Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Юлдузлар даромадни яшириши «мода»ми?

Юлдузлар даромадни яшириши «мода»ми?

Хаби Алонсо

Фото: «Sports.ru»

Испан солиқчилари Месси ва Роналдудан кейин Хаби Алонсога ташланишди.

«Мен барчасини тўғри қилганимга ишонаман», – дейди Хаби Алонсо хотиржам тарзда, гарчи у испан солиқчилари томонидан 2 миллион доллар даромадини яширишда айбланаётган бўлса ҳам.

Айбловда Алонсонинг имиж ҳуқуқи билан ишлаган Португалиянинг «Kardzali» фирмаси 2010 — 2012-йилларда солиқларни тўламагани айтилмоқда. Суриштирув давомида гумон қилинаётган шахсларнинг исм-фамилиялари ҳам ошкор қилинган. Молиявий маслаҳатчи Иван Салдуа ва «Kardzali» менежери Игнаси Казановалар солиқлардан қочиш мақсадида Португалиянинг Мадейра оролида Алонсонинг имиж ҳуқуқи билан шуғулланувчи фирма ташкил этишган. Сабаби мазкур оролда солиқ ушланмаси бор-йўғи 5 фоизни ташкил этади. Солиштириш учун Португалиянинг материк қисмида айнан шу солиқ 21 фоиз, Испанияда 40 фоизни ташкил этади.

Испания прокуратураси суддан футболчини 5 йилга қамаш ёки ундан 6 миллион евро ундиришни сўрамоқда (2 миллион тўланмаган солиқ, 4 миллион жарима). Испания жиноят қонунчилигига кўра мазкур жазо муддати бошқа жазога алмаштирилиши мумкин. Бунинг учун жиноят биринчи марта содир этилган бўлиши ва жазо муддати икки йилдан ошмаслиги лозим.

Енгиллаштирувчи ҳолатдан кимлар фойдаланган?

  • Лионел Месси 21 ойлик қамоқ жазосини шартли равишда 4,1 миллион евро қарз ва 252 минг евро жаримани тўлаш орқали ўтаган. Бугунги кунда Лионел барча қарзларидан қутулган.
  • «Реал» ҳимоячиси Марсело 2013 йилда солиқчилардан 490 минг евро яширишга ҳаракат қилади. Қинғир ишининг миси чиққач эса 550 минг евро тўлашга мажбур бўлади.
  • «Барселона»нинг аргентиналик ҳимоячиси Хавьер Маскерано эса 2016 йилда 1 йиллик шартли қамоқ жазосини ўтади ва 1,5 млн евролик қарзини тўлади.
  • «Барселона»нинг собиқ президенти Сандро Роселни 2017 йилнинг май ойида ҳибсга олишади. Ўшанда у 14 миллион еврони «ювиш»да айбланган эди. Суриштирув иши ҳалигача давом этмоқда.
  • «Реал» ва Португалия юлдузи Криштиану Роналду 2017 йилдан буён 14,5 миллион евро солиқни тўламаганликда айбланмоқда. Суриштирув ишлари ҳалигача давом этмоқда. Футболчининг айби исботланса 5 йилдан 9 йилгача қамоқ жазосини ўташига тўғри келади.
  • 2017 йили «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Жозе Моуриньо 2011 — 2012-йилларда «Реал»даги фаолияти давомида солиқдан қочганликда айбланди. Дарҳол айбини бўйнига олган португалиялик мураббий ортиқча гап-сўзсиз 3,3 миллион евро миқдоридаги солиқ ва жаримани тўлаб қўйди.
  • Бугунги кунда «МЮ» сафида ҳаракат қилаётган ҳужумчи Алексис Санчес Каталония суперклубидаги фаолияти давомида молиявий фирибгарлик қилганликда айбланиб 16 ойлик шартли қамоқ жазоси ва бир миллион тўланмаган солиқ + 416 минг евро миқдоридаги жарима билан жазоланди.
  • Яна бир машҳур футболчи Неймар «Барселона» берган кўтарма пулдан солиқ тўламаганликда айбланди. Иш 2017 йилда Каталония клубининг қироллик ғазнасига 5,5 миллион евро неустойка тўлаши билан ёпилди.

Даҳшатли испан солиқларидан қочиш мақсадида миллионер футболчилар нималарни ўйлаб топишмасин, барибир қопқонга тушишмоқда. Месси имиж ҳуқуқини сотиш учун Белиз, Уругвай, Буюк Британия ва Швейцария каби давлатларда ташкил этилган компаниялардан фойдаланишга ҳаракат қилди. Худди шундай уринишни Ирландия ва Виргин оролларидаги фирмаларда бажармоқчи бўлган Криштиану ҳам қўлга тушди. Футболчилар ҳам, уларнинг вакиллари ҳам бир нарсани ҳисобга олишмаяпти. Испан қонунчилигининг ўзига хослиги шундаки, Испания ҳудудида фаолият юритаётган ҳар қандай компания, қаерда рўйхатдан ўтишидан қатъи назар, қироллик ғазнасига солиқларни тўлаб қўйишга мажбур.

Нега футболчилар даромадини яшира бошлади?

Нега солиқдан қочган футболчилар асосан «Реал» ва «Барселона» аъзолари эканлигига эътибор бердингизми? Унинг сабабини билиш учун сал олдинроққа, 2003 йилга қайтишга тўғри келади. 2003 йилда Флорентино Перес томонидан илгари сурилган солиқ янгилигига кўра катта даромадли футбол юлдузларининг Испанияга оқиб келиши кучайган эди. Илгари йилига 600 минг евродан кўпроқ ишлаб топган футболчи (оддий фуқаро бўлса 120 минг евро)  юқори таъминланган ҳисобланиб, даромадидан 48 фоиз солиқ тўлаган. Перес илгари сурган сиёсатга кўра, янги қонун қабул қилиниб, фоиз миқдори икки баробар камайтирилди. Дэвид Бекхэм ана шу енгилликдан биринчилардан бўлиб фойдалангани учун ҳам қонун унинг номи билан боғланган.

2008 йилдаги жаҳон иқтисодий инқирози Испанияга салбий таъсир кўрсатди. Ҳатто мамлакат ялпи ички маҳсулотининг чорак қисмини кўтарадиган молиявий бақувват Каталония ҳам вақти-вақти билан марказдан ёрдам сўрай бошлади. Ана шундай пайтда ҳукумат қўшимча даромад манбаини қидириб, катта маош олувчи спортчиларга, айниқса «Реал», «Барселона» каби йирик футбол клубларининг ўйинчиларига эътибор қаратди. 2015 йилга келиб «Бекхэм қонуни» бекор қилинди. Ўша вақтдан кейинги солиқ билан боғлиқ қонунбузарликлар асосан даромадни яширишдан иборат бўлмоқда...

Хаби Алонсо панжара ортига равона бўлиши қийин масала. У ҳам жарима билан қутулиши мумкин. Агар фирибгарлик содир этилган вақт анча олдин бўлганини эътиборга олсак, жарима миқдори ҳам 2-2,5 баробар ошиши турган гап.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг