Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ ўз ерини сотармиди? (2-мақола)

АҚШ ўз ерини сотармиди? (2-мақола)

Фото: «rueconomics.ru»

Гренландия музликларининг эриши Арктика минтақасининг стратегик ролини оширмоқда. Янги савдо йўллари очилмоқда, дунёдаги энг йирик оролнинг табиий ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари пайдо бўлаяпти. Бу эса Даниянинг мулки ҳисобланиб келган Гренландияга кўз олайтирувчи кучларни фаоллашувига олиб келди. Улар орасида Қўшма Штатларнинг интилиши ўта жиддийга ўхшайди.


Мақоланинг бошланиши: АҚШ ўз ерини сотармиди? (1-мақола)


Хитой суқулиб кирмоқда

Вашингтон оролда ҳарбий нуқтаи назардан Россия билан рақобатлашса, иқтисодий жиҳатдан эса Хитойнинг бу ердаги йирик лойиҳаларга қўл ураётганидан қаттиқ хавотирга тушиб қолган.

Хитой 2018 йилдан «бир белбоғ, бир йўл» дастурлари доирасида Қутб Ипак йўли лойиҳасини амалга оширишни бошлади. Шанхайдан Арктика денгизи орқали Нью-Йоркка қадар етиб олиш Панама каналидан боришга қараганда 3,7 минг километр қисқароқдир. 

Хитой Арктика савдо йўлини яратиш учун ўтган йили Гренландияда иккита аэропорт қуриш режасини амалга оширишга уруниб кўрган эди. Аммо Дания АҚШ ва НАТО босими остида ўз автономиясини бу мўмай шартномаларни имзоламасликка кўндира олди.

Пекин Африкадаги йирик конларни бамайлихотир сотиб олиб, мўмай даромад топмоқда. Хитойликларнинг маблағлари Гренландияга ҳам етиб келди. Инфратузилма лойиҳалари чиппакка чиққан бир шароитда, 2010 йилдан кончилик саноатида ишларни бошлаб юборишди. 

Хитой сармоядорлари оролга ҳозир катта маблағ тикмоқда. Унинг «Greenland Minerals» корхонаси орол жанубидаги Кванефьельдда конларни ўзлаштирмоқда. Британиянинг «Cairn Energy» компанияси эса 2010 йилдан бошлаб, 4358 метр чуқурликдан «қора олтин»ни қазиб олмоқда.

Гренландияда 90 миллиард баррель нефть, 1,67 триллион куб метр газ захиралари бор. Биргина Кванефьелд конида 228 минг тонна уран мавжудлиги аниқланган. Орол замини қаърида 38,5 миллион тонна нодир металлар сақланмоқда. «Financial Times» нашри Гренландиянинг минерал ва мудофаа активларини 1,1 триллион доллар, деб баҳоламоқда.

Гренландия. Фото: «oko-planet.su»

Музлар эриб боргани сари, оролнинг қишлоқ хўжалик салоҳияти ҳам орта бошлади. Оролнинг энг жанубидаги 40 гектар ерга май ойида картошка ва карам экилиб, октябрь ойида ҳосил кўтарилмоқда. Ловия, нўхот, кўкатлар ва қулупнай олишни уддалашди. Бу ишга хитойлик миришкорлар ҳам қизиқиш билдирмоқда.

АҚШ шу кунларда Хитой билан савдо урушини олиб бораяпти. Ваҳоланки, Қўшма Штатлар асосий нодир металлларни Хитойдан импорт қилади. «Осмон ости ўлкаси» ўзига қарши Вашингтон қўлаётган қўшимча божхона тарифларига нисбатан қимматбаҳо нодир металлар етказиб беришга чеклов қўйиш билан жавоб бераяпти.

АҚШ истаса-истамаса, янги хом-ашё манбааларини топишга мажбур. Бу шубҳасиз қўшни Гренландиядир. Тўғри, ҳозирча уранни қазиб олиш муаммоли. Чунки Дания Атом энергияси бўйича халқаро агентлик билан уранни ҳарбий мақсадларга тарқатмаслик бўйича келишувларни имзолаган ва мажбуриятини бекор қила олмайди.

АҚШ нафақат бу ерга Хитойнинг кириб келишига қарши турмоқчи, балки ўзи уларга эгалик қилиш ниятида.

АҚШ бу билан чекланиб қолмасдан Гренландияга туташ Исландия оролига ҳам инвестиция киритиш, янги ишчи ўринларини яратишни ваъда қилиб, НАТОнинг бу ердаги эски базаларини тиклашга розилик сўрамоқда.

Шу йил февраль ойида Давлат котиби Майк Помпеонинг Исландияга ташрифи чоғида иқтисодий қийин аҳволда қолиб кетаётган халққа Россия ва Хитойнинг минтақада ўсиб бораётган ролига қарши туриш учун АҚШ ресурсларидан фойдаланишни таклиф этди.

Тинчликсевар исландларнинг ўз қуролли кучлари йўқ. Аввалроқ АҚШ Исландиядаги ягона халқаро аэропорт инфратузилмасини кенгайтириш мақсади учун 90 миллион доллар ажратган эди. Бу ерда «совуқ уруш» йилларидан токи 2006 йилгача 5 минг АҚШ ҳарбийлари хизмат қилган эди. Аммо аҳоли 1949 йилда НАТОга аъзо бўлган бўлса-да, энди альянсда фаол иштирокка тўлиқ қарши бўлаяпти. Улар АҚШ билан чекланиб қолмасдан, Россия билан, айниқса Хитой билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ниятида. Шу тариқа Вашингтон энди Москва ва Пекин билан рақобат қилиши учун кучли саъй-ҳаракатни амалга оширишига тўғри келади.

Трамп жаноблари Томас Жефферсонга ўхшамоқчи

Қолаверса, Гренландияни сотиб олишдан Трамп ўз шахсий сиёсий мақсадларига ҳам эга. Аввало яқинлашиб келаётган президентлик сайловларида у жуда катта дивидентлар билан кириб боради. Иккинчидан, эса Эндрю Жонсон ва Томас Жефферсон каби Аляска ва Луизианани сотиб олган таниқли давлат арбоблари сифатида тарих саҳифаларига кириш ниятида.

Кулган кулиб турсинку, аммо унинг тарафини оладиганлар мамлакатда йўқ эмас. Масалан, арканзаслик республикачи сенатор Том Коттон «The New York Times»га президент бу борада ҳақ эканини, орол АҚШга тегишли бўлиши кераклигини айтиб ўтди.

«Унинг муҳим жўғрофий нуқтада жойлашгани биз учун Арктикага дарвоза вазифасини ўташи мумкин», дейди Сенат аъзоси. 

Вакиллар палатаси аъзоси Питер Кинг ҳам янги ерларни қўшиб олиб бобида ўз президентини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ниятида.

Янги ташаббус жамоатчиликка ҳам ёқиб тушган кўринади. АҚШда мамлакат харитасида Гренландия ороли сурати қўшиб туширилган футболкалар оммавий сотила бошлади.

Аммо бу ҳаракат АҚШнинг «қўҳна қитъа»даги иттифоқчилари билан ораси совуқлашишига олиб келиши мумкин. Европа Иттифоқи расмийлари Дания бош вазири позициясини тўлиқ қабул қилиши ва маъқуллашини расмий эълон қилди.

Москва эса можароли вазиятни диққат билан кузатмоқда ва бирор бир тарзда аралашиш нияти йўқ. Чунки бу унинг манфаатларига хизмат қилиши муқаррар.

«АҚШнинг Гренландияга эгаликка урунишини Россия ўзи учун даҳли йўқ, деб ҳисоблайди. Биз бундай халқаро шопинг билан шуғулланмаймиз», дея баёнот берди Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков.

«Ғарбнинг Гренландия ва Қримнинг ўз тақдири ўзи белгилаш каби масалада икки хил андозасидан ҳайратда тушмоқдамиз, - дейди РФ ташқи сиёсат маҳкамаси расмий вакили Мария Захарова. – Дания қироллик оиласи орол тақдирини унинг аҳолиси ҳал қилиши керак, деб айтди. Унда нима учун беш йил муқаддам биз Қримда бундай фикрни эшитмадик. Лекин нима бўлганда ҳам АҚШ Даниядан оролни сотишни сўраши мумкин, албатта».

Зўрники тегирмон юритиши мумкин...

Хўш, агар назарий мушоҳада қилиб кўрсак, дейлик оролнинг нархи қанча? Ҳозир Дания ҳар йили еб кетарга бераётган 640 миллион долларни тўлаб боришдан ташқари, Вашингтон яна қанча таклиф этишга қодир.

Ҳозирча Трамп маъмурияти маблағ ҳақида ҳеч қандай сўз очгани йўқ. Россиялик профессор Константин Ордовнинг тахминий ҳисоб-китобига кўра «Гренландия нархи 10 триллион долларга етиши мумкин. Бу АҚШ ялпи ички маҳсулотнинг ярмига тенг ва иқтисодий самарадорлиги жуда шубҳалидир».

Лекин АҚШ Конгресси Трампга Мексика билан чегара деворини тортиш учун қандайдир миллиардларни ажратмаётган бир пайтда бунча катта миқдор ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Аммо бошқа йўли борга ўхшайди. 2021 йилда Гренландия тўлиқ суверенитетни қўлга киритиш бўйича Дания билан музокараларни бошлайди. Оқ уй айнан шу фурсатдан фойдаланиб қолиш ниятида. Орол ажралиб чиққанида ўз аравасини ўзи тортиб кетиши қийин бўлади.

Бундай ҳолатда Вашингтон оролдаги айирмачиларни зимдан қўллаб-қувватлаши, АҚШга қўшилиш учун референдум ўтказишнинг афзалликлари ҳақида ахборот-тарғибот кампаниясини кучли тарзда олиб бориши мумкин.

Ишга аллақачон киришилган. АҚШ бу ерда ўз дипломатик ваколатхона очиш режаси ҳақида конгрессга ёзма маълумот киритган. У келгуси йили орол пойтахти Нууке шаҳрида фаолият бошлайди. Гренландиянинг Вашингтонда ўз дипломатик ваколатхонасини очиши ҳам эътиборга молик факт.

Гренландиянинг «Налерак» партиясидан парламент депутати Пеле Броберг эса АҚШнинг таклифи фойдали эканини, оролни ҳимоя қилишни ҳуқуқий жиҳатдан АҚШга тақдим этиш кераклигини, бундан Данияга ҳам яхши фойда кўришини айтмоқда.

Қолаверса, оролни ҳозир шундоқ ҳам Дания эмас, АҚШ ҳимоя қилаётганини таъкидлади. «АҚШ иқтисодиётимизга ҳар йили 4 миллиард крон (600 миллион доллар) киритишга тайёр. Ҳозир аҳолимизга илк бора танлов тақдим этилмоқда. Бизда Дания дотациясига аниқ муқобил пайдо бўлди. Дания биз учун АҚШдан яхшироқ деб айта олмайман», дейди нойиб фойда ва зарарни хомчўт қилиб.

Ушбу партия учун 13,4 фоиз аҳоли овоз берган бўлиб, парламентда 4 ўринда бормоқда ва 31 депутатга эга.

Гренландиянинг айрим етакчилари ҳам оролдан глобал манфаатларда фойдаланишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. «Инвестицияларни рағбатлантириш ва АҚШ ҳарбийларининг фаолиятидан олинадиган фойда иқтисодий ўсишимизда локомотив бўлиб хизмат қилиши мумкин», дейди эксперт Якоб Гронхольт-Педерсон.

«Қачонки, сизлар сармояларни кўпайтирсангиз кон саноати, сайёҳлик ва инфратузилмаларда мўъжиза рўй бериши мумкин», дейди «Royal Arctic Line» ижрочи директори Вернер Хаммекен.

Ҳақиқатда орол иқтисодий-ижтимоий муаммолар комида қолган. Ишсизлик даражаси 10 фоизга етди. Ёшларнинг ярми бекорчи. Кўп ёшлар ўз истиқболини Данияда кўрмоқда. Экспорт тушумларининг 94 фоизини берадиган балиқчилик ва овчилик соҳаси йил сайин оғирлашмоқда. Кон саноати ялпи ички маҳсулотнинг атиги 7 фоизи бераяпти. Сайёҳлик ҳам катта салоҳиятга эгаку, бироқ мавсум (май-июль ойлари) қисқалиги сабабли кўп туристларни жалб эта олмаяпти.

Оролда инфратузилмалар қурилиши ниҳоятда муҳим. Чунки бу ердаги 17 та шаҳарнинг фақат иккитаси – Ивиттуут ва Кангилиннгуит бир-бирига автомобил йўли орқали боғланган, қолганлари эса узилиб қолган. Автомобил йўллари узунлиги атиги 150 км, темир йўллар умуман йўқ. Итлар тортадиган чаналар ва ички ҳаво транспорти ҳанузгача асосий ташувчи восита бўлиб қолмоқда.

Оролда ўз жонига қасд қилиш ҳар 100 минг фуқарога 82,8 нафарни ташкил қилади ва АҚШдаги кўрсаткичдан 24 баробар юқори. Ўртача умр кўриш ҳам анча паст – эркакларда 68 ёшни, хотин-қизларда 73 ёшни ташкил қилмоқда.

АҚШ агар охирги чора сифатида оролни ҳарбий куч ишлатиш йўли билан эгаллаб олса, халқаро ҳамжамиятни норози қилгани етмаганидек, унда бошқа қудратли рақиблари – Россия, Хитой ва Франция каби давлатларни ўзлари кўз тиккан маконларни эгаллаб олиши учун яхшигина баҳона яратиб берган бўлар эди.

Океан сатҳи 7 метрга кўтарилиши мумкин

Лекин асосий муаммо оролнинг кимга ўтиши ёки ким унга эгалик қилишида ҳам эмас. Глобал исиш оқибатида музликлар эриши ва дунё ўткир атроф муҳит муаммосига дучор бўлаётганида.

Шимолдан жанубга томон 2670 км, ғарбдан шарққа томон 1050 км.га чўзилган Гренландиянинг 85 фоиз ҳудудини уч километр қалинликдаги абадий музликлар қоплаган. Аммо бундан кейин 10 минг йилликлар давомида шаклланган «боқийлик» муваққатликка ўзгариши мумкин.

Шу йил июлда иссиқ циклон натижасида Европадаги ноодатий ҳарорат, Сибирда 15 миллион гектар ўрмон аланга ичида қолиши ва Аляскада кўплаб ўрмонлар ёниб кул бўлиши Гренландиядаги ҳароратни +30 даражагача кўтариб юборди. Бу ерда одатдаги ҳарорат +15 даражадан ошмас эди.

Оқибатда музликлар устки қисми июль ойига келиб, кунига 12,5 миллиард тоннагача эриди. Йил бошидан буён эса бу кўрсаткич 300 миллиард тоннадан ошиб кетди. Бундай тез эришни олимлар 1950 йилдан буён илк бора қайд этишмоқда.

Иқлимшунос Мартин Стенделнинг тасдиқлашича, Гренландия бутун музликларининг устки қисми 1 миллиметр чуқурликкача эриб бўлди.

Ўтган аср давомида жаҳон океани сатҳи 17 сантиметрга кўтарилган бўлса, асримизнинг биринчи 20 йилида 7 сантиметрга етди. Агар оролдаги муз қалқони тўлиқ эриб битса, дунё океани сув сатҳи 7 метргача кўтарилади. Унда Америка, Европа, Африка, Осиё қитъаларининг қирғоқ бўйларида жойлашган кўплаб шаҳарлар ва қишлоқлар, океандаги ороллар батамом сув остида қолиб, 10 миллионлаб инсонлар қурбон бўлиши, 100 миллионлаб инсонлар яшаб турган ҳудудидан кўчишга мажбур бўлиши мумкин.

Шундай мураккаб вазиятда Арктика кенгашининг 8 та аъзо-мамлакати (АҚШ, Канада, Россия, Исландия, Дания (Гренландия), Норвегия, Швеция ва Финляндия) вакиллари шу йил май ойида Рованиемида учрашиб, тайинли бирор қарорга келмаганликлари ачинарли.

Кенгаш ташкил этилган 1996 йилдан буён одатда саммитлар ҳамкорлик руҳида ва яхши қарорлар қабул қилиш билан кечар эди. Илк бора қўшма декларация тайёрланмади.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео глобал исишнинг зарари ҳақида баёнот беришдан воз кечди. Бу эса Вашингтон ўз манфаатлари йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслигини яна бир бор кўрсатмоқда. Аммо оролнинг янги қуролланиш ҳудудига айланишидан инсонияга ҳеч қандай наф бермайди.

А.Ҳасан ўғли
халқаро шарҳловчи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг