Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Инҳа профессори Ҳусниддин Олимов Ёш олимлар халқаро мактабида маъруза-тақдимот билан иштирок этди

Инҳа профессори Ҳусниддин Олимов Ёш олимлар халқаро мактабида маъруза-тақдимот билан иштирок этди

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz»га Тошкентдаги Инҳа университетидан хабар беришларича, 2018 йилнинг 26 август — 1 сентябрь кунлари Ал-Форобий номидаги Қозоғистон миллий университети (ҚозМУ)да «Юқори энергияли заррачаларнинг физика ва астрофизикага оид муаммолари» мавзусидаги МДҲ мамлакатлари ёш олимлари учун 5-Халқаро мактаби бўлиб ўтди.

Шуниси эътиборга моликки, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг профессори, физика-математика фанлари доктори Ҳусниддин Олимов анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиладиган МДҲ мамлакатлари ёш олимлари учун халқаро мактабда ўз маъруза-тақдимоти билан қатнашган биринчи ўзбекистонлик олим бўлди. Профессор Олимовга ўзи билан бирга яна икки нафар ўзбекистонлик ёш олимни халқаро мактабда тингловчи сифатида иштирок этиши учун таклиф қилиш имконияти берилди.

Ҳусниддин Олимов тавсиясига кўра, Ўзбекистон Миллий университетининг икки нафар ёш PhD докторанти — Шаҳноза Канокова ва Шоҳрух Тожимаматовлар мазкур мактабда тингловчи сифатида қатнашдилар. Уч нафар Ўзбекистон вакилининг халқаро мактабдаги иштироки билан боғлиқ барча харажатлар МДҲга аъзо давлатлар ўртасидаги Давлатлараро гуманитар ҳамкорлик фонди томонидан тўлиқ қопланди.

Халқаро мактаб ишида юқори энергияли физика ва астрофизика соҳасидаги етакчи олимлар маърузачилар сифатида ҳамда Россия, Қозоғистон, Украина, Ўзбекистон, Беларусь, Молдова, Озарбайжон, Арманистон, Тожикистон ва Қирғизистондан тингловчилар — ёш аспирант ва докторантлар, жами 60 нафар иштирокчи қатнашди. Ёш олимлар халқаро мактабининг асосий мақсади — юқори энергияли физика ва астрофизика соҳасида етук ёш мутахассислар тайёрлаш ҳамда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари орасидаги таълимий, илмий ва маданий алоқаларни сақлаш ва мустаҳкамлашдан иборатдир.

Қувонарлиси, Ҳусниддин Олимовнинг юқори энергияли ядровий тўқнашувларда ҳосил бўлган заррачаларни таҳлил қилиш методикасига бағишланган маърузаси ҳам қатнашчилар, ҳам халқаро мактаб ташкилотчилари томонидан юқори баҳоланди ҳамда диплом ва эсдалик совғаси билан тақдирланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг