Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Катта йигирмалик» нималарни келишиб олди? Коронавирус, инқироз, олимпиада, 5 триллион доллар...

«Катта йигирмалик» нималарни келишиб олди? Коронавирус, инқироз, олимпиада, 5 триллион доллар...

Фото: «The Sun»

Шу кунга қадар бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирус аллақачон жаҳондаги 180 га яқин давлатда қайд этилди. Сайёрамизда 537 мингдан зиёд киши уни юқтирган бўлиб, 24 мингдан ортиқ бемор вафот этди, 124 минг киши тузалди. АҚШ касалликка чалинганлар сони бўйича (85,6 минг) Хитой (81,3 минг) ва Италиядан (80,5 минг) ҳам ўзиб кетди. Улардан кейин Испания (58 минг), Германия (47 минг), Эрон ва Франция (30 мингдан) бормоқда.

Кеча, 26 март куни «Катта йигирмалик» (G20) давлатлари етакчиларининг тарихда илк маротаба виртуал саммити бўлиб ўтди. Асосий мавзу коронавирусга қарши курашга бағишланди ва суҳбатлар ёпиқ режимда, икки соат давомида ўтказилди.

Ушбу шошилинч саммит Саудия Арабистони ташаббуси билан ўтказилди. Чунки мазкур форматдаги мулоқотга жорий йилда саудияликлар раислик қилмоқда. Навбатдан ташқари саммитга Испания, Иордания, Сингапур, Вьетнам, Руанда, Швейцария ҳам қўшилди.

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд саммитни очар экан, «Пандемияга қарши кураш барча даражада ва барча чораларни кўришни талаб этади. Биз — жаҳоннинг йирик иқтисодиётини ташкил этувчи давлатлар ўз масълуятимизни кўрсатишимиз зарур», — деб таъкидлади.

Россия президенти Владимир Путин ҳозирги мураккаб вазиятда давлат «ҳар ким ўзи учун» тамойили асосида ишлай олмаслигига урғу бериб, коронавирусга қарши янги вакцина ишлаб чиқариш йўлида барча мамлакатларни саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди.

Путин Халқаро валюта жамғармаси шафеълигида Марказий банкларнинг ҳисобидан молиялаштириладиган ва коронавирусга қарши курашиш чора-тадбирларини амалга ошириш учун фоизсиз қарз беришга йўналтириладиган махсус фонд ташкил қилишни таклиф қилди ҳамда коронавирус пандемияси даврида энг биринчи ўринда керак бўлган, асосий маҳсулотларга қўйилган санкцияларга мораторий жорий этиш масаласини кўтарди. У Россия Федерацияси ялпи ички маҳсулотининг 1,2 фоизини инқироз билан боғлиқ масалаларга йўналтиришини айтиб ўтди.

Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин шифокорлар, олимлар ва тадбиркорларга чегараларда эркин ҳаракат қилиш имкониятини таъминлаш зарурлигини, бу айниқса ҳозирги даврда жуда муҳум масалалардан эканлигини таъкидлади.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон эса ҳозирги оғир вазиятда барча ривожланган мамлакатларни янги вакцина ишлаб чиқариш дастурларини молиялаштиришга чақирди. Жонсоннинг айтишича, Лондон эпидемиялардан огоҳлантириш учун инновациялар бўйича глобал коалиция деб номланган ташкилотни молиялаштириш учун 210 миллион доллар ажратган.

Туркия етакчиси Эрдўғон эса Жаҳон савдо ташкилоти талабларига қатъий риоя қилиш лозимлигини барчага эслатиб ўтди.

ХХР раиси Си Цзиньпин глобал ишлаб чиқариш занжирини сақлаб қолиш учун мамлакатларни фаол чоралар кўришга даъват этди ва унинг мамлакати жаҳон иқтисодиётини барқарорлаштириш бўйича ишларга ўз ҳиссасини қўшишини билдирди. Бунинг учун Хитой томони божхона божларини ва маҳсулотлар эркин айланиши учун тўсиқларни олиб ташлаш тарафдор эканини айтди.

Аргентина президенти Алберто Фернандес янада равшанроқ фикр берди: «Очкўзлик даври ортда қолди. Биз атрофда бўлаётган ҳодисаларни қабул қилиш учун қалбимиз ва кўзимизни каттароқ очишимиз зарур. Бизнинг олдимизда катта дилемма турибди — иқтисодни ёки инсонлар ҳаётини сақлаш. Биз ҳеч иккиланмай инсонлар ҳаётини сақлашни танлаймиз».

Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоза барча иштирокчиларни соғлиқни сақлаш тизими заиф ривожланган ва тестлар фойдаланиш имкони йўқ Африкага ёрдам беришга чақирди.

Умуман олганда, барча етакчилар бу галги инқироз 2008 йилдагидан кўра хатарлироқ ва оғирроқ бўлишини қайд этишди.

Япониянинг Ёзги Олимпиада ўйинларини кечиктириш бўйича қарори олқишланди.

Якунда эса муҳим қарорлар қабул қилинди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVID-19 билан курашиш бўйича ваколатлари кенгайтирилади. Ташкилотга улкан маблағлар ажратиш, шу билан бирга, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларни, айниқса, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банкини ҳам бу жараёнда фаол иштирок этишга чақиришди.

Бу балога қарши давлатлар алоҳида курашиб бўлмаслигини, иқтисодиёт оқибатлари ҳам мислсиз бўлишини тан олишди ва жаҳон иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш бўйича коллектив, яъни «ягона фронт»да туриб, чора-тадбирлар қабул қилишга келишиб олишди.

Жумладан, пандемия оқибатларини енгиллаштириш учун фискал-бюджет сиёсати, иқтисодий чоралар ва кафолат механизмлари доирасида глобал иқтисодиётга 5 триллион доллар киритилади. Коронавирус оқибатларининг олдини олиш бўйича ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади. Чунки «Катта йигирмалик» давлатлари умумий ялпи ички маҳсулотлари 2020 йилда 0,5 фоизга қисқариши кутилмоқда.

Дарҳақиқат, глобал етказиш халқасининг узилишига йўл қўймаслик учун чегаралар орқали бирламчи зарурий маҳсулотлар, дори-дармонлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг  узлуксиз ўтказилишини таъминлаш жуда муҳимдир.

G20 олий даражадаги раҳбарлар саммити шу йил ноябрда Саудия Арабистонида ўтказилиши режалаштирилган, бироқ у анъанавий учрашувлар шаклида бўладими ёки кечагидек виртуал шаклда ўтказиладими, ҳозирча номаълум. Барчаси пандемияни тарқалиши ва уни бартараф этиш кўламига боғлиқ.


Куни кеча Европа иттифоқининг 27 мамлакати етакчилари ҳам селектор йиғилишини ўтказишди.

Хусусан, Франция президенти Эмманюэл Макрон Европа мамлакатлари етакчиларини ушбу пандемия Европа иттифоқи асосларини бузиб юбориши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бунга йўл қўймаслик учун ҳамжиҳатлик ва қатъий бирдамлик кўрсатиш зарур, деди французлар вакили.


Албатта, сайёрамиз мисли кўрилмаган офатга дучор бўлиб турган ҳозирги вазиятда энг ривожланган барча давлатларнинг бошқа мамлакатлари кўмаги ва тезкор ҳаракати кўп нарсани ўзгартиришга ва инсониятга янги умид учқунларини бахш этишга қодир.

Гулрухсор Равшанова,
халқаро шарҳловчи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг