Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ироқда «қонли куз». Охири қандай тугаркин?!

Ироқда «қонли куз». Охири қандай тугаркин?!

Фото: «Getty Image»

Ўша пайтдаги бош вазир Ҳайдар ал-Ободий 2017 йил охирларидаёқ «Коррупцияга қарши кураш терроризмга қарши курашдан хавфлироқ бўлади», дея огоҳлантирганди. Бугун, юздан зиёд инсоннинг бошига етган намойишлар Ободий қанчалар ҳақ бўлганини исботламоқда, деб ёзади Юрий Божич «Фокус»да чиққан мақоласида.

Ҳукуматнинг амалдаги раҳбари — Ироқ бош вазири Одил Абдул-Маҳдий, намойишчилар ҳақли талабни қўйганига иқрор бўлди, бироқ «бармоқларни битта қисирлатган билан» муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмаслигини ҳам қистириб ўтди. Аммо асосийси бу эмас: на намойишчилар ўртасидаги қурбонлар, на Абдул-Маҳдий ҳукуматининг коррупция, қашшоқлик ва ишсизликка қарши курашиш бўйича, кеч бўлса-да, қимирлаб қолгани кўчалардаги намойишларни ҳануз тўхтата олгани йўқ.

Сўнгги қон

Интернетга кириб, «Ироқ» сўзини ёзсангиз бас, сўнгги кунларда Яқин Шарқ мамлакатида юз берган мудҳиш воқеалар бутун тафсилотлари билан ёпирилиб чиқади. Бугунги «Ироқ»нинг синоними — хунрезлик.

Бу мамлакатга ислоҳотлар, янги ҳаёт ваъда қилган Абдул-Маҳдий ҳукумати фаолият бошлаганидан сўнг бир йил ўтиб кузатилаётган манзара.

Юзага келган вазият Саддам Ҳусайн ҳукумати азоб-уқубатлар-ла билан йўқликка равона этилган 2003 йилдан бери мамлакат нималарга эришди деган саволни кўндаланг қўяди.

АҚШ президенти Кичик Жорж Буш Ироққа салмоқли баҳонаи сабаблар билан бостириб кирганди (Колин Пауэлл БМТ Хавфсизлик кенгаши минбаридан туриб дунёга намойиш этган сибир язваси бациллалари жойланган ампулалар, қолаверса, Ироқ диктаторининг Ал-Қоида билан алоқалари).

2001 йил 11 сентябрь воқеалари фонида ушбу қарор Американинг аксарият халқига ҳам адолатли туюлганди. Вашингтон ҳатто Буюк Британия, Австралия, Польша ва Ироқ Курдистони ҳарбий жамланмаларидан иборат коалиция тузишга ҳам муваффақ бўлганди.

Кам сонли суннийларга асосланган, шиалар ва курдларни қувғин-у қирғинга дучор қилган Саддам Ҳусайн тузуми у туғилган шаҳар — Мўсул таслим бўлиши билан ағдарилди. Жорж Буш (кичик) 2003 йилнинг 1 май куни «Abraham Lincoln» авианосецида туриб «Золим қулади, Ироқ — озод!», дея жаҳонга жар солганди. Шу билан Ироқда янги давр бошланди: хаос, қабилалараро урушлар, кейин эса ИШИДга қарши кураш.

Уруш уқубатлари

Ироқ уруши бир қанча жараёнларни тетапоя қилган. Аввало шиаларнинг ҳарбийлашган гуруҳлари ўсишини олайлик. ИШИД билан кичик ва катта курашлар босқичида уларнинг мақсадлари Ироқ ҳукуматиники билан муштарак эди. Бироқ, барибир, уларнинг «охури»ни Теҳрон тўлдириб келган (бу ҳали улар Ироққа коалиция кучлари киришига қарши курашаётган пайтларда бошланган) ва кўпчилиги кейин ҳам Эронга содиқлигича қолди.

Уруш коррупция гуллаб-яшнашига йўл очди. Нефть қувурлари қурол-яроғ савдо карвонлари оқимлари билан туташиб кетган, амал курсилари уруғ-аймоқлар ўртасида хомталаш қилинадиган мамлакат учун бу шунчаки табиий ҳол. Оқибати шу бўлдики, жамият табақалари ўртасида ўтиб бўлмас жарликлар юзага келди.

ИШИДга қарши мардонавор курашган генерал Абдул-Ваҳҳоб ал-Саъдийни оддий ироқликлар жондан ортиқ кўришарди. Ушбу жаҳаннам балоси устидан зафар қучганидан сўнг (бу воқеа ҳақида Ироқ ҳукумати 2017 йили баёнот берганди), генерал бор диққатини армиядаги коррупцияни тугатишга қаратади. ИШИДдек балои азмни енгган генерал коррупция қаршисида ожиз қолди — истеъфога чиқариб юборишди...

Саддам Ҳусайн даврида халқаро сиёсат субъекти саналмиш Ироқдек мамлакат урушдан сўнг шунчаки улкан нефть кони — объектга айланиб қолди. Бағдод бир пайтнинг ўзида кўплаб манфаатлар тўқнашган нуқта эди. Минтақада гегемонликка даъво қилувчи абадий рақиблар — шиалар Эрони, суннийлар Саудия Арабистони, буёқда АҚШ, Хитой, Россия.

2011 йилнинг ноябрида Американинг «Foreign Policy» журнали тўқмоқдек сарлавҳа билан мақола чоп этди: «Exxon» Курдистонга қанча кўп тикмоқда? Жавоб: ЖУДА КЎП». Бироқ Вашингтоннинг Ироқдаги манфаатлари олдида ҳатто «ExxonMobil»дек йирик нефть компанияси ҳам ҳеч нарса бўлмай қоларди. Саккиз йил олдин ҳам, ҳозир ҳам. Москва ва Пекин ҳақида гапирмасак ҳам бўлади.

Уруш шиалар ва суннийлар, Бағдод ва Эрбил (Ироқ Курдистони пойтахти) ўртасидаги зиддиятни кучайтирмаган тақдирда ҳам, унга шакл-шамойил берди. Худди тўртбурчак ғилдиракка ўхшаш — кўриниши ўзига хос, аммо жойидан қўзғалмайдиган. Саддам Ҳусайн тузуми ағдарилганидан сўнг қабул қилинган янги конституция курд мухториятини кенгайтириб юборди — шунчаликки, Ироқнинг тузилмаси федератив эмас, балки кўпроқ конфедерацияга ўхшаб қолди.

Курдлар Асосий қонун қабул қилинишидан бир неча ой олдин мустақилликка бағишлаб ўтказган норасмий референдум (қатнашганларнинг 98,8 фоиз мустақилликка овоз берган) кейинчалик қанчалик таъсир кучига эга бўлган, ҳозир бир нарса дейиш қийин. Нима бўлган тақдирда ҳам, ярим мустақил Эрбил Бағдоддан «узоқлашиш»да давом этди ва 2017 йилнинг сентябрь ойида яна бир марта референдум ўтказди. Натижа юқоридагига ўхшаш: 92 фоиз курдлар ҳудуднинг мустақиллиги учун овоз беришди. Бунга жавобан Ироқ куч ишлатар тизимлари курдлар билан баҳсли, нефтга бой ҳудудлар устидан назоратни қайта қўлга олишди, жаҳон ҳамжамияти позицияси эса курд мухторияти етакчиларини плебисцит (умумхалқ овози, референдум) якунларини музлатиб қўйишга тайёр эканликларини тан олишга ундади.

Шу билан муаммога ечим топилдими? Қайтанга Ироқдаги элиталараро сиёсий «олди-сотдилар» янада жонланиб кетди. Бир қарашда Ироқдаги ҳукумат оқилона тақсимлангандек эди: Ироқ бош вазири — шиалардан, президент — курд, Миллий ассамблея спикери — сунний. Бироқ ана бошни айлантиргудек «идеал» бошқарув схемаси айнан бугунги инқирознинг, норози одамларни исёнга чорлаган бош сабаблардан бири сифатида кўрсатилмоқда.

Лондоннинг «Chatham House» таҳлил маркази тадқиқотчиси Ренад Мансур Би-би-сидаги мақоласида исёнчилар «ҳукуматдаги тайинловлар хизматларга қараб эмас, балки сектантлик ёки этник квоталар (бу тизим мухасса номи билан танилган) қараб амалга оширилаётганидан норози деб ёзади. Норози ироқликлар мухасса тизими шиалар, курдлар, суннийлар ва ҳоказо оқимларнинг етакчиларига давлат бойликларини суиистеъмол қилиш, ўзлари ва яқинлари бойиб, мамлакатни тўнашларига имконият яратиб бераётганидан ва буёқда азобини оддий халқ тортаётганидан ғазабда.

Хазина ўғрилари vs ёшлар

Муросасоз Одил Абдул-Маҳдийнинг ўтган йил октябрида бош вазир бўлиши аввалига кўплаб оддий ироқликларнинг қалбида умид учқунларини ёққан эди. Ироқни ўзгаришлар йўлига қўйиш учун унда барча сифатлар етарлидек туюлганди. Яхши таълим олган: Бағдод университетида иқтисодиёт бўйича таҳсил олган, кейин ўқишни Францияда давом эттирган. Ҳар хил таҳлил марказларида ишлаб пишиган. Молия вазири (2004—2006) ва Нефть саноати вазири (2014—2016) бўлган.

Одил Абдул-Маҳдий. Фото: «Bloomberg»

Унинг ҳукуматини технократлар ҳукумати дейишарди. Ўтган йили ҳукумат тепасига келиши билан коррупция муаммосини ҳал қилиш, элита ва оддий халқ ўртасидаги тафовутни йўқ қилишга ваъдалар берганди. Бироқ, орадан бир йил ўтиб, ойдинлашдики, Абдул-Маҳдий мамлакатда юзага келган  status quo ни ўзгартиришга қодир эмас, афтидан, истамаяпти ҳам. Коррупцияга қарши курашгандан кўра, амалида қолиш осонроқ, Ироқ элитасининг етакчилари келишиб юраверса бас. Алал-оқибат уни ҳукумат тепасига чиқариб қўйганлар ҳам ана шу етакчилар.

Ироқ учун ижтимоий инқироз шундан иборатки, 2015 йил учун «Жаҳон энергетикаси статистик шарҳи»да нефть захиралари бўйича Венесуэла, Саудия Арабистони, Канада ва Эрондан сўнг бешинчи ўринда кўрсатилган Ироқ «қора олтин» сотишдан ҳар ой 6 миллиард доллардан зиёд даромад қила туриб, янги йўллар, мактаблар, касалхоналар қуришда бир қадам ҳам олдинга силжий олгани йўқ.

Ироқнинг оддий аҳолиси ҳамма бало ҳукуматдаги коррупцияда демоқда. Бу шунчаки ғазаб устида айтилаётган гаплар эмас: нуфузли «Transparency International» ташкилоти ҳам Ироқни дунёдаги энг коррупциялашган давлатлар рўйхатига киритган.

Элита ўзига ишламоқда. Унинг оддий халқ билан иши йўқ. Мамлакатда электр энергияси таъминоти бир текисда эмас, айрим шаҳарларида ҳатто ичимлик суви йўқ, масалан, энг йирик шаҳарлардан саналган Басрадаги сув ичишга яроқсиз. Ҳар ёзда муаммо яққол юз кўрсатарди, ҳайтовур бу йилги серёмғир ёз қайсидир маънода одамларнинг «чанқоғини» босди, электр энергияси ишлаб чиқариш эса урушдан кейинги максимумга кўтарилди.

Шунга қарамасдан, кузга келиб Абдул-Маҳдий ҳукуматини шошириб қўйган намойишлар бошланиб кетди. Чунки коррупциядан сўнг иккинчи ўринда турувчи муаммо — ишсизлик мавсум танламайди-да. Ҳукумат ҳам, Абдул-Маҳдий ҳам, унгача бўлганлар ҳам — ҳали ҳеч бири бу муаммони ақалли ечишга ҳам киришмаган.

Халқаро меҳнат ташкилоти статистикасига кўра, бугунги кунда Ироқда ишсизлик даражаси 8 фоизни ташкил этади. Ёшлар ўртасида бу кўрсаткич — 17 фоиз (айрим манбалар аслида ёшларнинг ҳар тўртинчиси ишсизлигидан сўзлайди). Ироқ аҳолиси 40 миллион киши, ҳар йили аҳоли сони бир миллиондан зиёдроққа кўпаймоқда, аҳолисининг 70 фоизидан кўпроғи ёшлар. Ироқдаги намойишларда қатнашганлар ҳам асосан ёшлар — бекорчилик, ишсизлик уларни намойишга ҳайдаган.

Бағдодлик ушбу «йўқолган авлод» вакиллари «The Washington Post» журналистларига «келажаксиз ўсишгани» ҳақида гапириб беришган. Уларнинг болалигини АҚШ Ироққа бошлаган уруш «ўғирлаган» бўлса, катта бўлганларида «орқасида тоғлари борларнинггина толеи куладиган меҳнат бозори» уларни янчиб ташлаган.

Эроннинг «қўли»

Намойишчиларнинг қони тўкилишида энг кўп гумон Теҳронга юзланган Ироқдаги ҳарбий гуруҳларга тушмоқда. «Эронпараст кўнгиллилар Бағдод секторини эгаллаб олишган, унинг хавфсизлиги учун масъулият ҳам уларнинг бўйнида», — дейди «The Independent»нинг кимлигини ошкор қилмаган манбаси. Манбага кўра, жанговар патронлардан фойдаланганлар ҳам, намойишчиларнинг бош ва юракларини мўлжалга олганлар ҳам ана шулар. Ана шу гуруҳлардан бири — 2014 йили ИШИДнинг Бағдодга юришини тўхтатиш учун тузилган 85 минг кишилик қудратли «Хашд аш-Шааби» («Халқ сафарбарлиги кучлари»). «Al Jazeera» ёзишича, шу гуруҳ етакчиси Фалеҳ ал-Файёд қўл остидагилари «давлат тўнтариши ёки исён»га йўл қўймаслик учун ҳукуматнинг буйруқларини бажаришга шайлигини билдирган ва «тузумнинг қулашини эмас, коррупциянинг қулашини» исташини билдирган. Ҳатто айрим ҳарбий гуруҳлар Ироқ ҳукуматидан кўра Эрон раҳбариятига мойиллигини очиқчасига баён этади. Ана шу гуруҳлардан бири Ироқдаги намойишлар позициясида туриб трансляция уюштирган ўнга яқин телевизион компанияларда тинтув ўтказган.

Хуллас, эронпараст ҳарбийларнинг қўли билан намойишларни бостирган ҳукумат энди айбни уларга ағдариб, сувдан қуруқ чиқишдан умидвор. Аммо, гувоҳларга кўра, намойишчиларга қарата ироқлик аскарлар ҳам ўқ узишган...

Қолаверса, репрессив хусусиятга эга бошқа чоралар — кўчалардаги зирҳли техника, икки кунлик комендантлик соати, интернетнинг 75 фоизлик (гарчи қисқа муддатли бўлса ҳам) ўчирилиши барибир ҳукумат қаттиқ чоралар кўриш пайида бўлганини англатади. Айниқса, дастлабки кунларда.

Намойишчиларни тарқатишда куч ишлатиш ҳаддан ошиб кетгани ҳақида тепадаги кабинетлардан буйруқ етиб келгунича ўлганлар сони юз нафардан ошиб бўлганди. Нималар қилиб қўйганини бир пайтнинг ўзида 13 киши ўлдирилган куни Ироқ армияси катталари ҳам англаб етишди. Ғалати жиҳати, худди шу куни (13 нафар намойишчи ўлдирилган куни) Абдул-Маҳдий телефон орқали суҳбатда АҚШ бош котиби Майкл Помпеони мамлакатда барқарорлик тикланганига ишонтириб, қўшимчасига ҳукумат фуқароларнинг талабларини қондириш учун қатор ислоҳотлар ва чораларга қўл уришини билдирган...

Сўнгги муроса

Абдул-Маҳдий ҳукумати мамлакатда ижтимоий тангликни юмшатиш учун шошилинч тайёрлаган 17 бандлик лойиҳа иш бермай қолиши ҳам мумкин. Албатта, таклиф этилаётган нарсалар таҳсинга сазовор, кўплари ироқлик ёшларнинг талабларига мос. Масалан, коррупция ишлари устидан иш олиб борувчи суд органига кўп ваколатлар берилади. Энг ёқимсиз амалдорлар ишдан бўшатилади. Кам таъминланган оилалар учун 100 мингта уй қурилади. Ёшларнинг, хусусан, олий таълим битирувчиларининг бандлигини таъминловчи дастур ишлаб чиқилади. Ишсизлар ва кам таъминланганлар учун нафақалар. Қашшоқлик ва ишсизликка қарши курашиш бўйича миллий дастур... Ҳаммаси ажойиб.

Аммо шахсан Абдул-Маҳдийга қолганда, аҳвол ҳавас қилгулик эмас. Ёшлар намойишига қарши бунчалик куч ишлатиш... Ҳатто 2016 йили намойишчилар Бағдоддаги «Яшил зона»га бостириб кириб, парламент ва бош вазирнинг кабинетигача ағдар-тўнтар қилиб ташлаганида ҳам ҳукумат ҳозиргидек кучига эрк бермаганди.

Воқеалар ривожи буёғига «Отнинг ўлими — итнинг байрами» қабилида кечади, шекилли. Ҳозирданоқ кўзга кўринган сиёсий фигуралар Абдул-Маҳдийни қурбон қилиш эвазига ўзларига сиёсий капитал тўплашга киришиб кетган. Парламент спикери Маҳмуд ал-Ҳалбоуси, жумладан, миллиондан ортиқ кам таъминланган оилаларни молиявий қувватлашни кўзда тутувчи ўз чора-тадбирлар режасини очиқлашга улгурди. Парламентдаги энг йирик «Саирун» блоки етакчиси, шиа қабилалари имоми Муқтада ас-Садр эса, Абдул-Маҳдийни тақдир ҳукмига ҳавола этган ҳолда, бошқа фракциялар билан бирга муддатидан аввал сайловлар ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Ас-Садр шуниям илова қилдики, муддатидан аввал сайловлар бевосита АҚШнинг назорати остида ўтказилмоғи керак!

Кўриниб турибдики, Ироқ кризисида қонли босқич кечиб ўтилиб, «ҳамма — ҳаммага қарши курашадиган» янги саҳифа очиляпти. Нефт-долларларга тўйинган «Ироқ пироги»дан энг катта бўлакни олиш учун тала-тала авжига чиқади. Ўз ҳукмфармоларидан безиб қолган халқ бунга нима деркин? Бағдодда шанба кунги намойишда қатнашган ишсиз муҳандис, 43 ёшли Аббос Нажм «The Guardian» журналистларига шундай деганди: «16 йил коррупция ва адолатсизликда яшадик. Биз ўққа учиб ёки қийноқларда ўлишдан қўрқмаймиз. Йўлимизда давом этамиз, чекиниш йўқ!».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг