Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Амударё қуйи оқимида хавотирли вазият. Туямўйин сув омбори ҳам «қурияпти» – эксперт

Амударё қуйи оқимида хавотирли вазият. Туямўйин сув омбори ҳам «қурияпти» – эксперт

7,8 млрд м.куб ҳажмдаги сув сиғимига эга Туямўйин сув омборида 2022 йил май ҳолатига 2,2 млрд м.куб сув йиғилган.

«Мазкур кўрсаткич сув омборнинг «ўлик сатҳ»идан анча паст сатҳдаги қиймат ҳисобланади. Эҳтимол, сув омбор тарихидаги энг паст сатҳдир», – деб ёзмоқда гидрометеоролог тадқиқотчи Эркин Абдулаҳатов.

Қайд этилишича, кетма-кет уч йилдирки сув омборида сув сатҳи «ўлик сатҳ»и атрофида тебранмоқда. eos.com сайтидан олинган суратларда ҳам сув омбори ичидаги сув ҳажми сезиларли даражада озайганини кўриш мумкин.

Бу эса Орол бўйи акваториясининг вегетация даврида сув билан таъминлашда минтақада муаммоли вазиятни келтириб чиқариши мумкин.

«Учинчи йилдирки, Туямўйин сув омбори сатҳи узоқ ойлар давомида «ўлик сатҳ»идан пастда қолиб кетмоқда.

Амударё ўрта оқимида туркманларга сув чиқиб кетиш ҳажми ҳам йилдан йилга камайишига қарамай, қуйи оқимда вазиятни назорат қилиш қийин кечяпти», – дейди тадқиқотчи Абдулаҳатов.

Тадқиқотчига кўра, Амударё суви камайиши (камсувлилик давр) охирги йилларда тез-тез кузатилмоқда. 2008, 2011, 2018 ва 2021 йиллар дарёда тарихий кам сувлилик кузатилган. Салбий тенденция иқлим ўзгариши ва минтақавий сабаблар фонидан юз беряпти, сувдан нотўғри фойдаланиш, эскирган суғориш усуллари, аҳоли сони ортиши, сув омборлар кўпайиши, йирик каналларда сув олиш ҳажмининг ортиши қуйи оқимда вазиятни оғирлаштирмоқда.

Шунингдек, охирги 20 йилда Амударё қуйи оқимида сув етишмаслиги кучайган ва бу давр мобайнида дарёда атиги бир мартагина сув тошқини (2010 йил) кузатилган.

«20 йиллик ичида бошқа сув тошқин кузатилмади ва Оролнинг шарқий қисмида ҳеч қандай кўл ҳосил бўлиши кузатилмади.

Ҳозирда барча прогнозлар Амударё қуйи оқимида сув тақчиллиги йилдан йилга оғирлашишини кўрсатмоқда.

Кейинроқ қуйи оқимидаги вазият ўрта оқимига ўтади. Қуйи оқимидаги сув танқислиги яқин йилларда критик нол даражагача пасаяди ва афсуски, яшил майдонларни суғоришга сув етмай қолишига олиб келади», – дея ўз хавотирини билдирмоқда мутахассис.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг