Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

МДҲда авиақатновлар: қайси давлатда учиш хавфсиз?

МДҲда авиақатновлар: қайси давлатда учиш хавфсиз?

Фото: «Infreactor.org»

МДҲда авиапарвозлар хавфсизлик даражаси «барқарор манфий динамика»ни намойиш этмоқда —  Давлатлараро авиация қўмитаси(ДАҚ)нинг янги маърузасида шундай дейилади.

«Newsru.com» ёзишича, маърузага кўра, барча турдаги авиация ишларида парвозлар хавфсизлиги мутлақ кўрсаткичи 2016 йилдагига қараганда яхшироқ, бироқ фуқаро авиацияси йўналишида хавфсизлик борасида 2013 йилдан бери энг ёмон натижа айнан 2017 йилда қайд этилган.

Маъруза муаллифлари МДҲнинг 12 мамлакатидаги вазиятни ўрганишди. Маълумотларга кўра, МДҲ давлатларида 2017 йили рўй берган 58 та авиаҳодисанинг 32 таси ҳалокатли, 2016 йили юз берган 63 та авиаҳодисанинг 28 таси ҳалокатли бўлган.

Ҳалокатлар сони ошган, дейилади ДАҚ маълумотларида. 2016 йили авиаҳалокатдан 74 инсон нобуд бўлган, 2017 йилда эса самолётлардаги 72 киши ва ердаги икки киши авиаҳодиса қурбонига айланган.

Ўрганишлар 80 фоиз ҳолатда МДҲдаги авиаҳодисаларга «инсон омили» сабаб бўлганини кўрсатди.

Энг кўп авиаҳодиса (39 та, шундан 20 таси ҳалокатли) Россияда кузатилди. Ҳалок бўлганлар сони — 51 киши. Украинада 8 авиаҳодиса етти кишининг умрига зомин бўлган, Қозоғистонда 7 авиаҳодиса ўн бир кишининг ўлимига олиб келган. Шунингдек, Молдовада 4 киши, Беларусда 1 киши аваҳодиса қурбонига айланган. Арманистон ва Ўзбекистондаги авиаҳодисалар ҳалокатсиз якунланган.

Тижорий авиацияда 29 та ҳодиса содир бўлиб, 14 таси ҳалокат билан якунланди, 38 киши ҳаётдан кўз юмди (бундан ташқари, ерда ҳам икки киши ўлган). Умумий фойдаланишдаги ҳаво йўлларида 29 та ҳодисанинг 18 таси ҳалокатли бўлиб, 34 киши ҳалок бўлган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг