Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эндиликда мактаб директорларига ҳам ойлик устамалар тўланиши мумкин

Эндиликда мактаб директорларига ҳам ойлик устамалар тўланиши мумкин

Фото: Xabar.uz

Ҳукумат қарори (831-сон, 31.12.2020 й.) билан Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Киритилган қўшимчаларга кўра, мактабларнинг педагог ходимлари халқаро тадқиқотларга ўқувчиларни тайёрлаб бориш ишларига муносиб ҳисса қўшган тақдирда базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 100 фоиз устама қўшилади.

Илгари ушбу устама педагог ходимлар фаолияти давомида юқори натижалар кўрсатган тақдирда тўланган.

100 фоизлик устама олишга даъвогар педагог ходимларнинг машғулот олиб борадиган фанлари бўйича ўқувчиларининг билимлари халқаро баҳолаш дастурлари интеграция қилинган назорат материаллари асосида баҳоланади.

Бунда назорат материаллари Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази билан ҳамкорликда Республика таълим маркази томонидан тайёрланади.

Илгари назорат материаллари Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари томонидан тайёрланган.

Шунингдек, эндиликда ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритганда мактабларнинг раҳбар ходимларига ва соатбай ишловчи ўқитувчиларга ҳам ойлик устамалар белгиланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг