Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Зиданнинг «Реал»га ўтиши: Перес янада кўпроқ беришга тайёр эди...

Зиданнинг «Реал»га ўтиши: Перес янада кўпроқ беришга тайёр эди...

Фото: www.europe1

Сўнгги пайтларда ишлари юришмаётган «Реал» муаммосининг бир учи бош мураббий Зайниддин Зидан билан боғланмоқда. Яқин вақт ичида ўз ўрнини бошқа мутахассисга бўшатиб бериши тахмин қилинаётган франциялик мураббий 2001 йилда Қироллик клуби билан илк шартномасини имзолаган эди...  

Зидан нега «Ювентус»дан кетди? Жавоб оддий: биринчидан, у кетишни жуда хоҳлади. Иккинчидан, Флорентино Перес уни Мадридга олиб келиш учун бор кучини сарфлади...

Туринликларнинг ўша пайтдаги бош директори Лучано Моджининг айтишича, Переснинг ҳаракатлари Зидан Мадридга кўчиб келишидан 11 ой аввал бошланган. УЕФА суперкубоги баҳсидан олдинги анъанавий кечки овқат баъзилар учун ўйиннинг ўзидан кўра муҳимроқ эди. Ўшанда Перес Зайниддин билан биринчи марта учрашди. У эндигина «Реал» президентлигига сайланган ва Фигу хариди билан Европа трансфер бозорини титратиб юборганди. Португалиялик юлдуз Переснинг сайловолди ваъдаларидан бири бўлса, иккинчиси – Зайниддин Зидан эди. Перес Монакога футболчи билан шахсан гаплашиш учун борди. Аммо стол атрофида улардан бошқа яна қирқтача одам ўтирарди.

Нимадир ўйлаб топиш керак бўлганида, Перес қоғоз сочиққа француз тилида «Реал»да ўйнашни хоҳлайсанми?» деган сўзларни ёзиб, ёнидаги шеригига узатар экан, секин овозда «Зиданга» дейди. Сочиқ қўлма-қўл бўлиб Зидангача етиб боради. Номани ўқигач, француз футболчиси соф инглиз тилида жавоб ёзади: «Yes!».

Бироқ муаммо Зиданда эмас эди. Перес унгача ҳам «Ювентус» вакиллари билан учрашиб, рад жавобини олганди. Зиданнинг ўзи рози бўлгач, ишга футбол агенти Ален Миляччо қўшилади.

Туринда Зиданга биринчи рақамли ўйинчи сифатида қаралмас эди. Клуб президенти Жанни Анеллининг ёқимтойи бошқа бир юлдуз Алессандро Дел Пьеро бўлиб, у ҳатто Зиданнинг «Ювентус»да ўйнаб кетишига ҳам унчалик ишонмаган. Ўшанда президент очиқчасига: «Биз Зиданни Жазоир ва Марселда кўпроқ «Фиат» (Жанни Анелли бир вақтнинг ўзида «Фиат» концернининг асосий акциядори ва ижрочи директори эди) сотилиши учун қабул қилдик», — деган эди.

Агар гап Анеллида қолганида ҳам музокара деярли бир йилга чўзилмасди. Зиданнинг ҳам ишқибози бор эди. Бош директор Лучано Моджи француз футбочисини ўз фаолиятидаги энг зўр, футбол тарихидаги ўнта энг зўр трансферлардан бири деб биларди. У франциялик плеймейкерни оғзидан бол томиб мақтаса, Жанни Анелли ўзининг эски ҳамроҳига ишонарди.

Қисқаси, Моджи билан келишиш лозим эди. Мана бу ҳақиқий муаммо. Моджига «Реал»нинг таклифлари ёқмади, Зидан «Ювентус»нинг яқин орадаги режасига киритилмаган эди. Ана шундай ҳолатда айёр Миляччо натижага эришиш учун бошқа йўлни қидирди. Агент Зиданнинг хотини Вероникани ишга солди. Унга Мадриддаги шоҳона ҳаёт, марказдан узоқ бўлмаган тинч район ва болалар учун француз лицейини ваъда қилади. Қуёшли Мадрид асли испаниялик бўлган аёл учун Алп тоғларидан кўра қизиқарлироқ эканлиги шубҳасиз.

Лучано Моджи

Ален Мадрид ва Турин орасида бўзчининг мокисидек қатнади. Турин клуби вакилларининг унга муносабати совуқдан ўта салбийга ўзгарди. Ҳатто агентни клуб базасига ҳам киритмай қўйишди.

2001 йилнинг ёзида Зидан яширинча Лионга учди. У ерда уни Миляччо, Перес ва Валданолар кутишарди. Хира сураткашлар объективига тушмаслик учун ҳамроҳлар Экзюпери номидаги аэропортнинг кичиккина хонасида учрашишди. Зидан пул ҳақида сўз очмади – уни «Реал» қизиқтирарди.

«Ювентус» доим бошқа клубга кетишни хоҳловчи футболчиларни клубда қолишга зўрламайди. Уларнинг шиори: «Кимга «Синьора» керак бўлса, у ҳам «Синьора»га керак». Барибир Зидан хоҳиши ҳал қилувчи ролни ўйнади. Қўшимчасига Миляччо Моджининг адвокати Пако Донофрио билан алоқага чиқди. Обрўли юрист Лучанога таъсир кўрсатди; «Ювентус» бош директори музокарага рози бўлди. Ҳамма гап футболчининг нархида қолди. Перес учун бу муаммо эмас эди...

«Реал» маркетинг хизмати янги бренд-футболчининг кенг қамровли тарғиботини олдиндан ўйлаб қўйишди. Клубнинг беш қитъадаги 100 дан ортиқ дўконида Зидан номи билан боғлиқ 250 та янги лицензион маҳсулотлар пайдо бўлди. Фақатгина 5-рақамли футболкаларнинг ўзи 18-20 миллион евро фойда келтириши кутилаётган эди.

Шунинг учун ҳам Луганодаги ҳал қилувчи учрашувга Перес хотиржам ҳолда етиб борди. Агар муаммо пулда бўлса – демак, муаммо йўқ. «Ювентус» раҳбарлари Зидан учун аввалига 120 миллион сўрашди, «Реал» 60 миллионда тўхтади. «Ювентус» Макелелени сўради, «Реал» Консейсаони таклиф қилди. Якунда 73,5 миллион еврога келишишди. «Interwetten»нинг қайта ҳисоб-китобига кўра, бу сумма ҳозир 315 миллион еврога тенг келади.

4 июлда Турин яқинидаги масканда Перес ва Моджи шартноманинг сўнгги қисмларигача келишиб олишди. Эртасига эрталаб бу ҳақда бутун Европа хабар топди.

Зидан ва Перес

Моджининг хайрлашиш чоғидаги «Аслида биз Зиданни 60 миллионга ҳам сотишга рози эдик», – деган ҳазилнамо гапига Перес ундан-да қизиқарлироқ жавоб айтади: «Мен эса уни 100 миллионга ҳам сотиб олишга тайёр эдим».

Зидан Таитидаги таътилини муддатидан олдин якунлаб, 8 июл куни шахсий самолётда Мадридга келади. Кейинги куни дунёга янги галактикос намойиш этилади.

«Ювентус» 2001 йилда муваффақиятсизликка учради. «Rai Sport» шундай ёзган эди: «Футболчилар тўпни қабул қилиб олади ва нима қилишини билмай Зиданни қидиришади». Ўша мавсум «Реал» Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди, суперкубок ва Қитъалараро кубокни қўлга киритди.

Саккиз йил ўтиб Перес: «Зидан 73 миллионга баҳоланди ва бу фаолиятимдаги энг арзон трансфер бўлди», – деган эди.

Яна саккиз йилдан кейин мураббий Зидан «Реал» билан қаторасига икки йил Чемпионлар лигасида ғалаба қозонди. Финалда унинг жамоаси ўзи учун қадрдон бўлган «Ювентус»ни доғда қолдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг