Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Комил Алламжонов: «Кўзи ожизлар учун 48 турдаги дарслик етишмайди»

Комил Алламжонов: «Кўзи ожизлар учун 48 турдаги дарслик етишмайди»

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 7 декабрь куни Тошкент шаҳар ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернатида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз тарихида биринчи марта нашр этилган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг брайль алифбосидаги нашри тақдимотига бағишланган тадбир ўтказилди. Мазкур хайрия тадбири Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ташкил этилди.

Тадбир аввалида ЎзМАА бош директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжонов кўзи ожизларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг тўлақонли ҳаёт кечириши, хусусан зарур адабиётлар билан таъминлаш борасида агентликнинг ташаббуслари ҳақида  маълумот берди.

«Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош вазифаларидан бири бу таълим соҳаси учун тегишли буюртмалар асосида ўқув қўлланмаларини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаб беришдир. Агар мутассади ташкилотлар буюртма бермасачи? Ташаббус бўлмаса-чи? Афсуски, биз ушбу соҳада кўплаб муаммоларни учратишимиз мумкин», – деди Комил Алламжонов.

«Ҳозирда кўзи ожизлар учун махсус китобларни фақатгина биртта босмахона чоп этаётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Шубҳасиз, босмахона маънавий ва моддий жиҳатдан анча эскирган. Бу самарадорликка таъсир кўрсатади – босмахона ҳозирда йиллик бор-йўғи 18 тур дарслик чоп этмоқда. Ваҳоланки, кўзи ожизлар махсус мактаби учун яна 48 тур дарслик етишмайди. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, умумий ўрта мактабларда болалар бутун мактаб даври мобайнида 134га яқин дарсликдан таълим олишади», — қайд этди у.

Фото: «Xabar.uz»

Шунингдек, ЎзМАА раҳбари республикамиздаги кўзи ожизлар учун махсус мактабларга 3000 бола қатнаётгани, аммо улар рисоладагидек таълим ололмаётганини таъкидлаб, аҳвол йилда-йилга ёмонлашаётганига эътиборни қаратди:

– Ҳозир биз фақат дарсликлар мисолида айтяпмиз, бироқ имконияти чекланган болалар ҳам иқтидор ва малакани ривожлантиришга кўмаклашувчи бошқа турдаги адабиётлар – бадиий адабиётлар, турли қўлланмалардан ҳам фойдаланишлари зарур. Лекин бундай китобларнинг йўқлиги, шунчаки яхши таълим олишга шароит яратиб беролмаганимиз боис, қанчадан-қанча истеъдодларни кашф қилолмаяпмиз. Энг катта муаммо бу олий ўқув юртларида кўзи ожизлар учун ўқув қўлланмаларининг йўқлигида. Бу тоифадаги талабалар фақатгина маърузада ёзиб олган конспектлардан фойдалана олишади, холос. Одатда талабалар маъруза вақтида 10 фоиз маълумотга эга бўлишади, қолган ахборотни эса керакли адабиётлардан ўзлаштиришади. Кўзи ожиз талабаларда эса бундай имконият афсуски йўқ.

Foto: «Xabar.uz»

Қайд этилишича, шу каби муаммоларни ҳал этиш учун ЎзМАА «Кўнгил кўзи» номли кенг миқёсли дастур ишлаб чиқмоқчи. Дастурдан кўзи ожизлар учун ўқув қўлланмаларини нашр қилиш соҳасида янги ишланмаларни молиялаш, босмахоналарнинг техник ва технологик асосини янгилаш, соҳани ривожлантириш учун кадрлар тайёрлаш, аудиокитоблар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, сифатли таълим ва ижтимоий мослашувга йўналтирилган яна бошқа чора-тадбирлар ўрин олади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг