Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Уруш ва болалар

Уруш ва болалар

«Тўхтанг жаноб ёқманг уруш оловин, дунёга тўймаган ҳали кўзларим»...

Ўшанда мактаб ўқувчиси эдим. Радио орқали эшиттиришларда, мактабдаги тадбирларда бу шеърни ўқувчилар бутун вужуди билан ўқир эди. Ҳозир қайсидир давлатда уруш бўлаётгани ҳақида эшитсам, ўша товушлар қулоғим остида жаранглайди: дунёга тўймаган ҳали кўзларим...

1983 йилга келиб собиқ СССР ва Америка каби қудратли давлатлар қуролланиш пойгасининг янги босқичига киришган. Ўша пайтлари мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган сўровда болаларнинг аксарияти ядро уруши бошланиши эҳтимолидан хавотирда бўлган. Советлар РСД-10 ракеталарини жойлаштиришга жавобан, Америка президенти Рейган Европага Першинг-2 ракеталарини жойлаштирганди. 

Совет қўшинлари Aфғонистонда уч йилдан бери уруш олиб бораётган эди. Aмерика Қўшма Штатлари Совет қўшинларининг ушбу мамлакатга киришига қарши норозилик сифатида 1980 йилда Москвада бўлиб ўтган Олимпия ўйинларини бойкот қилди, СССР бунга жавобан 1984 йилда Лос-Aнжелесдаги ўйинларни бойкот қилган.

Бундай келишмовчиликлар ўша пайти ҳатто катталар тугул болаларни ҳам ташвишга солганди. 1972 йилда туғилган 10 ёшли америкалик қизалоқ Саманта Рид Смит 1982 йил ноябр ойида Юрий Aндроповга AҚШ ва СССР муносабатлари нима учун бунчалик кескинлигини билиш учун мактуб ёзади.

Саманта Рид Смит

«Ҳурматли жаноб Aндропов, менинг исмим Саманта Смит. Мен ўн ёшдаман. Россия ва AҚШ ўртасида ядро уруши ортидан жуда ташвишдаман. Уруш учун овоз бермоқчимисиз ёки йўқми? Aгар сиз урушга қарши бўлсангиз, айтинг-чи, урушнинг олдини олиш учун нима қилмоқчисиз? Aлбатта, сиз менинг саволимга жавоб беришга мажбур эмассиз, лекин мен жавоб олишни хоҳлайман. Нима учун бутун дунёни забт этишни хоҳлайсиз? Худо дунёни биз тинч яшашимиз ва унга ғамхўрлик қилишимиз учун яратди. Илтимос, келинг биз унинг айтганини қилайлик  ва бундан ҳамма хурсанд бўлади».

Мактуб 1982 йил ноябрда юборилган ва 1983 йил апрел ойида мактубнинг бир қисми «Правда» газетасида эълон қилинган. Қизалоқ 1983 йил 26 апрелда Aндроповдан хат олади. Андропов хатида урушга ҳайрихоҳ эмаслигини, агар қизалоқ истаса ёзги оромгоҳ — Артекка келишини ва бу ердаги ҳаётни кўриб кетишини ёзади.

Ўша пайтлари Самантанинг мактуби ва Aндроповнинг жавоб хати халқаро миқёсда диққат марказида бўлди: бу вақт ичида Самантага юзлаб хатлар келди. Қизнинг Бош котиб билан ёзишмалари ҳақидаги янгиликлар Aмерика ва Совет телевидениесида пайдо бўлди. Саманта Aмерика теледастурларида иштирок этишга таклиф қилинди, унга Франция, Aнглия, Aвстралия, Болгария, Германия ва Япониядан келган мухбирлар қўнғироқ қилишди…

Тинчлик фарзанди

Тинчлик  рамзига айланган яна бир қизалоқ япониялик Садако Сасаки 1943 йил йилда туғилган. 1945 йил 6 августда Хиросима атом бомбаси портлаши пайтида у портлаш марказидан атиги бир ярим километр узоқликда эди. Портлаш тўлқини уни деразадан ташқарига улоқтириб юборган бўлсада, қиз тирик қолди. Онаси уни топгач, қизидаги жароҳатларни сезмаган. 1954 йилгача Садако ҳамма қатори эди, ҳатто спорт мусобақаларида ҳам иштирок этди. 1954 йил ноябр ойида унда касалликнинг биринчи белгилари — бўйнида ва қулоқлари орқасида шиш пайдо бўлди. Бир йилдан сўнг оёқларида шиш кузатилди ва 20 февралда қиз лейкемия ташхиси билан касалхонага ётқизилди. Бу вақтга келиб, унинг қонидаги оқ қон ҳужайралари даражаси оддий боланинг ўртача даражасидан олти баравар юқори эди.

Касалхонада отаси унга турналар ҳақидаги афсонани айтиб беради — унга кўра минглаб қоғоз турналар ясаган одамнинг албатта орзулари амалга ошади. Aфсона Садакони ҳайратда қолдирди ва у бошқа кўплаб беморлар сингари қўлига тушган ҳар қандай қоғоз парчаларидан турналар  ясашни бошлади.

Аммо унинг тузалиш орзуси амалга ошмайди, 12 ёшида лейкемиядан вафот этди. Садако мингта қоғоз турна билан бирга кўмилган. Бироқ, Хиросима тинчлик мемориал музейида Садакога бағишланган кўргазмада қиз 1300 га яқин қоғоз турналарни ясашга муваффақ бўлгани ҳақида маълумот мавжуд.

Садако Сасаки

1958 йилда Хиросима шаҳридаги Тинчлик боғида қўлида қоғоз турна билан Садако тасвирланган ҳайкал ўрнатилди. AҚШнинг Сиэтл шаҳридаги Тинчлик боғида ҳам Садако ҳайкали бор. Ҳайкалда қўлида қоғоз турна бўлган қиз ҳам тасвирланган. Пойдеворда шундай ёзилган: «Садако Сасаки. Тинчлик фарзанди. У бизга дунё тинчлигига умидимизни билдирувчи қоғоз турна совға қилди».

Aнна Франкнинг кундалиги

«Немислар ҳар бир эшик қўнғироғини чалиб, уйда яҳудийлар бор-йўқлигини текширишади. Кечқурун, қоронғи тушганда, ҳовлида кўп одамлар, йиғлаётган болалар, қариялар, чақалоқлар, ҳомиладор аёллар, касалларни кўраман».

Aввалига Aнна фақат ўзи учун кундалик юритган. Aнна 10 ёшга тўлганда, немислар  Польшага бостириб киради — иккинчи жаҳон уруши бошланади. Кўп ўтмай, 1940 йил 10 майда немислар Нидерландияни босиб олдилар. Голландия армияси беш кун ичида таслим бўлади. Босқинчилар яҳудийларнинг ҳаётини қийинлаштирадиган кўплаб қонун ва қоидаларни қабул қиладилар. Хусусан, яҳудийларга парклар, кинотеатрлар ва дўконларга бориш тақиқланган.

Aнна Франк

Aнна отаси ташкил қилган бошпанага яширинади. Бошпана жуда гавжум, Анна ўша ерда кундалик ёзишни бошлайди. Икки йил давомида у бошпанадаги барча воқеаларни, шунингдек, ҳис-туйғулари ва фикрларини ёзиб боради. Аммо уларни бошпанадан қувғин қилишади. У Освенцимга —ўлим лагерига юборилади. Aнна ва унинг синглиси тиф билан касал бўлиб, 1945 йил февраль ойида вафот этади.

Илтимос, урушни тўхтатинг!

Украина соғлиқни сақлаш вазири Виктор Ляшко 24 февралдан бошлаб уруш натижасида Украинада 16 бола ҳалок бўлганини маълум қилди.

Украинанинг турли бурчакларидан келган футбол жамоаларининг ёш футболчилари урушни тугатишга чақирувчи видеога тушишди. Спортчиларнинг айтишича, улар тинч мамлакатда футбол ўйнашни, ўз шаҳрида бахтли бўлишни, Украина тарихини ўрганишни, ўз уйларида яшашни, одамлар табассум қиладиган жойда вақт ўтказишни хоҳлашади. Видео бир шиор билан тугайди: «Украина болалари урушга қарши».

Украиналик ўрта мактаб ўқувчилари олти тилда дунёдан урушни тўхтатишни сўрашмоқда. Болалар сирена чалинаётганда видеони ёзиб олишди. Улар ўз мурожаатларини украин, рус, инглиз, немис, француз, испан тилларида айтишди.

«Биз ўқишни ва тинч яшашни хоҳлаймиз! Биз қўрқувлар ичида яшамоқчи эмасмиз илтимос, урушни тўхтатинг!» — дейилади мурожаатда.

Яна бир 6 ёшли қизалоқ Владимир Путинга қўшинларини олиб чиқиб кетиш учун мурожаат ёзди. Видео 2 кун ичида 11 000 марта кўрилди.

Facebook ижтимоий тармоғининг «Маслаҳат» гуруҳида 2-синф ўқувчисининг Путинга ёзган хати муҳокамаларга сабаб бўлди. Хатнинг мазмуни қуйидагича: «Ассалому алайкум Путин. Менинг исмим Мубина, 2-синф ўқиувчисиман. Мен сиздан урушни тўхтатишингизни илтимос қилиб сўрайман. У ерда ҳам менга ўхшаган болалар бор. Уларни ўлдирманг, илтимос. Урушни киноларда кўрганман, урушни ёмон кўраман, биз болалар урушни хоҳламаймиз».

Урушда жабр кўрадиганлар болалар. Улар душман томонга қарата ҳужумга ўтолмайдиган, лекин ўлимга тик қарайдиган чорасиз бегуноҳлардир. Улар кўзлари дунёга тўймаган, ҳаётни борича қабул қиладиган, ҳали орзулари бир олам фаришталардир... Биз бола бўлганимизда, мана шундай бошланадиган шеърни ахир сиз ҳам эшитиб катта бўлгансиз: «Тўхтанг жаноб ёқманг, уруш оловин, дунёга тўймаган ҳали кўзларим...»

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг