Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Порох солинган бочка». Туркия Шом заминида учинчи бор ҳарбий операция ўтказадими?

«Порох солинган бочка». Туркия Шом заминида учинчи бор ҳарбий операция ўтказадими?

Сурияда 2011 йилдан буён давом этаётган фуқаролик урушида 465 минг киши ҳалок бўлди, 12 миллион киши бошпанасиз қолди.

Фото: AFP

Сўнгги ойларда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон бир неча баёнотида Туркия қуролли кучлари Сурия шимолида ҳарбий операция ўтказиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Хўш, турк қўшинининг Шом тупроғига кириш эҳтимоли қанчалик ҳақиқатга яқин? Расмий Анқаранинг ушбу қарори Сурияни геосиёсий кураш майдонига айлантирган икки йирик давлат – АҚШ ҳамда Россия томонидан қандай қабул қилинмоқда?

Миллий хавфсизликка таҳдид

Яқингача минтақанинг гуллаб-яшнаган мамлакатларидан бири саналган Сурия 2011 йилдан буён давом этаётган фуқаролик уруши туфайли хомталаш бўлди, парокандаликка юз тутди. Мамлакатнинг катта қисми президент Башар Асад назоратида. Паймонаси тўлаёзган «Ислом давлати» террорчи тўдаси бир неча кенту қасабада жон сақлаётир. Яна айрим шаҳарлар мўътадил қарашдаги мухолиф гуруҳлар бошқарувида. Туркия билан чегарадош каттагина ҳудудни эса PYD (Демократик иттифоқ партияси), YPG (Халқ мудофааси отрядлари) каби гуруҳлар эгаллаган. Туркия раҳбарияти PKK (Курдистон ишчи партияси) террорчи ташкилотининг қўш қаноти саналган мазкур икки гуруҳни мамлакат хавфсизлигига асосий таҳдид деб билади.

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон. Фото: Anadolu Ajansı 

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон кўпдан буён Сурия шимолини курд жангариларидан тозалаш ва Фурот дарёси шарқида хавфсиз ҳудуд ташкил этиш лозимлигини талаб қилиб келмоқда.

Расмий Анқара режасига кўра, Сурия билан чегарадош минтақада узунлиги 450 километр, эни 30 километр бўлган хавфсиз ҳудуд ташкил қилиниши ва у ерда бир миллион қочқиннинг тинч-осойишта ҳаёти таъмин этилиши лозим (Туркия ҳозирга қадар 3,6 миллион қочқинни бағрига олган бўлиб, уларнинг асосий қисми сурияликлардир).

Туркия етакчиси сўнгги баёнотларида хавфсиз ҳудуд масаласи сентябрь ойи охирига қадар ҳал этилиши лозимлигини таъкидлади. Бу борада Сурия урушида фаоллик кўрсатаётган Москва ва Вашингтон ҳам огоҳлантирилган. Президент Эрдўғоннинг қайд этишича, ушбу икки мамлакат билан Сурия шимолини курд жангариларидан тозалаш ва хавфсиз ҳудуд ташкил этиш борасида келишувга эришилмаса, Туркия мустақил ҳолда ҳарбий операцияга ўтказишга мажбур бўлади.

«Туркия хавфсизлиги бу НАТО ҳамда бутун минтақа хавфсизлиги демакдир», – деб таъкидлаган Ражаб Тоййиб Эрдўғон.  

Анқара – Москва – Вашингтон: таранглашаётган муносабат

Сурияда турли мақсад, турли илинжда жанг қилаётган катта-кичик гуруҳлар буни эҳтимол англамаётгандир, аммо бугун Шом тупроғи йирик салтанатлар учун ўзаро ҳисоб-китоб майдонига айлангани аччиқ ҳақиқат. Катта сиёсий ўйинларда эса тинч аҳоли ҳаёти сариқ чақалик аҳамият касб этмаслиги маълум.

Мўътадил қарашдаги мухолифат қарийб ярим асрдан буён ҳукмфармолик қилиб келаётган Асадлар оиласини ҳокимиятдан четлатиб, янги демократик давлат қуриш умидида. Мутаассиблик йўлини тутган тўдаларнинг муддаоси кундек равшан. АҚШ ва Россия эса ўз кўмочига кул тортиш билан овора. Сурия келажаги, жангари тўдаларга қарши кураш ва қуролли зиддиятни бартараф этиш борасида давлатларнинг нуқтаи назарлар турлича. Дейлик, Россия раҳбарияти Башар Асадни ҳокимиятда сақлаб қолиш учун жон олиб жон бермоқда. Кремль истиқболда ҳам рус ҳарбий контингенти Сурияда қолиши ва минтақадаги жараёнларга фаол таъсир кўрсатишини истайди.

Расмий Вашингтон ўз халқига қарши кимёвий қурол қўллаган Башар Асадни ҳокимиятдан четлатиш тарафдори. Қўшма Штатлар, айни чоқда, Суриядаги курдлар кўпроқ сиёсий ҳокимиятга эга бўлиши ҳамда мухторият ташкил этишига хайрихоҳ. Бу эса мамлакат ҳудудий яхлитлигини савол остида қолдиради.

Туркия раҳбарияти ҳам «қўли қонга ботган» президент Асаднинг истеъфо беришини ёқлайди. Аммо Анқара Вашингтоннинг Суриядаги террорчи курд гуруҳларини дастаклашини асло қабул қила олмайди. Туркия кўпдан буён АҚШдан қўлловни тўхтатишни талаб қилиб келади. Турк раҳбарияти, шунингдек, Сурия шимолини жангарилардан тозалаш бўйича Қўшма Штатларга ҳамкорлик таклиф этган.

Турк ҳарбийлари бунга қадар Сурияда «Фурот қалқони» ва «Зайтун новдаси» операцияларини ўтказган. Фото: Anadolu Ajansı

«Қўй терисини ёпинган бўри»

Туркия қарийб 40 йилдан буён террор балосига қарши курашиб келмоқда. Энг ашаддий террор гуруҳи саналган PKK (Курдистон ишчи партияси) мамлакатда ва хорижда юзлаб бегуноҳ инсон ҳаётига зомин бўлган.

Тадқиқотларга қараганда, PYD (Демократик иттифоқ партияси) – Курдистон ишчи партиясининг Суриядаги шохобчасидир. YPG (Халқ мудофааси отрядлари) эса PYDнинг жанговар қаноти ҳисобланади. Хавотирли жиҳати шундаки, Шом ўлкасидаги бошбошдоқлик боис PYD ва YPG жангарилари ўз фаолиятини қонунийлаштиришга уринаётир. Турк таҳлилчилари мазкур икки гуруҳни «қўй терисини ёпинган бўри» деб атайди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи «PKK»ни террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган. Аммо Ғарбнинг айрим мамлакатлари Суриядаги курдлар томонидан ташкил этилган PYD ҳамда «YPG»ни гоҳ ошкора, гоҳ яширин қўллаб-қувватлайди.

Фурот бўйидаги жанглар

Расмий Анқара Сурия муаммосини ҳарбий операциясиз, ҳамкор давлатлар билан бир ёқадан бош чиқариб ҳал этишга уринмоқда. Жорий йил 8 сентябрдан Туркия ва АҚШ ҳарбийлари Сурия шимолида биргаликда кузатув амалиётини бошлади. Аммо Фурот дарёси шарқида хавфсиз ҳудуд ташкил этиш режаси ортга сурилаверса, президент  Эрдўғон таъкидлаганидек, турк қўшини Сурия шимолида мустақил ҳарбий операция ўтказиши ҳам мумкин.

Туркия бунга қадар Сурияда икки йирик ҳарбий операцияни ўтказган. 2016 йил 24 августдан  2017 йил 29 мартга қадар давом этган «Фурот қалқони» (Fırat Kalkanı) амалиётидан сўнг Ҳалаб музофотидаги бир неча минг чақирим ҳудуд жангариларидан тозаланган.

Террор ўчоқларини йўқ қилиш мақсадида 2018 йил 20 январда бошланган «Зайтун новдаси» (Zeytin Dalı Harekâtı) амалиёти ҳам турк ҳарбийлари ғалабаси билан якунланган. Хусусан, Африн шаҳридан жангарилар сиқиб чиқарилган ва хавфсиз ҳудуд ташкил этиш йўлида навбатдаги қадам ташланган. Ушбу амалиётда 3606 террорчи ўлдирилган, 50 га яқин турк аскари ҳалок бўлган. Расмий Анқарага кўра, Туркия қўшни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг терроризмга қарши тўғридаги резолюцияси ҳамда БМТ Низомининг 51-моддасига таяниб ҳаракат қилган.

Яқин тарихда Болқон яримороли «порох солинган бочка» деб аталган эди. Кейинги саккиз йил ичида кўҳна Шом замини Болқон каби уруш ўчоғига айланди. Фото: AFP

Қуёши ботган ўлка

Айни пайтда халқаро ҳамжамият Суриянинг Идлиб музофотидаги жараёнларни диққат билан кузатмоқда. 2018 йил 17 сентябрдаги келишувга кўра, Сурия зиддияти иштирокчилари Идлиб музофотида ўт очишни тўхтатиши лозим эди. Аммо ҳозирга қадар мазкур келишув бир неча маротаба бузилди. Башар Асад назоратидаги кучлар Россия қўллови билан Идлибдаги гуруҳларга қарши қуролли ҳужумлар уюштирди. Сурия ҳаво кучлари, шунингдек, 19 август куни Туркия ҳарбий карвонига зарба берди. 31 август куни эса АҚШ ҳаво кучлари Идлибдаги жангари гуруҳларга қарши авиазарбалар йўллади. БМТ ҳисоб-китобига кўра, сўнгги уч ойда ўт очишни тўхтатиш битимига риоя этилмагани оқибатида музофотда 781 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди. Кузатувчиларга кўра, томонлар зудлик билан ўт очишни тўхтатмаса, ҳудудда гуманитар инқироз юзага келиши аниқ.

Собир Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг