Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фан олимпиадалари янги босқичда: тест синовларида шаффофлик таъминланмоқда

Фан олимпиадалари янги босқичда: тест синовларида шаффофлик таъминланмоқда

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Халқ таълими вазирлиги иқтидорли ўқувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларда билим олишга бўлган иштиёқни рағбатлантириш, бунинг учун зарур ижодий муҳит яратиш масаласига доим эътибор қаратиб келади.

Аввал хабар берганимиздек, шу йилнинг 13-15 апрель кунлари 8-10-синф ўқувчилари ўртасида илк мартаба инновацион олимпиада ўтказилган эди.

Республика миқёсида барча ҳудудлар марказида билимлар беллашувининг якуний вилоят босқичи бўлиб ўтмоқда. Унда 7-8-синф ўқувчилари 17 та фан бўйича беллашадилар. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Беллашувнинг ҳудудий босқичларида 2,5 млн. нафарга яқин ўқувчилар иштирок этиб, шулардан 5123 нафар 7-8-синф ўқувчилари якуний босқичда қатнашиш ҳуқуқини қўлга қиритди.

Танловнинг вилоят босқичида ўқувчиларнинг фанлардан ёзма саводхонлиги ва амалий кўникмалари ўрганишга қаратилган диктант, ижодий баён, ёзма иш, лаборатория иши, оғзаки савол-жавоб шартлари ўтказилса, иккинчи шартда барча фанлардан тест синовлари бўлиб ўтади.

Бу йил илк бора билимлар беллашувининг иккинчи шарти, яъни тест синовлари шаффофликни таъминлаш мақсадида онлайн тарзда ўтказилмоқда.

Жорий йилда ҳам беллашувларда юқори натижа кўрсатган 500 нафар ўқувчи Республика миқёсида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Интеллектуал-ривожлантириш оромгоҳи»га жалб қилинади. Вилоятларда ҳам энг намунали оромгоҳларда жами 1400 нафар ўқувчи учун шундай оромгоҳлар фаолияти йўлга қўйилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг