Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Саккиз тилда сўзлашувчи ўзбек қизи: «Германияда ўзбек тили кафедрасини очмоқчиман!..»

Саккиз тилда сўзлашувчи ўзбек қизи: «Германияда ўзбек тили кафедрасини очмоқчиман!..»

Фото: «Xabar.uz»

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳамизнинг бу галги суҳбатдоши Германиянинг Bremen университети магистратура босқичи талабаси Зубайда Тошева. Қаҳрамонимиз Бухоро вилоятида туғилган. Инглиз, рус, немис, турк, дарий ва тожик тилларида эркин гаплашади. Ҳозир испан тилини ўрганмоқда.

У билан суҳбатимиз магистратура учун нега айнан Германияга кетгани, хорижий тилларни ўрганишда нималарга аҳамият бериш кераклиги, илмий иши ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

Хурсандчилик кунларда доим китоб совға қилганлар

Умуман олганда, бизнинг оиламизда университетда таълим олиш – бу анъана. Отам иккита олий таълим даргоҳини тугатганлар. Биз – тўрт фарзандни ҳам ўқитиб, барчамизни университетларда таҳсил олишимиз учун болалигимиздан шароит яратиб берган. Ҳаётда эришган ҳар бир ютуғим орқасида ота-онам ва уларни хурсанд қилиш истаги ётади.

Менинг икки опам ва акам бор. Оилада кенжа бўлсам ҳам, бизда бирдек муносабатда бўлишган. «Қизлар албатта билимли бўлиши керак» – бу отамнинг фикрлари. Болалигимизда улар байрамларда ва туғилган кунларда бизга китоб совға қилардилар. Шу сабабли уйимизда ўзимизнинг кутубхонамиз бор. Ҳозир ҳам невараларига китоб совға қиладилар, опаларим ҳам бу анъанани ўз фарзандларида давом эттирмоқда. Айнан инглиз тилига қизиқишимга сабаб – бу ўша кутубхонадаги инглиз тилидаги рангли китоблар бўлган.

Менинг иккинчи опам республика олимпиадасида 1-ўринни эгаллаганди. Бу менга жуда катта мотивация берган, ота-онам қувониб, фахрланганларини кўриб, мен ҳам бир кун уларни шундай қувонтиришни ўзимга мақсад қилган эдим.

Инглиз тилида китоблар ўқиганман, интернет орқали дўстлар орттирганман. Шу аснода Бухоро давлат университетининг инглиз тили филологияси факультетига ўқишга кирганман.


Немис тили мен учун чиройли тил ҳисобланган

Университетда таҳсил олган кезларим, инглиз тилидан ташқари иккинчи тилни ўрганиш учун имконият бўлган. Шунда мен немис тилини танлаганман. Сабаблари кўп: биринчидан бу мен учун чиройли тил, иккинчидан – Германия тараққий этган давлат ва у кўпгина грантларни тақдим этади, учинчидан – асл Европа маданиятини ҳалигача сақлаб қолган давлатлардан бири. Бундан ташқари, талабаларга кўпгина имкониятлар бор. Немисларнинг пунктуаллиги менга доимо ёқарди – барча ишлар вақтида бажарилади ва катта жавобгарлик ҳисси билан.

Бакалавр босқичини тамомлаганимдан сўнг, бир йилдан ортиқ вақт мобайнида Германия элчихонаси ҳузуридаги VISAMETRIC – Шенген виза расмийлаштириш бўлимида меҳнат фаолиятимни олиб борганман. Шунда Германияда магистратура учун қандай имтиёзлар борлигини ўрганганман ва ўқишга кириш учун барча ҳужжатларни тайёрлаганман.

«Кўп тил билган – дунёни англайди, уни забт этади»

Германияда таҳсил олиб, мен мустақил ва ҳаётда ўзига ишонган шахс бўлишни ўргандим. Болалигимда отам бизга «Кўп тил билган – дунёни англайди, уни забт этади», деб айтардилар. Шу сабабли мактаб чоғидаёқ мен 4 та тилда мукаммал сўзлаша олардим – булар ўзбек, рус, тожик ва инглиз тиллари. Барчасини мустақил ўрганганман, яъни уйда биз 3 та тилда суҳбатлашардик –ўзбек, рус ва тожик. Инглиз тилини мактабда қизиқиб ўрганганман.

Германияга келганимдан кейин турк ва дари (форс тилининг афғонча шеваси) тилларини ўргандим. Ҳозирги кунда жами 7 та тилда эркин суҳбатлаша оламан ва ҳозир испан тилини ўрганяпман. Бу қобилиятим немислар учун жуда ноодатий, чунки улар асосан фақат ўз она тилларини билишади.


Бременда яшаш – менга осудаликни ҳадя этди

Ҳозир мен Бремен университетининг «Инглиз тилида сўзлашувчи давлатларининг маданий алоқалари» йўналишида магистратурада таълим оляпман, бу менинг иккинчи магистратурам. 2020 йили Гамбург универститетининг «Инглиз тили – халқаро тил» факультетига ўқишга кирганман. Гамбург – бу катта шаҳар, мегаполис. Унда ҳаёт тўхтамайди, куну-тун ҳаракатда бўлади. У ерда катта рақобат ва шунга жавобан катта талаб бор. Гамбургдан кейин Бременда яшаш – менга осудаликни ҳадя этди. Бу ерда ҳақиқий немис маданияти ва ҳаётини кўрдим – инсонлари меҳрибон, эътиборли.

«Бременлик мусиқачилар» мультфильмини болалигимда кўп кўрганман, лекин бир кун келиб шу шаҳарда яшашимни тасаввур ҳам қилмаганман.

Талаба бўлиб дунё бўйлаб кўп саёҳат қилдим. Европанинг таниқли шаҳарларини томоша қилдим, миллий таомларини тановвул қилдим, тарихий обидалари атрофида сайр қилдим. Бу орзуим эди ва Германиядаги таҳсилим бу орзуимни рўёбга чиқарди. Лекин қаерда бўлсам ҳам, ўзбек оиласининг фарзанди эканлигимни унутмадим, маданиятимизга ҳурмат кўприги эканлигим сабаб, европаликларга гўзал маданиятимиздан келиб чиқиб мулоқот қиламан. Катталарга ҳурмат, ота-онани эъзозлаш, гапларига қулоқ солиш, маслаҳатларини олиш ва унга риоя қилиш. Уйни озода тутиш, меҳмондўстлик, саҳийлик, меҳр-оқибат, дўстликка ҳурмат – бу тарбиямнинг ажралмас қисми.

Ўқишга кириш осон, жараёни жуда мураккаб

Германиянинг қайси тажрибасини Ўзбекистонга қўлласа бўлади? Менимча, ҳаммасини! Бу ерда ўқишга кириш осон, ўқиш жараёни жуда мураккаб – ва натижада сиз ҳақиқий мутахассис бўлиб чиқасиз. Бу ерда талабаларга ишонадилар, талаба бу ишончни йўқотмасликка ҳаракат қилади. Бу ерда коррупция, таниш-билишчилик ёки «кимдирнинг қизи, жияни» деган тушунчанинг ўзи йуқ, тасаввурга сиғмайди! Талаба ўқиш жараёнида қайси фанлар унга кераклигини ўзи мустақил танлайди, «тайёр дарс жадвали» йўқ.

Германия университетларида ўқиш ҳафтасига 2-3 кун, бу танлаган модулингизга қараб, кунига 2-3 соат дарс. Жуда кўп мустақил вазифалар берилади, ўқитувчи фақат йўналишни кўрсатади, асосий жиҳатлари ва мустақил ўқиш учун адабиёт ва манбаларни беради. Қолгани – талабанинг вазифаси.

Университетда ўқиш жараёнида жуда кўп конференция ва бошқа мамлакатларда таҳсил олиш учун грантлар мавжуд. Ишга жойлашгандан сўнг ҳам университет сиз билан алоқасини узмайди, битирувчилар билан учрашувлар ташкил қилади. Бу талабалар учун жуда катта руҳлантириш.

Талабада билим олишга иштиёқи сўнмаслиги учун ҳам танлов ихтиёрий. Талабалар учун кенг ва ёруғ кутубхоналар, бепул интернет, саёҳат қилиши учун чегирмалар, доимо рағбатлантириш тизими – буларнинг барчасини Ўзбекистонга қўлласа бўлади!


Мени синовсиз ишга таклиф қилишди

Магистратурада жиноий (криминал) лингвистикага (инглиз тилида «Forensic Linguistics», рус тилида «Лингвокриминалистика») оид бўлган жуда мураккаб мавзуда диссертация ёзишни бошлаганман.

Forensic Linguistics – амалий тилшуносликнинг оғзаки ва ёзма нутқни суд жараёни ва криминалистика контекстида таҳлил қилиш билан шуғулланувчи соҳа ҳисобланади. Бу соҳа сиёсат ва инсон ҳуқуқлари билан чамбарчас боғлиқ ва бу янги соҳа ҳисобланади. Жиноятчилар ҳозир кўпгина шифрли тиллардан фойдаланиб, ижтимоий тармоқларда ўз «фаолиятини» олиб боради. Лингвокриминалистлар бу хусусиятларни ўрганиб, жиноятчиларни топишга, улар фойдаланган сўзлар кодини ечиб, маъносини билишга ва режалаштирилган жиноятларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Билишимча, бу йуналиш Ўзбекистонда ҳали йўқ. Дунёда саноқли олийгоҳларда бу йўналиш бўйича ўқитилади. Талаб эса катта. Шу сабабли, 1 йил олдин Германиядаги катта компаниялардан бири ҳисобланган «Concentrix» ва Италиянинг Германияда жойлашган «VisaRight» компанияларига ишга таклиф қилиндим.  Бу ерда талабалар синов муддати ва ўқишни тугатганларидан кейингина ишга олинади, мени эса синовсиз ишга таклиф қилишди. Сабаблардан бири – кўп тилларни яхши билишим, маданиятлари ва сўзлашиш хусусиятларини тушунишим ҳамда форензик лингвистика соҳасида билимга эга эканлигим.

Бундай катта ташкилотларда ишлашга ҳали тайёр эмаслигим сабаб рад этдим, лекин магистратурани тугатишим билан мени ишга олишларини таъкидлашган.


Болаликдан бошлаш керак

Тил ўрганишни болаликдан бошлаш керак. Кичкиналигимдан бир вақтнинг ўзида 3 та тилда мулоқот қилишимиз менга тилларга мослашишга ёрдам берди. Мен доимо бир ҳақиқатни тан олганман – барча нарса оиладан. Ота-она, оиладаги муҳит боланинг ким ва қандай инсон бўлишини белгилайди. Агар ота-она фарзандига ишонса – ва бу ишончни кўрсата олса (ўғил ёки қиз фарзанд – бунинг аҳамияти йўқ) – фарзанд албатта ўзига мақсад қилган чўққига эришади ва доимо олдинга интилади. Лекин ота-она фарзандига ишончсизлик кўрсатса «Сен буни қила олмайсан, бу қийин, мушкул, қўлингдан келмайди» деса, ҳатто энг иқтидорли фарзанд ҳам омадсизликка учрайди.

Мен доимо ота-онамдан миннатдорман, сабаби улар мени доимо қўллаб-қувватлаганлар, тўғри йўлни кўрсатганлар ва ҳаётда омадли инсон бўлишим учун қўлларидан келган барча ишни қилишган. Ҳозир ҳам бир катта лойиҳа устида иш бошлаганман – отам «Буни уддалайсан, қўлингдан келади, ишонаман! Бу лойиҳанг ҳақида интернетдан ўқисам, жуда қувонардим!» мана шу менга керакли драйвер, куч! Бу лойиҳа қай даражада йирик бўлмасин – уни албатта охиригача етказаман.

Муваффақиятли карьера – бу меҳнатнинг маҳсули

Тилни яхши ўрганишни истасангиз – унда мулоқот қилинг, филмларни таржимасиз томоша қилинг, шу тилда сўзлашувчи дўстлар орттиринг ва албатта сўзларни ёдланг!

Муваффақиятли карьера – бу меҳнатнинг маҳсули. Ҳеч қачон ўз устингизда ишлашдан тўхтаманг, қийинчиликлардан қўрқманг, муаммолардан чўчиманг – уларнинг ечимини топинг, енгинг – мана шунда сиз муваффақиятга эришасиз. Чунки бизнинг хатоларимиз – бу бизнинг энг яхши устозларимиз. Ўз хатоси устида ишлаб, уни қайта қилмаган инсон – албатта омадга эришади.

Қизларга тилагим – ўзлигингизни йўқотманг. Мақсадга эришинг. Бировнинг гапи билан яшаманг, доимо танқид қилувчилар топилади. Отам доимо бизга бир гапни таъкидлаганлар: «Билим – бу сени ҳеч қачон ташлаб кетмайдиган умр йўлдош! У доимо сени қувватлайди ва ёрдам беради!»


Бременда ўзбек тили кафедрасини очиш устида ишлаяпман

Бўш вақтимда миллий таомларимизни тайёрлаб, дўстларимни меҳмон қилишни ёқтираман. Ҳозир катта бир лойиҳа – Бремен университетида ўзбек тили кафедрасини очиш устида ишлаяпман. Бизнинг бой ва жуда гўзал маданиятимиз ва адабиётимизга қизиқувчилар кўп. Бу таклиф билан университет ректори ва профессорлари билан маслаҳатлашдим, уларга ғоям маъқул келди. Асосан бўш вақтимни шунга сарфлаяпман. Орзуим – немис ёшлари Навоий ва Қодирийни она тилимизда ўқишсин.

Ҳозир Халид Хоссейнининг асарини тугатаяпман. Бу китоб Афғонистондаги воқеалар, ёшларининг ҳаёти ва умидлари тўғрисида. Қизлар ҳуқуқига алоҳида эътибор қаратилган. Бу китобни ўқиганимдан хурсандман. Ростини айтсам, китобдаги воқеаларни ўқиб, мамлакатимизда қизларга ва аёлларга берилаётган имкониятлар қадрини сезасан киши.

Яқин келажакда магистратура босқичини муваффақиятли якунлаб, ота-онамни хурсанд қилмоқчиман. Албатта ўз соҳамда ишлашни орзу қиламан. Ундан кейин жуда бир қизиқарли соҳада яна бакалавр босқичида ўқимоқчиман. Энг катта орзуим – бу Бремен университетида «Ўзбек тили факультети»нинг очилиши, она Ватаним байроғи университет ҳудудида ҳилпираб туришини жуда истайман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг