Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Китоб дўконигача «етиб бора олмаётган» ота-оналарга очиқ хат

Китоб дўконигача «етиб бора олмаётган» ота-оналарга очиқ хат

Фото: «Sib.fm»

Китоб. У қалбларга нур, онгга тафаккур келтирувчи ажиб мўъжиза. Ҳаёт йўлларимизни ёритувчи шамчироқ. Буюкларнинг буюклиги у билан. Азизларнинг азизлиги у билан. Китоб воситасида миллат, мамлакат тарбияланади.

Мени бу очиқ хатни ёзишга ундаган нарса — ўқув йилининг бошидан буён фарзандига битта китоб сотиб олиб бера олмаётган, гоҳ вақти, гоҳ пули йўқлигини баҳона қилиб, китоб дўконигача «етиб бора олмаётган» ота-оналар сафининг кўпайиб бораётганидир.

Дунёда мўъжизалар бисёр. Техникалар кундан-кун бирининг ўрнини бири босиб, йилдан-йил ўзгариб, янгиланиб бормоқда. Лекин китоб жавонимиздаги 50-йилларда нашр қилинган китоб ҳамон ўша-ўша жозибасини йўқотмаган. Даҳолардан бири «Инсон қиёматга қадар кўп мўъжизалар яратади, аммо китобгина абадий мўъжиза бўлиб қолади», деганида нақадар ҳақ эди.

Саид Аҳмаднинг «Уфқ» романини кутубхона мудираси олиб қўймаслиги учун икки кун мактабга бормай ўқиб чиққан одамларни биламан.

Ёшлигимда кўп касал бўлардим. Отам Эски шаҳардаги катта китоб дўконидан қоғоз халтага тўлдириб, турли китоблар олиб келар эдилар. Бу китоблар ҳаётимга мазмун, умримга маъно қўшарди. Бетоб кунларимда сирдошим, ҳаётга умид бағишловчи йўлбошчим бўларди. Дунёда китобдан азизроқ нарса, китобдан қимматли совға йўқ эди, назаримда.

Ҳозир ҳам китоб дўконига кирсам, қувончдан юрагим гурсиллаб, кўзимга ҳеч нарса кўринмай қолади. Ҳар бир китобни ушлаб кўраман, ҳаммасини харид қилгим келади. Бу чексиз завқни, таъбир жоиз бўлса, бу адреналинни ҳеч қайси тўй-ҳашамдан, ҳеч қайси гап-гаштакдан тополмайман. Нимага шундай? Менимча китоблар, айниқса, яхши китоблар одамларни ҳаётни янада яхшироқ, чиройлироқ, меҳрибонроқ кўришга ёрдам беради.

Китоб, аввало ҳиссиёт уйғотади. Ҳиссиётлари гўзал фарзандларимиз  эса қўли гул, тили ширин, кўнгли тоза, бағрикенг авлод бўлиб тарбия топади.

Умидбахш туйғуларга йўғрилган адабиётлар тобора қотиб бораётган дийдаларимизни юмшатади. Ўртоғи бехосдан стулдан қулаб тушса, баралла куладиган ўқувчиларимизнинг ўрнига ҳамдардлик туйғуси билан кўрмаганликка оладиган синфдошлар пайдо бўлади.

Фарзандларимиз китоб ўқиса, китоб қаҳрамонларига тақлид қила бошлайди. «Беш болали йигитча»дек укаларига ғамхўр бўлишни, Алпомишга айланиб, орини ҳимоя қилишни ўрганади. Онага бўлган муҳаббатни «Дунёнинг ишлари»дан ўргансин, «Бобурнома»дан Бобурдек ўз отаси билан фахрланишни ҳис эта билсин.

Китоб ўқир эканмиз, ўша қаҳрамонлар йиғласа йиғлаб, кулса куламиз. Улар қийинчиликлардан ўтиб олса шодланамиз. Бу компьютер қаҳрамонларини ўлдириб роҳатлангандан кўра яхшироқ эмасми?

Мен бир оддий адабиёт ўқитувчиси сифатида бугун миллатимизнинг эртаси бўлган фарзандларимизни тарбиялашда КИТОБни ёрдамга чақирмоқчиман. Бугунги ахборот бўронлари онгимизни чарчатиб, вужудимизни қақшатаётган паллада адабиёт ёрдамга келади. Европа адабиётининг ғаройиб вакили Франс Кафка айтганидек: «Адабиёт – нуфузли жой: у гўё сен бир лаҳзага бўҳрон ва шафқатсизликлардан муҳофаза қилинганингдек, дунёга эркинроқ назар ташлашингга имкон беради; у антиқа ва сирли таскин беради».

Феруза Солихўжаева,

Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туманидаги 248-мактаб она тили ва адабиёт ўқитувчиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг