Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

ДТМ: «Фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлади»

ДТМ: «Фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлади»

Фото: «Google.com»

Бугун Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида ОТМларга кириш жараёнидаги ўзгаришлар масаласи муҳокамада бўлди («Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги»ги Президент қарори).

Анжуманда Давлат тест маркази, олий таълим вазирлиги, Давлат хизматлари агентлиги масъуллари иштирок этишди. Асосий масалалар бўйича масъулларнинг жавоблари қуйидагича бўлди.

1. Фанлар кетма-кетлиги. Блогер Хушнудбек Худойбердиев уч йўналишдан бирини танлашда фанлар кетма-кетлиги мос бўлиши шарт эмас, деган эди. Бошқа манбаларда ҳам шундай хабар тарқалди. ДТМ бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов эса буни бошқачароқ талқин қилди. Яъни фанлар кетма-кетлигига эътибор қаратилади, бўлмасам, кўп чалкашликлар юзага келади деди. Аммо бу масала бўйича яна таклифлар ўрганилаётганини ҳам қистириб ўтди. Хуллас, ҳозирча ноаниқлик.

2. Сертификатлар. В1 сертификати бу йил ўтадими деган асосий саволга ДТМ масъули 2019 йил 1 январгача олинган сертификатлар муддати тугагунича амал қилади деди. Демак, ушбу сертификатлар уч йилгача муддатга эга бўлса, 2018 йил охиригача олинган В1 сертификатлари 2021 йилгача амал қилади деб тушуниш мумкин. Бу йилги IELTS жавоблари 6 июлда чиқишию ЖИДУга ҳужжат қабул қилиш 5 июлда тугаши масаласи ҳам кўтарилди. Ҳужжат топшириш муддатлари ҳукумат қарори билан аллақачон белгилаб қўйилгани, унга ўзгартириш киритиб бўлмаслиги айтилди.

(Балки ЖИДУ қабул тартибига ички ҳужжат билан ўзгартириш киритар (буниси ҳозирча аниқ эмас). Ёки абитуриент сертификатсиз, умумий тартибда тест ечиб чиқиши ҳам мумкин. IELTSдан ўтган одам ЖИДУ тестини ҳам еча олар).

3. Натижалар қачон эълон қилинади? Абитуриент тўплаган баллар эртаси куни эълон қилинади, аммо ўқишга кирган ё кирмагани ҳали маълум бўлмайди. Бунинг учун имтиҳонлар тугашини кутиши керак. Ҳамма имтиҳон топшириб бўлгач, кимлар киргани ДТМ сайтида эълон қилинади.

4. Имтиёзлар. Ҳарбий хизматчилар, ногиронлар ва шу каби имтиёзли тоифаларнинг имтиёзлари уч йўналишдан фақат битта – устувор йўналишга татбиқ қилинади. Сиртқи таълимга топширилганларга ҳам имтиёзлар бирдек қўлланади, бунда сиртқи таълим фақат тўлов-контракт асосида амалга оширилишини унутмаслик керак.

5. Информатика фани. Математика фани бўйича тест опширганда 6 та савол информатикадан бўлар эди, кейин информатика чиқариб ташланади деган гаплар чиқди. ДТМ масъули бу масала бўйича таклиф киритилгани, ҳозирда кўриб чиқилаётганини айтди (яъни бу ҳам ҳали аниқ эмас).

6. Ҳужжатлар топшириш. Бу йил ҳужжатлар ФАҚАТ Давлат хизматлари марказлари ва Ягона электрон давлат хизматлари портали орқали топширилади. Бу йил бир миллиондан ортиқ абитуриент ҳужжат топшириши кутилмоқда, ДХА ва ЯЭДХП бу вазифани уддалай оладими деган саволга ДХА масъули бунинг учун барча чоралар кўрилганини айтди.

Аввало, ўтган йиллари республика бўйича ҳужжат қабул қилувчи ОТМлар сони 100 тага ҳам етмас эди, ҳозирда республика бўйича 200 дан ортиқ давлат хизматлари маркази бор. Қолаверса, ДХА раҳбарияти зарурат туғилса меҳнат қонунчилигига амал қилган ҳолда ҳужжатларни 24 соат қабул қилиш режасини ҳам тайёрлаб қўйган (уч сменалаб ишлашса керак).

7. Электрон рақамли имзо. Ягона портал орқали ҳужжат топшириш учун электрон рақамли имзо керак бўлади. Бу бир марта олинадиган нарса. Аввалроқ олиб қўйилса, мақсадга мувофиқ. ЭРИни масаофадан туриб олиб бўлмайди, демак, ЭРИси йўқ фуқаролар масофадан туриб ҳужжат топшира олмайдилар. Аммо ДХА ходими ушбу масалани АКТ вазирлиги билан муҳокама қилиб, имкониятларни ўрганиб чиқишини айтди.

Тушунишимча, қулайликлар бор, аммо ноаниқиклар ҳам кўп. Синовлар бошланишига оз қолди. Бундай шароитда чайқалишлар айримларни чўчитиши, ҳаяжонга солиши мумкин. Менимча, ҳужжатларга ва тартибларга чалғимай, илм олишда давом этавериш керак. Тест топшираётганда қўлингизда ручкаю миянгизда билимдан бошқа ҳеч нима бўлмайди сизда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг