринда туради. Рауль «Реал»нинг энг яхши ҳужумчиси бўлиб қолиши ҳам мумкин эди, аммо рўйхатдаги бир футболчи бунга монелик қилади… Рауль Мадриддан муносиб хайрлашув совғасини ола олмаган.

5.Икер Касильяс

Касильясни «Реал Мадрид» расмий сайти уни «тарихимиздаги энг яхши дарвозабон» деб атайди. Жаҳон футболи тарихидаги энг кучли дарвозабонлардан ҳисобланган Икер жамоадаги энг кўзга кўринган афсоналаридан ҳисобланади. У 16 мавсумда 725 та расмий ўйинда майдонга тушиб, 19 та совринни қўлга киритди. Жами 439 та ўйинда бирор ҳужумчи Икернинг дарвзасига йўл топа олмади. У 2015 йилда Мадриддан кўз ёшлар билан, афсоналарга муносиб бўлмаган ҳолатда кетди. «Реал» ҳар қандай шахсдан устун. Ҳатто Касильясдан ҳам.

4.Серхио Рамос

2005 йилда «Севилия»дан 19 ёшли ҳимоячи сотиб олинди. У Рамос эди. Замонавий «Реал» тарихидаги «Эл Капитано»си сўнгги дақиқаларгача курашувчи, жамоа учун бутун ҳаётини бағишлагани билан клуб тарихида қолди. Нафақат ҳимояда, балки ҳужумда ҳам рақибларни ранжитадиган афсона жорий йилда кўз ёшлар билан «Реал»ни тарк этди.

3.Зидан

Бу ном нафақат футболчи сифатида, наинки мураббий сифатида ҳам афсонага айланиб улгурди. Тушунарсиз шахсият эгасининг «Реал» тарихидаги энг яхши футболчилардан бири бўлгани унинг энг яхши мураббий бўлишига тўсқинлик қила олмади. Замонавий футболда мураккаб ишланмалари билан Европа Чемпионлар лигасини 3 марта кетма-кет ютди. У 2018 йилда тўсатдан «Реал»дан кетди, сўнг яна қайтди. 2021 йилда эса яна жамоа билан хайрлашди. Зидан ўзининг обрўсини сақлашни яхши билади. У кета олиши билан ҳам афсона.

2.Криштиану Роналду

Бу футболчи эҳтимол рўйхатимизнинг аввалига муносиб. Роналду фаолиятини давом эттираётган футболчилар орасида энг кўп гол урган, энг кўп рекорд қўйган футболчи бўлса ажабмас. Ўзининг мағрурлиги, меҳнаткашлиги билан кимларнингдир меҳрига, кимларнингдир ғашига теккан. Мадрид жамоасининг энг яхши тўпурари 438 ўйинда 450 гол, 131 та ассистни амалга оширган. Унинг сермаҳсуллиги ўйинлари сонидан кўпроқ. Роналду буюк футболчи, у «Реал»нинг ҳақиқий афсонаси. 2018 йил «Реал»ни шунчаки тарк этгач, кўп мухлислар қироллик клубидан юз угириб, «Ювентус»га мухлислик қила бошлашди. Роналдунинг энг ёрқин дамларини «Реал Мадрид» билан бирга эсланади, «Реал»нинг энг ёрқин дамлари эса фақат Роналду билан эмас.

Бу рўйхатимизда биринчи ўринни ҳеч кимга бермасликка қарор қилдик. «Реал Мадрид» ҳар қачон энг яхши футболчиларни йиға олган. Келажакда ҳам «бланкос»да афсоналар пайдо бўлади.

Бугун жамоадан кетаётган, шартномасини узайтирмаётган, молиявий томондан келиша олмаётган футболчиларни ҳам, «Реал Мадрид»ни ҳам тўғри тушунамиз. Флорентино Перес айтганидек: «Реал Мадрид»да энг яхши ўйинчилар ўйнашади.

«Реал Мадрид» 34 марта Ла Лига чемпионлигига, 19 марта «Копа дел Рей» кубогига, 9 та Испаниянинг суперкубогига, 13 та УЕФА Чемпионлар Лигаси чемпионлигига, 2 та УЕФА кубогига, 2 та УЕФА суперкубоги, 3 та Халқаро Чемпионлар Кубоги ва 3 та Қитъалараро кубокларига эга.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг