Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бугундан республика фан олимпиадасининг 3-босқичи бошланди. Унда ота-оналардан ҳам вакил иштирок этмоқда

Бугундан республика фан олимпиадасининг 3-босқичи бошланди. Унда ота-оналардан ҳам вакил иштирок этмоқда

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Бугун умумтаълим мактабларининг 9-10-синф ўқувчилари ўртасида фан олимпиадасининг Қорақалпоғистон Републикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят босқичи бошланди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги расмий сайтида маълум қилинди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчи-ёшларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини аниқлаш, уларни рағбатлантириш, ўқувчиларда ўзлари танлаган фанлар ва ихтисосликларни чуқур ўрганишга қизиқишларини ошириш, келажакда касбларни тўғри танлашига кўмаклашиш мақсадида умумтаълим фанлари бўйича олимпиада ташкил этилади.

Мазкур олимпиада 22 та фан бўйича 3 та босқичда: мактаб, туман (шаҳар) ва вилоят босқичида 9 ва 10-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилади. Бу йилги вилоят босқичида жами 13 233 нафар ўқувчи ўзаро беллашмоқда.

Фан олимпиадасининг III (вилоят) босқичи икки турда: жорий йилнинг 23 март куни ёзма иш ва 24 март куни тест синови кўринишида ташкил этилади.

Халқ таълими вазирлиги томонидан фан олимпиадасининг йўриқнома ва низом талаблари асосида ва адолатли ўтказилиши қатъий назоратга олинган.

Жумладан, барча фанлар бўйича ҳакамлар ҳайъати таркибига бир нафардан ҳудуддаги олий таълим муассасаси, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар коллежининг тажрибали ўқитувчилари жалб этилди.

Қолаверса, олимпиада жараёнларида жамаотчиик назоратини ташкил этиш мақсадида олимпиада ўтаётган синфхоналарда аудитория раҳбари ва назоратчи билан бирга ота-оналардан вакил ҳам иштирок этмоқда.

Умумтаълим фанлари бўйича олимпиаданинг III (вилоят) босқичида ҳар бир фандан 76 баллдан юқори натижаларга эришган ўқувчилар ғолибликни қўлга киритади. Фан олимпиадаси ғолиблари ҳудудий ташкилий қўмитасининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг