Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

Солиқлар чиндан ҳам камайдими? Мураккаб ўзгаришларга содда бир назар

Солиқлар чиндан ҳам камайдими? Мураккаб ўзгаришларга содда бир назар

Фото: «Xabar.uz»

– Биринчи январдан солиқлар камаяр эканми?

– Э, ишонмайман, аксинча, қийин бўлар экан.

– Нега ундай деяпсан?

– Билмадим,одамлар шундай деяпти-да...

Бу мазмундаги суҳбатлар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Одамлар нималардир ўзгаришини эшитишган, айнан нималар ўзгаришини билишмайди. Шу сабабли турли шубҳа-гумонлар, қўрқувлар юзага келяпти. Ўзгаришларга шубҳа билан қараш қон-қонимизга сингиб кетган.

Мен ҳам ўша билмагани учун қўрқадиганлар тоифасидан эдим. Шубҳаларимга чек қўйиш мақсадида ўзимча тадқиқот ўтказдим.

Солиқ кодексига киритилган ўзгаришларни бир қараб чиқдим. Тушунмаган жойларимни иқтисодчи-ҳуқуқшунослардан сўрадим. Англаганларим ва эътиборли деб билганларим қуйидаги ўзгаришлар бўлди:

1. 4 та ўрнига 1 та. 1 та солиқ тури ва 3 та давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлар йўқ бўляпти. Ўрнига 1 та солиқ тури киритиляпти.

Чиқариб ташланяпти: 1) бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ; 2) йўл жамғармасига йиғимлар; 3) бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг суғурта бадаллари (8 фоиз тўлардик-да ўзиям); 4) давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар.

Киритиляпти: автотранспорт йиғимлари.

Тушунишимча, ёқилғи ва йўл учун солиқлар ўрнига “автотранспорт йиғимлари” деган битта солиқ киряпти, аммо қолган иккита мажбурий тўлов шундай чиқариб ташланяпти.

2. Солиқ миқдори камайяпти. Илгари 22-24 фоизлаб тўлаган даромад солиғимиз (энг кўп тўлайдиган солиғимиз) 12 фоизга тушириляпти (пенсия жамғармасига тўлов ҳам шунинг ичида).

Қуйида шартли равишда 1,5 миллион сўм, 2 миллион сўм ва 2,5 миллион сўм ойликдан тўланадиган солиқларни солиштириб чиқамиз.

 

1 ярим миллион сўмдан

2 миллион сўмдан

2 ярим миллион сўмдан

2018 йил

277 минг 74 сўм

416 минг 230 сўм

568 минг 730 сўм

2019 йил

180 минг сўм

240 минг

300 минг сўм

Фарқ

97 минг 74 сўм

176 минг 230 сўм

268 минг 730 сўм

Демак, солиқларни кам тўлаймиз. Бу энг яхши ўзгариш!

Оила бюджетига ҳар ойда кираётган қўшимча 100 минг сўмга 4-5 та яхши китоб беради, битта фарзандингизни спорт клубига беришингиз мумкин ва ҳоказо. Хуллас, тўй эмас, фойдалироқ ишларга инвестиция киритсак, қанчалик ўсишимиз мумкинлигини ўйлаб кўринг.

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳам 12 фоизга туширилмоқда (тижорат банклари, цемент ишлаб чиқарувчилар, полиэтилен гранула ишлаб чиқарувчилар ва мобиль операторлар бундан мустасно).

Тадбиркорлар илгари бутун пул айланмасидан солиқ тўлаган бўлса, энди фақат фойдадан тўлар экан.

Масалан, ўртача 3 миллиард сўмлик йиллик пул айланмаси бор нашриёт (нашриётлар ҚҚСдан озод қилинган) 2018 йилда 150 млн сўм солиқ тўлади, яъни шу 3 миллиарднинг 5 фоизини солиққа берди. 2019 йилда эса у 3 миллиарддан эмас, кўрган фойдасидан солиқ тўлайди. Олайлик, 500 миллион фойда кўрса (ўрганишларимиз натижасига кўра, 15 фоиз рентабеллик кўпчилик нашриётларга хос), 60 миллион сўм тўлайди.

3. “Молия бўлими” ўйиндан ташқари. Солиқни қайтариш тизимидан “молия бўлими” чиқариб ташланмоқда. Масалан, ортиқча солиқ тўладингиз, уни қайтариб олишингиз керак. Бунинг учун солиқ инспекциясига ариза ёзардингиз, ариза молия бўлимига юбориларди, молия уни кўриб чиқарди, ундан ғазначиликка ўтарди, ана ундан сўнг пул қайтарди. Энди бу занжирдан молия бўлими чиқариб ташланибди. Яъни йўл қисқарди, ортиқча тўланган солиқ тезроқ ортга қайтади деб ўйлашга асос бор.

4. Эгилувчан назорат. Режали ва режасиз солиқ текшируви бекор қилиниб, эгилувчан солиқ маъмурчилиги жорий этилмоқда. Бу нима дегани? Президент айтган “самарали солиқ маъмурчилиги” тушунчаси ёдингиздадир. Бу тизим айнан шуни таъминлаш учун жорий этиляпти. Энди аввалгидек режали (махсус нашрларда аввалдан эълон қилинадиган) ва келиб бошдан оёқ текшириладиган назорат тизими йўқ. Унинг ўрнига хронометраж кўздан кечириш, мавзули экспресс ўрганиш, солиқ мониторинги каби турли усуллар киритилмоқда. Жойига қараб, мақсадга мувофиқ усул танлаб назорат қилинавераркан.

Назорат турининг кўпайиши яхшими ёки ёмон? Бунинг мантиғи шундаки, солиқларни камайтирдикми, энди уни интизомли тарзда мунтазам тўлаб боришингизни текширамиз, дейиляпти.

5. Қимматли бир кун. Пенялар оширилмоқда, илгари тўловнинг белгиланган муддатидан ўтиб кетган ҳар бир кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня тўланган бўлса, энди 0,045 фоиз тўланади. Яна муддатнинг охирги куни солиқ тўланса ҳам, пеня ҳисобланар экан. Охирги кунга тақаманг, қимматга тушасиз. Устига устак, ДСИ шу пеняларни текширув натижалари бўйича ҳисобласа, бунинг учун ҳам тўлов оларкан.

6. Амортизация пасайтириляпти. Амортизация деган тўлов тури бор, тадбиркорлар яхши билишади. Анча пул бўлади буям. Энди маҳсулот таннархини пасайтириш учун айрим мол-мулк гуруҳига йиллик амортизациянинг энг юқори чегаралари камайтирилибди. Хусусан, бинолар, иморатлар учун 5 фоизлик амортизация 3 фоизга, ҳаракатланувчи транспорт учун 8 фоизлик амортизация 4 фоизга камайган.

7. Солиқдан озод этилган харажатлар. Фойда солиғини ҳисоблашда айрим харажатлар эндиликда инобатга олинмайди. Олайлик, корхона ходимларини театрга ёки ёзда тоққа олиб чиқса, ободонлаштириш учун пул ўтказса, шу харажатлардан ҳам солиқ тўлар эди. Энди тўламайди. Бу ерда рўйхат анча узун экан. Лекин умумий ҳисобда олинганда, илгари кўплаб солиққа тортилган харажатлар энди тортилмаяпти.

8. Дивидендлардан камроқ солиқ тўлаймиз. Ўзбекистон Республикасининг резидентларига дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадлар илгари 10 фоизлик солиққа тортиларди, ҳозир  5 фоизли ставка бўйича солиқ солинади.

9. Ҳамма тенг. Ички ишлар, ФВВ, суд, прокуратура, ДХХ, мудофаа вазирлиги ходимларига берилган солиқ имтиёзлари бекор қилинди. Энди улар ҳам ҳамма қатори солиқ тўлашади. Уларнинг маошлари бошқаларга нисбатан юқори экани ҳисобга олинса, демак, солиқни ҳам кўпроқ тўлашади.

10. Ягона ижтимоий тўлов ставкалари туширилди. Ягона ижтимоий тўлов – корхонанинг иш ҳақи тарзидаги даромадлар учун тўлайдиган солиқлари (ҳар бир ходим учун тўлайдиган солиқлари). Солиқ кўпайиб кетади деб корхона раҳбарларининг ишчиларни расмийлаштирмай, конвертда маош беришлари сабаби айнан мана шу солиқ тури бўлади.У хуфёна иқтисодни юзага келтирувчи омиллардан. Ушбу солиқ илгари 15 фоиз эди, энди 12 фоиз бўлибди (айримлар ҳатто 25 фоиз тўлар эди). Натижада иқтисод қилинган маблағни ходимларнинг иш ҳақини оширишга сарфлаш тавсия этилмоқда.

11. Мол-мулк солиғида ўзгаришлар. Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 5 дан 2 фоизга камайтирилган. Яъни юридик шахс ишлатилмай ётган мол-мулки учун  кўпроқ солиқ тўлар экан. Шунингдек, белгиланган муддатда қуриб битирилмаган қурилиш объектлари ҳам солиққа тортиларкан. Президент айтган “20 йиллаб бўш ётган бинолар” эсингиздами? Улардан фойдаланишни рағбатлантириш учун бу солиқ оширилибди.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солиқлар ошиши мумкин. Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси бу бўйича Вазирлар маҳкамасига таклифлар киритиши кутиляпти.

Яна кўп ўзгаришлар бор, уларни мутахассислар яхши тушунишади ва тушунтиришади. Мен солиқ тизимидаги ўзгаришларни оддий фуқаро назари билан ўрганиб, уларнинг инсонлар кундалик ҳаётига қандай таъсир ўтказишини англашга ҳаракат қилдим.

Қисқа хулоса шуки, солиқ юки енгиллатиляпти, аммо назорат кучайтириляпти. Солиқларни мунтазам ва ҳаққоний тўлаб борсак, ўзаро ишонч ва тушуниш пайдо бўлса, қонунга итоаткорликни намоён этсак, ўзаро ва давлат билан муносабатларда ҳалол бўлсак, ислоҳотларнинг энг нозик ва мураккаб давридан муваффақиятли ўтамиз.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг