Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Нурсиз келажак, боши берк кўча...

Нурсиз келажак, боши берк кўча...

Фото: «Likar.info»

«Кўнглимга қил ҳам сиғмайди, ҳамма жой жуда қоронғу. Юрагим бесаранжом, қўрқув, таҳлика ҳолу жонимга қўймайди. Яшагим келмайди. Аммо бу хаёл меники эмаслигини биламан. Чунки инсон яшашни исташи керак. Нега мен яшашни хоҳламайман. Ахир муаммолар ҳаммада ҳам бўлади». Саволларимга жавобни китобдан ахтараман. Жавондан «Справочник «Психология» деган китобни очиб ўқий бошладим. Ана ўшанда илк бор «депрессия», «стресс» деган ибораларга дуч келдим.Гарчи кўнглим ҳеч нарсадан таскин топмаётган, ҳеч нарсадан қувонмаётган, умидсизлик бутун қалбимни қамраган бўлса-да, бунинг ўткинчи ҳолат, тушкунлик, яъни касаллик эканлигини англадим. Ҳар кечқурун «эртага ҳаммаси бошқача бўлади», деб ухлайман. Эрталаб яна шу аҳвол — қора хаёллар, кўнгил бесаранжомлиги, буни таърифлашга тил ожиз, биргина сўз айтишим мумкин: бу ҳолатга тушган одамнинг нафақат бир куни ёки соати, дақиқаси азоб билан ўтади. Миянгизга ўрнашиб олган сизга нотаниш хаёллардан қочиб қутулишни истайсиз. Худди қалбингизда дўзахни кўтариб юргандай бўласиз. Ҳамма нарсадан қочиб қутулиш мумкин, аммо ўзликдан қочиб бўлармикан?»

Бундан йигирма йил олдин кундаликка ёзилган қайдлар.

Муаммонинг ечими бор

Руҳият жуда катта жумбоқ. Бу ҳолатнинг ҳар дақиқаси қанчалар азоб билан ўтишини бошидан ўтказганларгина ҳис қилади. Ўшанда тушуниксиз ҳолатдан чиқиб кетиш учун йўл излар эканман, китобдаги «бу ҳолат ўткинчи» деган биргина жумла, гарчи ўша пайти сабрга ҳам ҳафсалам бўлмаса-да кутишга ундаган. Мана, орадан йигирма йил ўтди. Ўша ҳолатни ҳис қилолмайман. Аммо нега мен ўша пайти ёмон ҳолатни ҳис қилганман ва бу ҳолат ўзимга ёқмаган, унутишни хоҳласам ҳам ёвуз хаёллар тарк этмаган. Бу ўзингиз кучингиз етадиган ҳолат эмас. Бу атрофингиздагиларнинг биргина «ёмон, ўлим ҳақидаги хаёлларни миянгдан чиқариб ташла» деган гапи билан сиз юпанч, таскин топадиган ҳолат эмас.

Хўш, нима учун одам ўз жонига қасд қилади. Буни осон деб ўйлайсизми?

Депрессия аслида муаммолар келтириб чиқаради. Бу ҳақда жуда кўп мулоҳазали мақолалар ёзилмоқда, ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Психологлар, психиатрлар, психоневрологлар, суицидологлар таъкидлашича, депрессияга ёмон ўтган болалик, оиладаги муаммолар, ахборот асрида стрессларнинг кўпайиши сабаб бўларкан.

Муаммоларни кимдир юрагига олмай ўйлайди, яна кимдир юрагига яқин олади. Яна депрессияни виждон касаллиги, дейишади. Яна манбаларда турли муаммолар — яқин одамини тўсатдан йўқотиш, ишидан айрилиш, хиёнат — буларнинг барчаси инсон қалбида салбий ҳиссиётларни туғдиради, агар бу салбий ҳиссиётларни ичга ютаверса, яъни стресслардан вақтида ҳоли бўлмаса, қалбни қийнаётган муаммолар ортидаги салбий ҳиссиётлар онг остида тўпланади ва бир кун барчаси онг юзасига қалқиб чиқиб — депрессия ҳолати юзага келади.

Онг юзасига қалқиб чиққан бу ҳиссиётларни ижобий ҳиссиётларга алмаштириш учун эса инсонга ёрдам керак бўлади. Салбий ҳиссиётлар ортидан келадиган қора хаёлларни бу ҳолатда бўлмаган одам осонгина ҳайдаши мумкин. Аммо депрессия ҳолатидаги одам, масалан ўғлининг тўйида ҳам хурсанд бўлолмайди, қизи ўқишга кирса қувонмайди, моддий томондан рағбатлантирилса ҳам кўнгли кўтарилмайди, гарчи ўзи буни истасада, қалб истамайди. Мен буни «қалбни ўлиб» қолганига ўхшатаман. Хоҳлайсиз хурсанд бўлишни, хоҳлайсиз ҳаётни севишни, хоҳлайсиз бошқалардек хотиржамликни, аммо қалбингиз миқ этмайди. Ана шу хоҳишингизга жавоб ололмаганингиз сизни баттар азоблайди, азоблайдики, дунё кўзингизга жаҳаннамдек кўринади. Бу ҳолат ҳақида психологларимиз тинмай бонг уриши, бонг уриши, бонг уриши керак.

Бонг ураяпмиз. Ечим қаерда?

Ҳеч ким бу ҳолатга тушмайман, деб ишонч билан айта олмайди, яъни кафолатланмаган. Қолаверса, мавжуд эканмиз ҳаётнинг муаммолари тугамайди. Муаммолардан, интернет хуружидан, ахборот кўплигидан бошқа сайёрага қочиб кетишнинг ҳам имкони йўқ. Демак, ҳар бир инсон бунинг ЎТКИНЧИ ҳолат эканлигини англаб етмоғи керак. Болаликданоқ иммунитет ҳосил қилиш шарт. Мен мана шундай ҳолатга тушган жуда кўп одамлар билан гаплашганман.

С.: «Бундан бир неча йиллар олдин, иккинчи фарзандим туғилиб, шу ҳолатга тушиб қолгач асаб руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишди. Ухлатадиган, мияни дам олдирадиган дорилар ёзиб беришди. Орадан бир ой ўтгач, мен қайтадан туғилдим. Кўзимга ҳаёт жуда чиройли кўрина бошлади. Мен аввалгидек оптимист одамга айландим. Ҳа, мен депрессиядан кейин ҳаётга бошқача кўз билан қарай бошладим. Ундан кейин 10 йиллар ижарама-ижара юришлар, моддий қийинчиликлар мен учун муаммо эмаслигини англаб етдим. Ана шундай муаммоларга дуч келганимда, ахир мен ҳар дақиқаси азоб билан ўтадиган, бутун қувончларимни, бутун орзу-умидларимни тортиб олган, улар ўрнига энг қора ва ёвуз ҳиссиётларни қалбимга жойлаган, ҳар сонияси азоб, даҳшатли азоб билан ўтадиган, ўзимга мутлоқ боғлиқ бўлмаган ҳолат — депрессияни енгиб ўтган одамман, дердим. Депрессиянинг ҳар хил даражалари бўлади. Менга ўхшаб бир лаҳза ҳам ўзини қаерга қўйишни билмайдиган, ҳеч нарсадан таскин топа олмай қоладиган оғир ҳолатига учраган одам бу ҳолатнинг ўткинчи эканлигини, яна ижобий ҳиссиётлари ўзига қайтишини билгандагина қутулиб қолади, билмаса бу ҳолатга чидаш азоб...»

Ҳа, мана шундай азобли ҳиссиётларга қалби дош беролмаган қанчадан- қанча одам ўз жонига қасд қилмоқда. Қасд қилмаслиги учун эса унда бу ҳолат ҳақида етарлича билим бўлиши керак.

Мутахассислар нима дейди?

— Шундай ҳолатни бошидан кечирганлар депрессиядаги одамларга ҳамиша ёрдам беришга тайёр туради. Чунки у ўша ҳолатнинг нималигини яхши билади ва айни пайтда шу ҳолатга тушган одамни ҳис қилади, — дейди психолог Лола Султонова. — Бу ҳолатга тушган одамга соғлом, ҳаётни севиб яшаётган одамнинг овутишлари сира ёқмайди. Ундай одамларни шу ҳолатни бошидан кечирган ва енга олган одамларнинг «мен ҳам бир пайтлар худди шу нарсаларни бошимдан ўтказганман, аҳволим сеникидан ҳам оғир бўлган, ҳаммасини енгиб ўтганим учун мана мен қаршингдаман,» деган далдаси ёрдам беради. Буни психологлар жуда яхши билади. Хорижда кўпгина психологлар айнан шу методикадан фойдаланади.

Яъни, турли кўнгиллилардан ташкил этилган жамиятларга депрессияни бошидан ўтказганларни чақиришади. Улар депрессияда ҳолатида мурожаат қилганлар билан тажрибаларини ўртоқлашишлари учун. Демак, айни пайтларда мана шундай кўнгиллилар жамиятларини бизда ҳам тузиш фурсати етди.

Яна бир жуда машҳур методика бор. Шу ҳолатдаги одамга эътибор бермасдан «эътибор» кўрсатадиган тажриба. Балоғат ёшида фарзандларимиз ҳар томонлама ўзига эътибори кучайган вақтда ташқи қиёфасидан камчиликлар қидира бошлашади. Бир қиз «оёқларим узун» деган фикрни миясига сингдиради. Ва бу гўёки оғир ўйдан тушкунликка тушади. Кўчага ҳам чиқмайди, овқат ҳам емай қўяди. Атрофдагиларнинг сенинг оёқларинг узун эмас, жуда чиройли деган гаплари мутлақо таъсир қилмайди. Унинг муаммоси шунчаки чиройлигига ишонмай қўйгани учун ҳам азобланади.

Хўш, ўзини ишонтиролмаган одам четдаги одамнинг гапига осонгина ишонади, деб ўйлайсизми. Агар депрессияни бошидан ўтказаётган — «яшашни истамайман», деган одамга биргина «ҳаёт чиройли, табассум қил» деган гап таъсир қиладиган бўлса, деярли ҳеч ким ўз жонига қасд қилмасди. Хуллас, шифокор шундай йўл тутади:

У қизнинг онаси билан келишиб олади, гўёки касал аёлни текширишга келгандек қизга мутлақо эътибор бермайди. Иккинчи кун яна онани — аёлнинг ҳолидан хабар олишга келади. Ва қизга беэътиборгина назар ташлаб «оёқларингни яна бироз ўстирсанг бўларкан, кўпроқ калцийга бой сабзавотларни ейишинг керак, бўйи узун йигитларга калта оёқлар ёқмайди», деган гапни айтади. Шу биргина гапдан қизнинг кайфияти кўтарилиб ҳаётга қайтади.

Ёки ўзимизнинг машҳур бир ривоятни эслайлик... Ҳамма нарсаси бадастир малика сув ичаётиб сувнинг аксида гўё қурбақани кўриб қолади ва уни ичиб юбордим деб тушкунликка тушиб, тўшакка михланади. Табиб эса у қайт қилган тоғорага билдирмай қурбақани солиб қўяди ва мана ичингиздаги қурбақа қайтиб чиқди, дея ишонтиради. Яъни, шифокорнинг устамон ишонтириш қобилияти бу ҳолатга тушган одам учун энг яхши даво.

Жуда чуқур депрессияни томчи дорилар, антидепрессантлар, сув муолажалари, керак бўлса гипноз йўли билан даволаш лозим.

Чорасизлик

Маъмур Қўрғонбоев, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академияси тингловчиси, майор:

 — Психолог Н.А.Бердяев ёзганидек: «Ўз жонига қасд қилиш психологик ҳодисадир ва уни тушуниш учун ўз ҳаётини тугатишга қарор қилган инсоннинг руҳий ҳолатини тушуниш лозим. Ўз жонига қасд қилиш ҳаётнинг махсус, ўзига хос дақиқасида, қора тўлқинлар кўнгилни қамраб олган, умид учқунлари сўнгган пайтида содир этилади. Ўз жонига қасд қилиш психологияси, энг аввало, чорасизлик психологиясидир»...

Агар замондошларимизнинг ва ўтган асрда яшаган одамларнинг ўзини ҳис қилишини қиёслайдиган бўлсак, бизнинг жамиятимиз танлов ва ҳаракатда катта эркинликка эгалиги ташқи иллюзияси ҳолатида кўпроқ ташқи дунёга қарамдир. Оммавий маданият аппарати орқали жамият доимий равишда қандайдир ҳаётий муваффақият стандартларини қабул қилдиришга уринади. Ўша муваффақиятларга мос келмаслик фожиа сифатида идрок этилади. Эҳтимол, зўриқишли ҳолатлар олдинлари ҳам бундан кам бўлмаган, бироқ одамлар руҳан бардошлироқ, камроқ нозиклашган, яъни тирик қолиш кўпроқ куч ва ҳаракатни талаб қилган, бу эса ҳаётни янада қадрли қилиб кўрсатган бўлиши мумкин. Чунки инсонга фақатгина қийинчилик билан эришган нарсасини қадрлаш хосдир.

Нурсиз келажак, боши берк кўча

Б. исмли бемор шундай дейди: «Менинг аҳволим жуда ёмон эди. Пулсизлик, ишсизликдан қаттиқ тушкунликка тушдим. Фарзандларимни қандай боқаман, деган вос-вос хаёлидан қутулолмай қолдим. Уйда ўтирсам вос-вос хаёллар мени баттар қийнайверарди. Бирор иш билан ҳам чалғиёлмай қолдим. Шу даражага етдимки, бир жойда ўтиролмайдиган беҳаловат одамга айландим. Мен келажакни нурсиз, боши берк кўчага кириб қолгандек тасаввур қилардим. Мени мана шу Тошкент шаҳар асаб-руҳий касалликлар шифохонасига қўшним олиб келди. Етиб келгунимча машинанинг ичидаги беҳоловатлигимни тасвирлаб беролмайман. Қалбимдаги нохуш ҳислар шу даражада қийнаб ташладики, ҳатто светофордаги озгина кутиб қолганлик ҳам мени бесаранжом қилди. Шартта машина эшигини очиб тушиб қолдим. Қўшним билан укам мени машинага қайтариб олиб келишди. Ғалаён фақат менинг ичимда эди, юзимда эса ҳамма қатори хотиржамлик.

Шифохонада айтган охирги гапимни эслайман. «Бошқа қалбимдаги оғир ҳисларга (ўзини айблаш, ўзини ёмон кўриш, ўзини хунук тасаввур қилиш, ўзини керак эмасдек ҳис қилиш), ёпишқоқ хаёлларга чидолмайман мени ухлатиб қўйинглар илтимос». Бир ойга яқин кун муттасил томчи укол жўнатишди, таблеткалар беришди, тинимсиз ухладим ва икки ҳафтанинг ичида тушкун хаёллардан қутулдим. Ҳатто ўша ҳолатимни ҳис қилолмадим».

 ***

Бирор жойда одам ўз жонига қасд қилибди деса депрессия ҳолатидан чиқолмабди-да деб ўйлайман. Ҳақиқий депрессия ҳолатидаги одамга ҳам, уйидаги жанжаллардан безиб ўз жонига қасд қилган одамга ҳам руҳий хаста деб маълумотнома тўғрилашади осонгина. Бунда кўпчилик жавобгарликдан қутулиб қолади гўё. Аммо нега у ўз жонига қасд қилди? Руҳиятидаги ўзгаришларни нега атрофдагилар сезмади? Чет элда ҳар бир инсон бу касалликни яхши билади. Чунки ҳар бир оиланинг психологи бор, болаликдан уларга стресслар билан қандай курашишни ўргатадиган. Бизда-чи, орамизда кўпчилигимиз депрессия нима эканлигини билмаймиз. Халқимизда вос-вос дейишади. Эскичасига ўқитишади, фолбинларга югуришади. Аммо булар қанчалик наф беради, номаълум. «Вос-вос» русча-тиббиёт терминида «тревога» ва «страх» дейилади. Яъни, одамнинг бесаронжомлиги, ҳар бир нарсадан хавотирга тушиши, беҳаловатлиги, энг қизиғи, бундай одам қалбидагини камдан кам ташқарига чиқариши.

Табассум қил... Психологларимизнинг бу гапи озгина табассумини йўқотган одамларгагина таъсир қилиши мумкин. Аммо ҳаётий муаммолар ҳар томондан ёпирилиб келганда табассум қилолмайдиган ҳолатлар бўладики, бизга табассум қилишни эмас, муаммолар билан курашишни ўргатадиган, кучни қаердан олишни ўргатадиган психологлар керак.

 Депрессиянинг юзи йўқ

2017 йилда интернетда флешмоб тарқалди. Яъни, ўз жонига қасд қилган ёки уриниб кўрганларнинг бир неча соат ёки дақиқалар олдин тушган суратлари. Барча суратларда улар кулиб туришибди. Уларни тушкунликка тушган деб бўлмайди. Мутахассисларнинг фикрича, депрессияга тушган одамни ҳар доим ҳам аниқлаб бўлмас экан. Шунинг учун ҳам баъзида биров ўз жонига қасд қилибди дейишса «ахир кечагина кўрувдим, ўйнаб-кулиб юрувдия», «Бирга овқатландик, кайфияти яхши эди» деган гапларни эшитиб қоламиз. Тушкунликка тушган одамни фарқлаш қийинмас. Аммо хаёлидаги фикридан қутулолмаётган одамни билиш қийин. Масалан ўша суратларнинг бирида ёш қиз дискотекада қувноқ ҳолатини қўйган ва қувноқ ҳолатида хаёлидан мана бу гаплар ўтган: «Кетаётганимда йўлда машина уриб кетса ҳам майли эди».

Демак, вазият жиддий, бундай ҳолатдаги одам ҳатто рақсга тушиб ҳам ўзини чалғитолмайди, тўғрироғи қутулмоқчи бўлган хаёлларидан айрилолмайди. Мана шу ерда ота-оналар чалкашади. Аслида ўсмирнинг биргина сиз мени яхши кўрмайсиз ёки ҳаммаси жонимга тегди деган гапи ота-оналар учун «сигнал» бўлиши керак. «Мени яхши кўрмайсиз, ҳаммаси жонимга тегди, мен ҳеч кимга керак эмасман», деган гап осонликча оғиздан чиқиб кетаётган гап эмас. Бу қалбнинг ҳайқириғи. Қалбнинг «мени қутқаринг, азобли ўйлардан, азобли оғир хаёллардан қутқаринг», дегани.

«Депрессия — у жуда қаттиқўл, ўзини тушкунликда кўришларини истамайди. Чалғитувчи ҳолат: Аслида сенинг қалбингдан ўтаётганини билишлари учун ўзингни ночор кўрсатишинг керак. Аммо ночор кўрсатгинг келмайди. Шу боис, қаергадир яширингнинг келади. Яширина олмайсан, демак одамларга ўзингни бахтли кўрсатишинг керак, шунинг учун ҳам оламга жилмайиб қарайсан.

Депрессия — эрталаб жуда чарчаган ҳолда турасан, дилқоронғулиги билан. Шу лаҳзаларда чақиндек чарчоғингни, дилқоронғулигингни кўрсатмаслик учун кучли истак пайдо бўлади.

Депрессия — кўз ёшлар, беҳаловатлик. Қўрқувни, қалбингдаги қоронғуликни кўз ёшларинг билан яширмоқчи бўласан. Йиғлаб туриб жилмаясан.
Депрессия — қоронғулик ва жудаям совуқ ертўлага тушиб қолгандай бўласан. Лекин шу билан сен одамлар орасида ҳаммадек бахтиёр кўрина оласан. Баҳслашишдан фойда йўқ. Чунки депрессиянинг юзи йўқ».

Бу ижтимоий тармоқдаги рус қизининг ўз саҳифасидаги депрессия ҳақида ёзганлари. Яъни, бу баъзи айни пайтда шу ҳолатдаги ўсмирларнинг қалбидан ўтаётганлари ҳам бўлиши мумкин.

Суицид айёр вирус

Кейинги пайтларда кетма-кет бир оиладан ёки бир мактабдан болалар ўз жонига қасд қилаётгани ҳақида эшитаяпмиз. Сабаби нима? У юқумлими, деган савол туғилади.

Калифорниялик социолог Дэвид Филиппис изланишлари натижаси шуни кўрсатдики, суицидга ОАВ, медиаоламнинг ҳам улуши катта экан. Социолог 1940 ва 1960 йиллар ўртасидаги суицидларни таҳлил қилар экан, бунга газеталарнинг бош саҳифасида шу мавзуга оид мақолаларнинг кўп чиққанлигини исботлаб беради. Яъни, қайси ҳудудда шу воқеа ёритилган бўлса, ўша ҳудудда бирданига суицид сони кўпайиб кетади. Айниқса, бирор машҳур шахснинг ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хабарлардан кейин одамларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари «фаол»лашади.

Масалан, Мэрилин Монро ўлимидан кейин Америкада ўз жонига қасд қилишлар сони 12 фоизга ўсади. Ушбу суиқасд бошқа кишиларга, айниқса, руҳий заифлик ёки касалликдан азият чекаётганларга ижтимоий меъёрларга зид бўлган хатти-ҳаракатни амалга ошириш учун «рухсатнома» олиб бергандек гўё.

Социолог кейинги сафар «Los Angeles Times» ва «San Francisco Chronicle» нашрларида Калифорния штатидаги йўл ҳодисаси билан боғлиқ суицидларни таҳлил қилади. Авария содир қилган ҳайдовчининг ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги мақоладан кейин икки кундан ўтиб йўл ҳаракати билан боғлиқ ҳодисалар сони 4,1, уч кундан кейин 3,1 тўрт кундан кейин 8,1 фоизга кўпайганини, фақат ўн кун ўтгандан кейин вазият яхшиланганини аниқлайди.

Рубинштейн деган яна бир мутахассис 6000 киши яшайдиган Эбэй оролида 1955 йилдан 1965 йилгача биронта суицид қайд этилмаганини таъкидлайди. 1966 йил бир ўсмир велосипед ўғрилаб қамоқхонада ўз жонига қасд қилгач, газеатанинг биринчи саҳифасидан катта мақола берилади, шундан сўнг 12 йил ичида 25 суицид ҳолати рўй беради. Яъни, бу 6000 аҳолиси бор оролда ҳар йилига иккитадан одам ўз жонига қасд қилади дегани. Яна бир қизиқ факт: Қозоғистонда ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги ахборотларнинг берилиши тўхтатилгандан кейин бу ҳолатнинг 35 фоизга камайганлиги аниқланган.

Огоҳ бўлинг, ОАВ...

Демак, ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги хабар тарқатиш билан бу вирусга чек қўйиб бўлмайди. Ҳали бундай хабарларга тайёр бўлмаган ёшларнинг онгини, қалбини кераксиз ахборотлар билан тўлдирмаслик керак. Бундай фожиа ҳақида хабар топган ички ишлар соҳасидаги ходимлар, ўқитувчилар, психологлар ўша оила билан қаттиқ шуғулланиши, бошқаларда бу ҳолатга реакциясини кузатиши, улар билан очиқ суҳбатлар ўтказиши лозим бўлади.

Воқеанинг сабаби, оқибатидан ташқари, бу чиқиб кетса бўладиган ҳолат эканлигини, ўз жонига қасд қилган одам шу нарсани англаб етмагани учун содир бўлгани тушунтирилиши лозим. Арқоннинг расмини, ёки қўл кесилганининг расмини қўйиб хабар бериш яна кимнингдир суицидига сабаб бўлиш мумкин. Аввало бундай ҳолатдаги одамга шунчаки осилиб турган сим ҳам ўзига чақираётгандек туюлади. Журналистлар бу ҳақда мақола ёзаётганда, албатта бунинг ўткинчи ҳолат эканлигини эслатиб туриши керак.

Яъни, мақола ёзилган тақдирда ҳам албатта изоҳ: «эслатиб ўтамиз бу ўткинчи ҳолат» деган қўшимча қўшилсин.

Ушбу мақола билан айтмоқчи бўлганимиз:

Атрофингиздаги шундай одамларга депрессия ҳолатига тушиш уят эмас ва шу билан бирга даволаниш ҳам уят эмаслигини англата олинг. Уларга сизнинг муҳокамангиз керак эмас. Уларга «мен буни биламан, буни ҳис қиламан, бу ўткинчи ҳолат, бунга фақат кучли бўлиш, ҳаммадан бир қадам олдинда юриш истагидаги одамлар кўпроқ мойил бўладилар. Ва бу ҳолатдан чиқиб кетгач энг кучли одамга айланади. Бу ироданинг тобланиши», деб айтишга журъат топинг.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичининг энг паст даражаси мусулмон мамлакатларида қайд этилган.

Мутахассислар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ўз жонига қасд қилиш бўйича статистикасини «Гэллап ижтимоий фикр институти» томонидан турли мамлакатлар аҳолисининг диндорлик даражаси бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари билан таққосладилар. Бу икки кўрсаткичлар орасида боғлиқлик борлиги аниқланди, яъни мамлакатда аҳоли қанчалик эътиқодли бўлса, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари шунчалик кам кузатилади.

Кейинги мақоламизда масаланинг мана шу томонига алоҳида урғу берамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг