Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Боланинг оғзига уриб, «қор ема» деса ҳам бўларди — Шерзод Қудратхўжа «боғча» вақтини эслади

Боланинг оғзига уриб, «қор ема» деса ҳам бўларди — Шерзод Қудратхўжа «боғча» вақтини эслади

2022 йил 22 июн куни Мактабгача таълим вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгашининг йиғилиши ҳамда соҳада амалга оширилган ишлар ва режалаштирилган вазифалар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжа иштирок этди ҳамда мактабгача таълим муассасаларининг жамиятдаги ўрнига юқори баҳо берди.

Биз халқ тилида «боғча» деб атайдиган мактабгача таълим муассасаларининг жамиятдаги ўрни жуда катта. «Боғча опалар» — тарбиячиларнинг болаларга муносабати, уларга берган тарбияси бир умрлик хотирага айланади.

Мен бу йил 48 ёшга тўлдим, аммо 40 йил олдин боғчага борганимда тарбиячим менга қандай қарагани, нима деганм, уришганми, ёки яхши гапирганми, ҳаммаси ёдимда. Ҳатто ўша вақтда қандай овқат беришганигача айтиб беришим мумкин — макорон, котлет...

Шу ўринда «боғча»даги давримдан бир мисол келтириб ўтсам — қиш вақти эди, ҳаммамиз ташқарида қор ўйнадик. Хонамизга кириб кетиш олдидан тарбиячимиз ҳар биримизга бир бўлакдан қор олиб киришга рухсат берди. Туш вақтида уйқуга кетишимиздан олдин ўша қорларни стаканга солиб, дераза ёнига қўйдик.

Уйқудан турганимизда қор эриб, хира, лойқа сувга айланганди. Шунда тарбиячимиз: «Кўрдиларингми, болалар! Сиз кўчада қор еган вақтингизда мана шу лойни ҳам қўшиб еган бўласиз», деди. Шундан сўнг қор ейишни тўхтатганмиз.

Менимча, тарбия мана шундай берилиши керак. Ваҳоланки, болани оғзига уриб, «қор ема» дейиш ҳам мумкин. Аммо бу бир умрлик ёмон хотира бўлиб қолади. Бола ёмон хотиралар билан ўсмаслиги керак, у яхшиликни ўйлаши лозим.

Айнан шу сабабга кўра давлатимиз томонидан мактабгача таълимга катта эътибор қаратилмоқда, хориждаги илғор давлатлар тажрибаси ўзлаштирилмоқда. Ўйлайманки, бу ислоҳотлар вақти келиб етарли самарасини беради», — деди Шерзод Қудратхўжа.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тарқатилган маълумотларга кўра, 2017-2021 йилларда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси икки баробардан ошган. Жумладан, 2017 йилда мактабгача ёшдаги болаларнинг 708 минг нафари, 2020 йилда 1 млн 700 минг нафари, (60,9 фоиз) мактабгача таълим билан қамраб олинган бўлса, бугунги кунга қадар қўшимча 257 минг нафар (+ 8,5 фоиз) бола қамраб олиниши ҳисобига уларнинг сони 1 млн 957 минг нафарга (69,4 фоиз) етди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг