Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ Ўзбекистон таълим тизимига янгилик олиб кирмоқда

АҚШ Ўзбекистон таълим тизимига янгилик олиб кирмоқда

Фото: АҚШ элчихонаси

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида таълим тизимидаги ҳамкорлик доирасида америкалик беш нафар мутахассис юртимизга келди. Улар Халқ таълими вазирлигидаги ҳамкасблари билан ҳамкорликда бошланғич синф ўқувчиларининг математика ва ўқиш бўйича кўникмаларини баҳолаш методикасини ишлаб чиқади.

АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, икки мамлакат мутахассислари ҳамкорликда математика ва ўқиш бўйича саккиз тилда (ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ, тожик, қирғиз, туркман ва инглиз) саволномалар тузади. Улар асосида мамлакатимиз бўйлаб ўқувчилар умумий билимларни қай даражада ўзлаштираётгани тадқиқ этилади. Шу тариқа ўқув жараёнидаги камчиликлар ва заиф нуқталар аниқланиб, таълим стратегияси такомиллаштирилади.

«Бу Ўзбекистонда олиб борилаётган биринчи халқаро тадқиқот бўлиб, у бошланғич синфларда ўқиш натижаларини аниқ баҳолашга имкон беради. Бу эса вазирликка таълим тизимини такомиллаштириш йўлида янги методология ишлаб чиқишда кўмаклашади», – дейди Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Хорижлик мутахассислар вазирлик ва унинг вилоят бошқармаларидаги қирқ нафар ходими учун саккиз кунлик семинар ўтказмоқда. Амалий машғулотларда ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш асоси сифатида EGRA (ўқиш) ва EGMA (математика) методикасидан фойдаланилади. Ушбу баҳолаш тизими дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатида синовдан ўтган.

Баҳолаш ва тадқиқот жараёнига «RTI International» ташкилоти ҳам жалб этилган. Мазкур ташкилот Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда EGRA ва EGMA тизимларини синовдан ўтказади. Мамлакат миқёсидаги тадқиқотлар 2020 йилда ташкил этилиши кўзда тутилган.  

Юртимиз таълим тизимига халқаро баҳолаш усуллари АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида жорий этилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 28 сентябрь куни Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида таълим тараққиётига кўмаклашиш бўйича муҳим келишув имзоланганди.

Мазкур ҳужжатга кўра, Қўшма Штатлар ҳукумати келгуси беш йил давомида мамлакатимиз таълим тизимини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион доллар маблағ ажратади.

Таълим соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилаётган маблағ бошланғич синфларда ўқиш ва математика сабоқларини янада такомиллаштириш, ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш ҳамда инглиз тилини ўқитиш самарадорлиги ва сифатини оширишга йўналтирилади.

Халқаро баҳолаш тизимини жорий этиш лойиҳаси ана шу беш йиллик келишувнинг дастлабки босқичи саналади.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг