Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адлия вазирлиги тарихидаги муҳим воқеа

Адлия вазирлиги тарихидаги муҳим воқеа

Фото: «Huquqiy axborot»

2018 йилнинг 13 апрель куни давлатимиз раҳбарининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатлар 2017 — 2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилгандир.

Адлия органлари ҳужжатларда назарда тутилган вазифалар ижросини таъминлашда, тизимдаги камчиликларни бартараф этишда «Одилона қонунларни қабул қилиш, жамиятда қонунга ҳурмат руҳини қарор топтириш – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир» деган концептуал ғояни ҳаётга татбиқ этиш орқали ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширади.

Муҳим воқеа дея эътироф этилаётган ҳужжатлар қатор янгиликларни қамраб олган.

Эндиликда «республика – вилоят – туман (шаҳар)» уч поғонали принципи бўйича вертикал бошқарувни жорий этган ҳолда туман (шаҳар)ларда адлия бўлимлари ташкил этилади. Бу билан бевосита жойлардаги ҳуқуқий муаммолар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари уларнинг ҳақиқий эҳтиёжлари билан боғлиқ ҳолда таъминланишини чуқур ўрганиш, жамиятдаги аниқ ҳуқуқий ҳолатдан келиб чиқиб ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш имконияти яратилди.

Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида бир қатор янги бошқармалар ташкил этилди. 

Жорий йилдан бошлаб, Адлия вазири давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти тўғрисида ҳар йили Олий Мажлис Сенатига ахборот тақдим этади.

2018 йил 1 майдан бошлаб эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасига, Ўзбекистон Президенти девонига фақат Адлия вазирлигининг ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича уларни қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги хулосаси мавжуд бўлгандагина киритилади.

Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, фаолиятини методик таъминлаш, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимини юритиш, ФҲДЁнинг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича вазифалар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги зиммасига юклатилган ҳолда, ФҲДЁ органлари туман(шаҳар)лар ҳокимияти тасарруфига ўтказилади.

2019 йил 1 январдан эса мамлакатимиз ҳудудида 1993 йил 17 июнгача қабул қилинган ва Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтмаган умуммажбурий идоравий ҳужжатлар, шу жумладан собиқ СССРнинг идоравий ҳужжатлари ўз кучини йўқотади.

Адлия вазирлиги халқаро арбитражлар ва суд ишлари масалалари бўйича Ўзбекистоннинг манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ваколатли давлат бошқаруви органи этиб белгиланди.

Адлия вазирлиги ҳузурида Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ташкил этилмоқда. Институт қонунчиликни ва унинг тармоқларини ривожлантириш соҳасида илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш, ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни ривожлантириш йўналишларини аниқлаш, етакчи хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширишга қаратилган вазифаларни бажаради.

Яна бир янгилик шуки, жойларда юридик коллежларга қабул қилиш ҳар бир ҳудуднинг «юриспруденция» йўналиши бўйича ўрта махсус маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган квоталар бўйича танлов асосида амалга оширилади.

2020/2021-ўқув йилидан бошлаб юридик коллежлар битирувчилари ТДЮУга ҳудудий адлия органларининг йўлланмаси бўйича тест синовларисиз якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали кириш ҳуқуқига эга бўладилар.

2018/2019-ўқув йилидан эса ТДЮУ магистратурасига шартнома асосида талабаларни қабул қилиш квотаси 150 тагача оширилади. Мазкур ўқув йилидан бошлаб ТДЮУнинг магистратурасига қабул тест синовларисиз ўқитиш муддати бир йил бўлган ҳолда амалга оширилади.

Муҳим ўзгаришлардан яна бири шуки, Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ маркази негизида ТДЮУ ҳузурида Халқаро стандартлар бўйича юридик кадрларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази тузилади. Олий маълумотга эга мутахассисларни юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш марказ фаолиятининг асосий йўналишидир. Шу билан бирга, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида ҳуқуқий фанлардан дарс берувчи педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари ташкил этилади. Мазкур курсларни тугатган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахслар давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг юридик хизматларида ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг, шунингдек, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмуни ва аҳамиятини аҳолига етказишга қаратилган материаллар тайёрлаш ва эфирга узатиш мақсадида «Madaniyat va ma’rifat» телерадиоканали ДУК таркибида «Huquqiy axborot» телестудияси ташкил этилади.

Бир сўз билан айтганда, ҳар иккала ҳужжатда белгиланган стратегик йўналишлар адлия органлари ва муассасаларининг истиқболдаги фаолияти учун пойдевордир.

Адлия вазирлиги ахборот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг