Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ITSM «Smart Land» иловасининг тақдимотини ўтказди

ITSM «Smart Land» иловасининг тақдимотини ўтказди

Жорий йилнинг 23 сентябрь куни пойтахтимизнинг 110-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида «Smart Land» интерактив виртуал таълим платформасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Бугун биз гаджетлар оламида яшар эканмиз, ҳар биримиз камида телефон ва компютерга эгамиз. Бу эса ўз-ўзидан савол туғдиради: «Хўш, мазкур гаджетларни қандай қилиб бизнинг дўстларимизга айлантиришимиз мумкин?». Бунда улардан қай тарзда фойдаланишимиз муҳим ўрин тутади. Ахир улардан тўғри фойдаланишимиз вақтимизни тежаш ҳамда имкон борича кўпроқ фойдага эга бўлиш имконини беради.

«Smart Land» виртуал таълим платформаси вақтимизни унумли, яъни қизиқарли ҳамда фойда билан ўтказишда самарали восита бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Инновация, технология ва стратегия маркази томонидан ишлаб чиқилган дастурий илова болаларни ҳар томонлама ривожлантиришга ҳамда умумтаълим мактаблари ўқитувчиларига методик ёрдам кўрсатиш эвазига таълим сифатини оширишга қаратилган.

Ушбу платформадан дарс пайтида фойдаланиш, таълим жараёнида янги усул ва услубларни яратиш учун катта имкониятларни тақдим этади. Шубҳасиз, бу ўқитувчининг ўқув ва илмий-тадқиқот фаолиятида ўз устида ишлаш лозимлигини талаб қилиб, ўқувчиларнинг билим фаоллигини оширади. Ўқув жараёнини яна-да ёрқинроқ ва қизиқарли қилади.

— «Smart Land» 15 та фан бўйича рус ва ўзбек тилларида бўлган 2008 та ўйин ва машқларни ўз ичига олган. Фойдаланувчи ўзига қулай бўлган тил ҳамда бутун ўйин давомида унга ҳамроҳ бўладиган қаҳрамонни танлаш имконига эга. Ўйинни бошлагач, у турли мамлакатлар бўйлаб саёҳатга чиқади ҳамда у ердаги диққатга сазовор жойлар билан танишиб, дунёқарашини кенгайтиради. Турли машқ ва вазифаларни бажариш натижасида эса билимини мустаҳкамлайди. Мамлакатлар синфлар бўйича тақсимланган, 1-4 синфларда қаҳрамон Ўзбекистон ва Италия бўйлаб, 5-9 синфларда Хитой ва Буюк Британияга, 10-11 синфларда эса АҚШ бўйлаб саёҳат қилади, — дейди Мактабдан ташқари таълим ва электрон ресурсларни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Александр Захаров.

Тақдимот давомида илова мактаб ўқувчилари томонидан синовдан ўтказилди. Бундан ташқари «Smart Land» доирасида викторина ташкил этилиб, ғолиблар қимматбаҳо совғаларни қўлга киритишди.

Келажакда PISA ва TIMSS халқаро баҳолаш тизимларига кўра иловадаги топшириқларни такомиллаштириш, шунингдек, платформага физика, кимё ва биология фанлари бўйича виртуал лаборатория жорий этиш режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг