Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўқитувчи ўқитувчилигини қилса

Ўқитувчи ўқитувчилигини қилса

Ўқитувчиларнинг профессионал фаолиятига тааллуқли бўлмаган ишларга тизимли равишда жалб этилишига чек қўйиш лозим.

Фото: «Karsu.uz»

«Gazeta.uz» сайтида Комил Жалиловнинг таълим тизимидаги муаммолар ва уларнинг таҳлилига бағишланган мақоласи эълон қилинди. Қуйида рус тилида ёзилган ушбу мақоланинг таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.


Ўзбекистонда таълим тизимидаги воқелик сўнгги бир йилдан зиёдроқ вақт давомида кескин ўзгаришларга учради. «9+3» тизими(тўққиз йиллик мактаб таълими ва уч йил коллеж ёки лицейда ўқиш)дан воз кечилди, 11 йиллик мажбурий таълимга қайтилди, лицей ва коллежларда ўқиш ихтиёрийга айланди. Айрим йўналишларда олий таълимнинг бир бўғинли тизими жорий этилди, Мактабгача таълим вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилди.

Амалдаги «Таълим тўғрисида»ги қонун янги талабларга жавоб бермай қўйди. Янги қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Лойиҳа муаллифлари кўплаб тушунчаларга аниқлик киритишди, таълим жараёни қатнашчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари доирасини белгилаб беришга уриниб кўришди, ўқувчилар ва педагогларни ижтимоий ҳимоялаш механизмларини инобатга олишди.

Бироқ Ўзбекистон таълим тизимида ҳали ҳам қатор ўткир муаммолар бор, улар ҳал қилинмас экан, ташқи шарт-шароитларнинг ўзгартирилиши сифат ўзгаришларига олиб келмайди. Янги қонун лойиҳасида бу муаммоларни ечиш механизмлари акс эттирилиши зарур.

Таълимни ҳокимиятлардан ажратиш

Биринчи муаммо — ўқитувчиларнинг профессионал фаолиятига тааллуқли бўлмаган ишларга тизимли равишда жалб этилиши.

Маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларининг ваъдаларига қарамасдан, ўқитувчиларни қишлоқ хўжалиги ҳамда ободонлаштириш ишларига олиб чиқаверишди. Самарқандлик ўқитувчи билан содир бўлган машъум ҳодисадан сўнг бир-иккита амалдорнинг бошида калтак синди. Бироқ, журналистлар тўғри таъкидлашганидек, таълим муассасалари ва бошқарув органлари раҳбарларининг ўзи ҳам қайсидир даражада вазият қурбони бўлиб қолишаяпти.

Улар — шунчаки оддий ижрочилар: бепул ўқитувчилар кучидан фойдаланиш ташаббуси улардан чиқмаслиги равшан. Бироқ улар болға ва сандон ўртасида қолиб кетишаяпти: агар ҳокимга қулоқ солмай ўқитувчиларини ишлатгани олиб чиқишмаса — ҳоким уларни ишдан олади; агар ишлатгани олиб чиқишса-ю фавқулодда ҳолат рўй берса — вазирлик ёки прокуратура ишдан бўшатади, чунки буйруқ ҳокимдан келганини исботлай олмайсан.

Муаммо шунчалик жиддийки, ҳатто бунга Президент эътибор қаратди, ҳокимларга ўқитувчиларни ободонлаштириш ишларига олиб чиқишни ман этди. Кўп ўтмай Бош вазир раислигида ўтказилган селектор йиғилишида ҳокимлар ўқитувчиларни ҳар хил ишларга жалб қилмасликка астойдил ваъда беришди.

 Ўқитувчиларнинг турфа хил ишларга тизимли равишда жалб этиб келиниши бутун таълим тизимида қандай асорат қолдирганини кўриб турибмиз.

  1. Бир томондан қоғоз ишлари, иккинчи томондан «жамоат ишлари»га кўмиб ташланган ўқитувчиларда ўз устида ишлашга на вақт, на хоҳиш қолаяпти. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг «Facebook»даги саҳифасида келтирилган маълумотларга қараганда, ўртача ҳисоблаганда ўқитувчиларнинг ярмидан сал кўпроғигина аттестация жараёнидаги тест синовларидан ўта олмоқда. Ҳолбуки, муаллифнинг билишича, аттестацияда уларга мактаб дастуридаги ўзлари ўтадиган фанлардан саволлар берилаяпти.

Ўзингиз ўйланг: бу мамлакат бўйлаб ўқитувчиларнинг қарийб ярми ўз фанини мактаб ўқувчиси даражасида билмаслигини англатади. Ва туташ занжир юзага келмоқда: қоғоз ишлари ва «жамоат ишлари»га кўмиб ташланган ўқитувчиларда касбий маҳорат етишмайди, касбий маҳоратсиз ўқитувчилар ўзларининг бошқа ишларга жалб этилишига қарши эътироз билдиришга ботинолмайди.

  1. Ўқувчилар кўз ўнгида ўқитувчиларнинг обрўси тўкилмоқда, бу, назаримизда, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва қоидабузарликлар сони ҳамон юқори бўлиб туришининг бевосита сабабларидан биридир. Мен мактабда ўқиб юрганимда ўқитувчиларнинг ҳурмати баланд эди, биз ахлоқ-одобни улардан ўрганардик. Ўз ўқувчилари, уларнинг ота-оналари кўз ўнгида «бир айланиб» мардикорга айланиб қолган ўқитувчида обрў қоладими?
  2. Ўз фанини чуқур ўзлаштирган, яхши дарс берадиган кўплаб ўқитувчилар давлат таълим секторини тарк этмоқда. Улар ё ортиқча ёзув-чизув ва «жамоат ишлари»дан холи ва маоши анчагина дуруст хусусий секторга ўтиб кетишаяпти, ёки бўлмаса уйларида репетиторлик билан шуғулланишни афзал кўришмоқда.

Юзага келган ҳолатда таълим тизими — халқ таълими бошқармалари (бўлимлари) ва таълим муассасаларини маҳаллий ҳокимликлардан ажратиш ва уларнинг вертикал бўйсунувини фақат ўз вазирлиги доирасида қолдириш, шунингдек, маҳаллий ҳокимликлардан молиявий ва кадрлар бўйича мустақиллигини таъминлаш муаммонинг ечими бўлиши мумкин.

Қачонки халқ таълими бошқармалари (бўлимлари) раҳбарлари ҳокимлар босими остида бўлмаса, қачонки ўқитувчилар бутун вақтини бевосита ўз вазифаларига, профессионал ўсиш ва дам олишга ажрата олса, балки шундагина ўқитувчининг нуфузи ошиши ва кўплаб ўз касбининг устаси бўлган педагогларнинг таълим соҳасига қайтиши, сифатли таълим ҳақида гапириш ўринли бўлар.

 «Таълим тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича таклифлар

  1. Таълим соҳасидаги бошқарув органларининг тегишли вазирликларга вертикал бўйсунувини мустаҳкамлаб қўйиш, маҳаллий ҳокимиятлар халқ таълими бошқарма(бўлим)ларига таъсир ўтказишининг исталган механизм ва ваколатларини ёки таълим муассасалари раҳбарларига босим ўтказишини чеклаш мақсадида лойиҳанинг 18, 19, 20, 25-моддаларига ўзгартиришлар киритиш.
  2. 36-модда матнидан «мажбурий» сўзини олиб ташлаш. Эҳтимол ўшанда текин ишчилар армиясидан маҳрум бўлган ҳокимлар, мамлакат раҳбарияти ташрифи арафасида кўзбўямачилик қилмасдан, ўзларига ишониб тоширилган ҳудудларни ободонлаштириш муаммоларини тизимли равишда ҳал қиладиган бўлишади.

ОТМ ўз уйида хўжайин эмас

Иккинчи муаммо — олий ва ўрта махсус таълим тизимининг сустлиги, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг мустақил эмаслиги ва олий таълим олишнинг чекланганлиги.

Амалдаги мутахассислар тайёрлаш тизими ўта бюрократиялашгани ҳамда фанлар ва дарс соатлари залвори туфайли сифатли мутахассислар тайёрлаб беролмайди. Тошкент давлат юридик университети проректори Мансур Камолов тўғри таъкидлаганидек, ОТМларнинг мустақил эмаслиги олий таълимнинг энг асосий муаммоларидан биридир.

ОТМлар тез ўзгарувчан жараёнларга тез киришиб кета олмайди ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (ОЎМТВ) рухсатисиз ўз ўқув режалари ва дастурларига ўзгартиришлар кирита олмайди. ОТМ талабалари бўлажак касбида аксарияти керак бўлмайдиган кўпсонли фанлар билан боғлаб ташланган. Бундан ташқари, аудитория соатларининг жуда кўплигидан, уларда замонавий олий таълим ва касб-ҳунар таълимининг асоси ҳисобланган ўз устида мустақил ишлаш учун вақт қолмайди.

Профессор-ўқитувчилар таркиби ОЎМТВнинг амалдаги қўлланмалари талабидан келиб чиқиб кўпсонли дарс соатларини бажариш учун семестр давомида бир нечталаб фанни ўтишга ва фан тараққиётига хизмат қилмайдиган ва ҳеч ким иқтибос келтирмайдиган (иқтибос келтириш индекси халқаро ташкилотлар ОТМ рейтингини белгилашида энг муҳим мезонлардан бири саналади) сохта илмий мақолаларни чиқаришга мажбур.

Бу юклама вазирликдан кунига келиб тушадиган ва дарҳол тўлдириш талаб қилинадиган саноқсиз жадваллар ва формалар билан оғирлашиб бораверади. Жаҳон банки ҳисоботида таъкидланишича, мустақиллик, жумладан, ОТМларнинг ўқитиш жараёни мустақиллиги уларнинг тез ўзгараётган муҳитга мослашувчанлигининг зарур шартидир. Буни англаган Тошкент давлат юридик университети ва Тошкент ахборот технологиялари университети ўзлари учун зарур шароитларга эришишди. Бироқ сифатли мутахассислар нафақат ҳуқуқшунослик ёки ахборот технологиялари соҳасига, балки бошқа соҳаларга ҳам керак.

Жаҳон банкининг ўша ҳисоботига кўра, бизнинг мамлакатимиз олий таълим билан ўта паст даражада қамраб олинган: статистикага биноан ОТМларга қабул йиллик квотаси ўрта таълим битирувчилари умумий сонига нисбатан ўртача 10 фоизни ташкил этади.

Муаммоларни ечиш йўллари

  1. Коллеж ва ОТМларга давлат таълим стандартлари талабларига жавоб берадиган мутахассислар тайёрлаши учун ўқув режалари ва дастурларини мустақил тасдиқлаш ҳуқуқини тақдим этган ҳолда академик мустақиллик бериш. Олий таълим муассасаларининг рейтингларида мунтазам етакчиликни сақлаб келаётган АҚШ, Европа ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари тажрибаси таълим муассасаларининг мустақиллиги уларга фан, ишлаб чиқариш ва хизматлар соҳасидаги ўзгаришларга тезда мослашиш имкониятини тақдим этиб, соғлом рақобатни юзага келтириши ва таълим сифатига ижобий таъсир қилишини кўрсатади.

Таълим муассасалари талабаларни жуда кўп фанлар ва дарс соатларидан озод қилиб, уларнинг ўз мутахассислигига кераклича диққат қаратиши, шунингдек, мустақил тадқиқотларга кўпроқ вақт ажратишига имкон бериши шарт.

  1. Олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига профессор-ўқитувчилар билан меҳнат муносабатларини мустақил тартибга солиш ҳуқуқини бериш орқали уларнинг эътиборни кўпроқ сонга эмас, сифатга қаратишига эришиш, ўқитувчиларни ортиқча юкламалардан озод қилган ҳолда илмий ва педагогик тадқиқотлар билан шуғулланишига имконият бериш.
  2. Профессионал ва олий таълим қамровини сиртқи, кечки, масофавий ва аралаш (blended learning— кундузги ва масофавий таълим аралашмаси) таълим олиш имкониятларини кенгайтириш орқали ошириш.
  3. Коллежнинг ўрта бўғин мутахассислари тайёрловчи таълим муассасаси сифатидаги нуфузини ошириш, жумладан, профилли коллежларнинг мутахассислиги бўйича муайян стажга эга битирувчиларига тезлатилган таълим дастурлари бўйича олий таълим олиш учун қўшимча имкониятлар (мисол учун, юридик коллежлар битирувчилари учун кўзда тутилган шундай дастур 2020/2021-ўқув йилидан ТДЮУда ишга туширилади) тақдим этиш орқали.
  4. Абитуриентларга ҳужжат топширишда бир нечта таълим муассасасини танлаш ҳуқуқини бериш — бундай ҳолатда чекланган квоталар шароитида ўқув муассасаларига яхшироқ тайёрланган абитуриентлар қабул қилинади. Ҳозирги — абитуриент фақат битта ўқув муассасасига ҳужжат топшириш имкониятига эга ҳолатда шуниси ҳам кузатилади: нуфузлироқ ўқув муассасасини танлаган ва яхши тайёрланган абитуриент атиги бир неча балл, ҳатто ўндан бир балл ҳам етмай қолиши туфайли ўқишга киролмайди, аксинча, бошқа бир ўқув муассасасида ўтиш балларини аранг тўплаган кучсиз абитуриент талабаликка қабул қилинади.

«Таълим тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича таклифлар

  1. Қонун лойиҳасининг 20 ва 28-моддаларига ўзгартириш киритиш ва ўрта махсус ва олий таълим муассасаларига, жумладан, ўқитиш жараёнларига кўпроқ эркинлик беришни мустаҳкамлаб қўйиш.
  2. Қонун лойиҳасининг 11-моддасига ўзгартириш киритиш ҳамда ўрта махсус ва олий таълимда нафақат кундузги, балки бошқа ўқитиш турларини ҳам қонунийлаштириш.
  3. Профессионал таълим олган ва муайян иш стажига эга шахсларнинг тезлатилган дастурлар орқали олий таълим олиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш (масалан, Қозоғистоннинг «Таълим тўғрисида»ги қонуни 21-моддаси 4-қисмида белгилангани каби).
  4. Қонун лойиҳасининг 11-моддасига ўзгартириш киритиш орқали нафақат бакалавриат ва магистратурага, балки бир бўғинли олий таълимга ҳам аниқлик киритиш.
  5. Қонун лойиҳасининг 31-моддасига ўзгартириш киритиш орқали абитуриентга бир нечта олий ва ўрта махсус ўқув муассасаларига ҳужжат топшириш ҳуқуқини тақдим этиш.
  6. Қонун лойиҳаси 26-моддасининг олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида давлат тилини мажбурий ўқитиш қисмига ўзгартириш киритиш. Олий ва ўрта махсус таълим муассасалари бўлажак мутахассисликка тааллуқли бўлмаган фанлардан максимал даражада тозаланиши шарт.

Чет тилларини ўқитиш тажрибасининг кўрсатишича, сифатли таълим шароитида таҳсил олувчи ҳатто тил муҳити мавжуд бўлмаганда ҳам 1,5-2 йилда тилдан эркин фойдаланишни ўрганади. Демак, давлат тили сифатли ўргатилса, таълимнинг даврийлиги (2-синфдан 11-синфгача) ва тил муҳитининг мавжудлиги назарда тутилганда, мактабдаги ўқитишнинг ўзи ўзбек тилини яхши ўзлаштириш учун кифоя қилиши керак.

Ишлашга халақит берувчи ҳисобот

Мен Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги лицейда ишлаган 2000-йилларнинг бошларида ўқитувчилар қоғозларга бунчалик кўмиб ташланмаганди. Биз ҳамкасбларимиз билан ўз соҳамиздаги янгиликлардан доимо бохабар бўлишга интилардик, республикамиздаги ва халқаро танловларда қатнашардик, матбуотда чиқардик, хуллас, доимий ижодий изланиш муҳити ҳукмрон эди. Ўқувчиларимиз олимпиадаларда ғолиб бўлишган, халқаро академик алмашинув дастурларида қатнашишарди, кўплари лицейни битириб мамлакатимиздаги ва чет эллардаги нуфузли олий ўқув юртларига киришган.

Кейин эса «педагогик юклама» тушунчаси пайдо бўлди. У нима? Ўқитувчининг таълим муассасасидаги ставкаси ўртача 18 — 22 аудитория соати(машғулот)га тенг. Бу машғулотлар журналга ёзилади ва иш ҳақини ҳисоблашда асос бўлиб хизмат қилади. Меҳнат кодексининг 118-моддасига кўра ўқитувчилар қисқартирилган меҳнат ҳафтаси (36 соат) ҳуқуқига эга ходимлар тоифасига киради. Улар аудиториядан ташқаридаги вақтларини ўз хоҳишларига кўра дарсларга тайёрланиш, ўз устида ишлаш, ўқувчиларнинг назорат ишлари ва уй вазифаларини текшириш ва бошқа педагогик фаолият билан боғлиқ ишларга сарфлашган.

Аммо кейинчалик амалдорлардан кимдир ўқитувчилар белгиланган 36 соатни ишлаб бермаяпти деган қарорга келди ва ўқитувчининг йиллик юкламасини 1540 соат қилиб ҳисоблаб чиқди (ҳафтасига 36 соат х 42 дан зиёд иш ҳафтаси) ва ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари ўқитувчилари қанча вақтини нималарга сарфлаши шартлигини тақсимлаб берди.

Донги чиққан педагогик юклама мана шу бўлади. Масалан, 80 дақиқалик битта дарсга тайёргарлик кўриш учун дарс вақтининг 30 фоизидан 50 фоизигача, яъни 24-40 дақиқа етарли деб ҳисоблашди. Аммо ўқитувчи бўлиб ишлаб кўрган истаган киши дарсга рисоладагидай тайёрланиш учун икки-уч баравар кўп вақт талаб этилишини билади, чунки дарс — фан ва методика бўйича билимлар синтези. Бу мавзуни ўқитувчи илгари бошқа аудиторияга ўтгани муҳим эмас — ҳар бир аудитория ўзига хос бўлиб, дарсни ташкил этиш ва материални етказишнинг ўзига хос ёндашувини талаб қилади.

Ёки 30 соат ичида илмий мақола ёзиш мумкинми? Балки бунча вақтда очиқ манбалардан нималарнидир кўчириб-ёпиштириш мумкиндир, бироқ асло илмий янгилик ёки таҳлилга даъво қилувчи мақола ёзиб бўлмайди. Ўқитувчилик ҳам, таъбир жоиз бўлса, ёзувчилик, актёрлик ёки мусиқачиликка ўхшаш ижодий касб. Тасаввур қилинг, актёрнинг сценарийни ўқиш, ролни ўрганиш, грим ва ҳоказо ишларга қанча вақт сарфлаши кераклиги белгилаб қўйилса нима бўлади? Яна ҳар бир хатти-ҳаракати учун қоғоз сўралса-чи? Бу билан актёр ўз ролини яхшироқ ўйнашни бошлайдими? Қайдам. Айнан шунинг учун ўқитувчиларнинг вақтини қатъий ҳисоблашнинг жорий этилиши таълим сифати тушишининг бошланиши бўлди.

Ёзувчи, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети кафедраси мудири Улуғбек Ҳамдам тўғри таъриф берганидек, қоғозбозлик — замонамиз вабоси! У таълимда симулякр ҳодисасини пайдо қилиб бўлди: қоғозда иш кетаверади, лекин амалда қоғоздагининг ярми ҳам бўлмайди. Гоҳида эса умуман ҳеч вақо бўлмайди.

Агар бизга фақат комиссиялар учун тўлдириладиган қоғоздаги сифат эмас, балки таълим ва фандаги сифат керак экан, ўқитувчиларнинг вақтини бунақанги «аниқ»лашдан ва ҳар қадамини «қоғоз» билан ўлчаш талабидан воз кечишимиз ва буни таклиф этилаётганн қонун лойиҳасининг 36-38-моддаларига ўзгартириш киритиб мустаҳкамлаб қўйишимиз шарт.

Таълимдаги қонуний хусусий сектор сари

Қонун лойиҳасидаги яна бир бўшлиқ «нодавлат таълим муассасалари» ва «таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар» ўртасидаги фарқ аниқ-равшан белгилаб қўйилмагани, халқ тилида «ўқув марказлари» («ўқув курслари») деб аталувчи муассасалар статусларининг тушунарсизлиги, шунингдек, якка тартибда таълим хизматлари кўрсатувчилар — репетиторлар тушунчасининг йўқлигидир.

Айни пайтда мактаб дастурига киритилган тил ва фанларни ўрганиш, муайян касбларни эгаллаш (масалан, бичиш ва тикиш, бухгалтерия, сартарошлик ва ҳоказолар) бўйича хизматлар кўрсатувчи барча «ўқув марказлари» — юридик шахслар НТМ (нодавлат таълим муассасаси) статусига эга. Аслида эса бундай юридик шахслар тижорий ташкилот саналади ва бозор талаби асосида таълим хизматларини кўрсатиб ўз олдига фойда олишни мақсад қилиб қўяди; бундай ташкилотларнинг таъсисчилари фойда олиш учун айрим ҳийлаларга ҳам қўл уради. НТМ статусига эга Тошкентдаги Турин политехника университети ёки Тошкентдаги Сингапурнинг менежментни ривожлантириш институтидан фарқли ўлароқ, бундай юридик шахслар («ўқув марказлари») давлат тан оладиган ва муайян ҳуқуқлар берадиган ҳужжатлар тақдим этилишига даъвогар бўлолмайди. Якка тартибда таълим хизматлари кўрсатувчи шахслар — репетиторлар фаолияти қонун лойиҳасида умуман тартибга солинмаган.

Қонун лойиҳаси бўйича таклифлар

  1. «Нодавлат таълим муассасалари» сифатида давлат томонидан тан олинадиган ва таълимнинг кейинги босқичида таҳсил олишни давом эттириш ёки муайян касбий фаолият билан шуғуланиш ҳуқуқини берадиган ҳужжат (аттестат, диплом, сертификат) берувчи муассасаларни тушуниш керак. Бу муассасаларга улар берадиган ҳужжат давлат томонидан тан олингани учун аттестация ва аккредитация қоидалари татбиқ этилиши лозим. Бироқ шуни тушуниш керакки, уларни аттестациялаш ва аккредитациялаш тартиби давлат таълим муассасаларини аттестациялаш ва аккредитациялаш тартибидан тафовут қилиши мумкин, масалан, халқаро ОТМларнинг Тошкентдаги филиалларида бўлгани каби. Бунинг учун қонун лойиҳасининг 3, 21, 23, 51 ва 52-моддаларига ўзгартириш киритиш зарур.
  2. «Таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар» сифатида қисқа курслар кўринишида таълим хизматлари кўрсатувчи ва давлат томонидан тан олинадиган ҳужжатга эгалик қилишга даъвогарлик қилмайдиган юридик шахсларни тушуниш керак. Бу муассасалар тақдим этадиган ҳужжатлар давлат томонидан тан олинмаслиги ва муайян ҳуқуқлар бермаслиги сабабли (ОТМга кириш имтиҳонларига тайёрловчи курсларни таклиф этувчи аксарият ўқув марказлари ўқишни тугатганлик тўғрисида ҳеч қандай ҳужжат бермайди) уларга аттестация ва аккредитация талабларини татбиқ этиш ўринсиз. Уларнинг хизматларини энг яхши назорат қилувчи бозор — рақобат шароитида ҳеч ким сифатсиз хизматларга пул сарфламайди. Бунинг учун қонун лойиҳасининг 3, 21, 23, 51 ва 52-моддаларига ўзгартириш киритиш керак.
  3. Қонун лойиҳаси 21 ва 31-моддаларининг нодавлат таълим муассасалари ва таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларга қабул қисмларига, шунингдек, уларнинг хизматлари нархини ўрнатиш қисмига ўзгартиришлар киритиш зарур. Қабул қоидалари ва муддатлари, шунингдек, ўқиш учун тўлов шартларини нодавлат таълим муассасалари ва таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар мустақил ҳал қилиши лозим. Амалиётда кўриб турибмизки, айрим НТМ статусига эга чет эл ОТМлари филиалларининг ўзлари бош ОТМ билан келишган ҳолда ўқишга қабул қилинаётганлар (талабалар) учун муддат ва талабларни ўрнатишмоқда, ўқув марказлари эса гуруҳларнинг тўлганлиги ва хизматларининг рентабеллик даражасига қараб ўқувчиларни қабул қилмоқда. Бундай муассасалар хизматлари нархини ўз харажатларидан келиб чиқиб мустақил белгилайди.
  4. «Таълим хизматлари кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор» тушунчасини киритиш керак. Бу тушунча «Таълим тўғрисида»ги Россия (32-модда), Беларус (246-модда) ва Қозоғистон (37-модда) қонунларида мавжуд ва бундай фаолият лицензияланмайди. Бу репетиторларнинг статусини қонунийлаштириб, уларга ўз фаолиятини қонун доирасида ташкил этиш имконини берган бўлар эди.

Комил Жалилов

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг