Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«МДҲ мамлакатлари ўртасида умумий бозор яратишимиз керак!» — Дилмурод Шомуродов

«МДҲ мамлакатлари ўртасида умумий бозор яратишимиз керак!» — Дилмурод Шомуродов

Фото: Дилмурод Шомуродовнинг шахсий албоми

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасидаги интервьюларни давом эттирамиз. Навбатдаги суҳбатдошимиз Италиянинг Рим шаҳридаги Tor Vergata Universityда таҳсил олаётган ҳамюртимиз Дилмурод Шомуродов бўлди. Қаҳрамонимиз Бухоро вилоятида туғилган. Ҳозирда у Европа иқтисодиёти ва бизнес ҳуқуқлари йўналишининг магистранти ҳисобланади.

— Дилмурод нима учун Италияда таҳсил олишга қарор қилдингиз?

Бунга бир неча сабаблар мавжуд. 2017 йил Бухоро муҳандислик институтининг Менежмент йўналиши бўйича бакалавр босқичини тамомлаганман. Кейин Навоийдаги NMA корхонасида бир муддат муҳандис лавозимида фаолият кўрсатдим. Иш хорижда амалий ва назарий билимларимни оширишни тақозо  этди.

Шу боисдан магистратура босқичини бир неча вариантлар орасидан Италия мамлакатини танладим. Очиғи, бакалавр босқичида ўқиб юрган пайтларимдаёқ Европа интеграцион жараёнига қизиқардим ва албатта бу соҳада ишлаш, илмий изланиш қилишни ният қилганман. Кейинроқ, Европада ўқиш иштиёқи ва Европа интеграциясига доир йўналиш Римда эканлигидан хабар топдим.

Билсангиз керак, Европа Иттифоқининг тарихи айнан 1957 йил 25 мартда қитъанинг 6 та давлати томонидан имзоланган Рим битими ва ундан сўнг пайдо бўлган Европа Иқтисодий Ҳамкорлигига бориб тақалади. Шундан кейин 1992 йили Нидерландиянинг Маастрих шаҳрида Европа Иттифоқи ташкил топган.

Европа интеграциясининг айнан Римда бошланганлиги ушбу давлатни танлашимнинг асосий сабабларидан бири.

Қолаверса, Италия давлатининг тарихи, маданияти ва пазандачилиги ҳам аввалдан қизиқишимга сабаб бўлган.

Ҳозирда, аниқроғи, 2018 йилдан буён Рим шаҳридаги «Tor Vergata University»да Европа иқтисодиёти ва бизнес ҳуқуқлари йўналишида ўқияпман.

Фото: Дилмурод Шомуродовнинг шахсий албоми

— Рим ҳақида таассуротлар қадай?

Қарийб икки йилдан буён Италияда истиқомат қилаётган инсон сифатида айта оламанки, Рим ажойиб шаҳар. Дунёнинг илк цивилизацион нуқталаридан ҳисобланади. Шаҳар ҳудди музейдагидек сақланиб қолган. Тарихий иншоотлари ҳайратлантирмай қолмайди. Яна бир эътиборли жиҳати, шаҳар ичида алоҳида Ватикан давлатининг борлигидир. Билишимча, Ватикан 1929 йил 11 февралда пайдо бўлган. Фуқаролар сони минглар атрофида.

Римда яшашнинг қулайлиги бу ерда бошқа Европа мамлакатларидан фақрли равишда нарх-наво паст ва иқлимининг мўтадиллигидир. Хорижий талабаларга бериладиган имтиёзлари ҳам шулар жумласидан.

Қолаверса, кўпгина БМТ ташкилотлари Италияда жойлашган. Иқтидорли талабалар бемалол ўша ташкилотларда стажировка ўташлари ёки ишлашлари мумкин.

Албатта, бу ерда қийинчиликлар ҳам йўқ эмас. Аввало, оила, яқинлар ва дўстлардан олисда бўлиш ва ўзингиз туғилиб ўсган юрт соғинчи қийнамай қолмайди.

Яна оддий италияликлар деярли инглиз тилини билмайди. Кўчаларда мулоқот фақат италиян тилида. Автобус, метро ва супермаркетларда ҳам фақат италиян тилида сўзлашишади. Бошида келганимда бундан қийналганман. Фақат университетлар, шаҳар марказидаги ресторан ва меҳмонхоналардагина инглиз тилини билишади. Бирор ташкилотларда доимий иш учун биринчи навбатда италиян тилини билишингиз талаб этилади.

— Италиян тилини ўрганиш мураккабми?

У даражада ҳам қийин, деб ўйламайман. Одатда 6 ёки 7 ойда мулоқот қила олиш мумкин. Боиси, инглиз тилини билган одам учун қийинчилик туғдирмайди. Яъни, италиян тили инглиз тилига  жуда ўхшаш. Кўпинча сўзлар қўш ундошли бўлиб, унли товушлар билан тугайди. Гапда сўз тартиби эркин. Албатта қунт билан ҳаракат қилинса, ўрганса бўладиган тил. Статистика бўйича энг тез ва кўп гапирадиган халқ ҳам италиянлар экан. Бугунги кунда бу тилда қарийб 85 миллион одам сўзлашади.

— Италияликлар қандай халқ ва улар Ўзбекистон ҳақида билишадими?

Кузатишларим натижасида шуни сездимки, италияликлар жуда эмоционал, ҳаракатчан ва ҳаётни севадиган халқ. Санъатни ниҳоятда қадрлашади. Айниқса, бу ерда рассомлар сони жуда кўп.

Мени ажаблантирган жиҳат — жамоат транспортларида қарияларга жой бергудек бўлсангиз, буни кўп ҳолларда нотўғри тушунишади. Яъники, қариялар жой бериш таклифидан ўзларини таҳқирлангандек сезишади. Аммо энг эътиборлиси, кўп италиянлар оилапарвар. Бир-биридан олисда яшовчилар кунига камида бир марта телефон орқали гаплашиб ҳол-аҳвол сўрашади.

Мамлакатимиз ҳақида эса, кўп ҳам билишмайди. Кўпроқ улар, Амир Темур, Ибн Сино ва Абу Райҳон Беруний каби аждодларимизни танишади. Улар тўғрисида гапириб берсангиз, ажабланиб «Ўзбекистонданми?» деган саволни беришади.

Фото: Дилмурод Шомуродовнинг шахсий албоми

— Сизнингча, Италия қандай омиллар ортидан тараққиётга эришди?

Италия ўз тараққиётига сифатли таълим тизими ҳамда турли интеграцион ташкилотлардаги фаоллиги орқали эришган, деб ўйлайман. Мамлакат Европа Иттифоқига аъзо бўлганлиги учун бу ерда аъзо давлатлар ўртасида ҳеч қандай бож ва солиқ тўланмайди. Бу билан улар ўзларининг бозорини бойитади ва четдан келган импортдан умуман зарар кўрмайди. Уни кўпинча Европа бозорининг амартизацион қурилмаси деб атайдилар. Қисқа қилиб айтганда, «Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар» деган мақол айнан шу ҳолатга мос.

Кейин Италия иқтисодиётида автасаноатнинг ҳам ўрни катта. Дунёга машҳур Ferrari, Lamborghini, Maserati, Fiat каби йирик автокомпаниялар шу ерда жойлашган.

Шунингдек, мода саноати маркази — Милан ҳам тараққиёт омилларидан бири. Албатта ривожланишда туризмнинг ҳам ўрни беқиёс. Ҳар йили Италияга 60 млн сайёҳ ташриф буюради ва улардан тушган фойда ўртача 10 млрд АҚШ долларини ташкил қилади. Мамлакатда нафақат тарихий жойлар, балки манзарали ва бетакрор табиатни ҳам кўриш мумкин.

— Ўзбекистонда уларнинг қандай тажрибаларини жорий этиш мумкин, деб ҳисоблайсиз?

Жуда кўп тажрибаларини жорий этса бўлади, деб ўйлайман. Айниқса интеграцион системасини. Ҳозирда битирув тезис ишимни European Integration and Structural Reforms фани профессори раҳбарлигида ёзмоқдаман. Тезис ишим Ўзбекистон ва МДҲ давлатларининг иқтисодий ҳолати, таҳлили ва интеграцион жараёни ҳақида бўлади. Айнан МДҲ давлатлари ичида умумий бозорни барпо қилиш ва ташқи савдо-сотиқ божларини ҳудди Европа мамлакатларидек бож билан тақсимлаш ҳамда чиқадиган экспорт маҳсулотлар миқдорини кўпайтириб давлатлараро кириб чиқиш эркинлигини таъминлашнинг ривожланишдаги ўрнини таҳлил қилиш шулар сирасидан. Бунда техника ва технологияларни янгилаб бориш ва такомиллаштириш ҳам катта вазифалардан бири.

Ўйлашимча, Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистондаги маҳсулотлар ҳар доим катта талабга эга бўган. Россия, Украина, Туркия ва бошқа шу каби мамлакатлар минтақа маҳсулотларининг йирик истеъмолчиси. Шундай экан, МДҲ мамлакатлари ичида умумий бозор яратиб, бу талаб ва имкониятлардан фойдалансак, нафақат иқтисодиётимизга фойдали, балки яқин 10-15 йилдан кейин Европа Иттифоқи эришган натижаларга  эриша олишимиз мумкин. Албатта буларни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб, шундан кейингина амалиётга жорий этиш керак. Келгусида Ўзбекистонга қайтганимда бу борада орттирган тажрибаларим бўйича юртимиз ривожига ҳисса қўшмоқчиман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг