Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Инновация вазири ўринбосари Ўзбекистонда маҳаллий нодавлат университетларини очишни илгари сурди

Инновация вазири ўринбосари Ўзбекистонда маҳаллий нодавлат университетларини очишни илгари сурди

Шерзод Шерматов — Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари.

Фото: «Uzbekistan Today»

«Ўзбекистонда маҳаллий нодавлат университетларини очилишига имконият яратишимиз зарур! — деб ёзди Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шерзод Шерматов «Facebook»даги саҳифасида. — Бу масаланинг муҳимлигини қуйидаги Жаҳон банки маълумотлари асосида тайёрланган графикда кўриш мумкин. 1990 йилга нисбатан деярли барча давлатларда олий таълим билан қамров даражаси ошган, Ўзбекистонда эса бу кўрсатгич пасайиб, хозирги вақтда 9 фоиз атрофида ташкил этади, яъни дунёда 117-ўрин. Бу эса Глобал инновацион индексдаги Ўзбекистоннинг ўрнига жуда салбий таъсир қилади.

Фото: «Facebook» / Sherzod Shermatov

Унинг қайд этишича, бундай ҳолатнинг сабаби: аҳоли сони ошиб борган, лекин олий таълимга қабул квоталари ушбу давр давомида деярли ортмаган. Фақат янги очилган чет эл университетлари ҳисобидан қабул сони кўпайган.

Инновация вазири ўринбосари мазкур масаланинг муҳимлигини яна қуйидаги омиллар орқали кўрсатиб беради:

1) Президентимиз томонидан жамиятимиз ривожида хусусий секторга кенг имконият яратиш устувор вазифа қилиб белгиланган экан, хусусий сектор нафақат бошланғич ва мактаб таълимида, балки олий таълимга ҳам кириб келишига имконият яратилиши керак;

2) Дунёдаги энг юқори рейтингга эга университетлар айнан нодавлат университетларидир. Улар ўзининг обрўсини ошириш учун сифатли битирувчи чиқаришга ҳаракат қилади;

3) Ўзбекистондаги хорижий университетлар филиалларининг ҳам кўпчилиги нодавлат университетлардир;

4)Таълим сифатини назорат қилиш бўйича инспекция тузилиши ҳам бу йўналишда ўзига хос қадамдир, яъни "диплом сотиш" билан шуғулланадиган университетлар фаолиятига йўл қўйилмаслигини назорат қила олади;

5) Нодавлат университетлар кўпайиши билан улар орасидаги рақобат кучайиши натижасида улар таълим сифатига алоҳида эътибор берадиган бўладилар;

6) Нодавлат университетлари сифатни ошириш учун яхши ўқитувчиларни жалб қилишга ҳаракат қилишади, бу эса уларни маошлари ҳамда шароитларини яхшилашга ва ҳатто чет элда фаолият юритаётган юқори малакали профессорларимизни мамлакатимизга қайтаришга ҳам имконият яратади;

7) Иш берувчилар ҳам бундан буёғига дипломдан кўра айнан номзоднинг билим ва кўникмаларига кўпроқ эътибор қаратаяптилар, шунинг учун хусусий университетларга кирган талабалар ўзларини устида кўпроқ ишлашга ҳаракат қиладилар. Уларни ҳеч ким "мажбурлаб" ўқитиши шарт эмас баъзи давлат университетларидаги каби;

8) Ўзбекистонда энг кўп ресурс бу айнан инсон ресурсидир, шунинг учун ушбу ресурсдан имкони борича яхшироқ фойдаланилса мамлакат иқтисодиёти янада яхшироқ ривожланади. Инсон ресурси кўпроқ қўшимча қиймат келтириши учун эса таълимни кучайтириш керак. Хусусий сектор эса давлат секторидан кўра доимо сифатлироқ ишлайди. Шунинг учун ҳам нодавлат университетлари очилишига имконият яратиш зарур;

9) Маҳаллий тадбиркорлар орасида маҳаллий нодавлат университети очишга сармоя киритиш ниятида бўлганлар ҳам анчагина. Бу уларнинг бизнеслари ривожи учун ҳам юқори малакали мутахассис етиштиришга ҳам хизмат қилади. "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида" бундай имконият яратилиши мамлакатимиз ривожи учун ўзига хос совға бўлади.

Фото: «Facebook» / Sherzod Shermatov

«Бу масалада «Менинг фикрим» порталига петиция кўринишида таклиф киритган эдим, нимагадир модератор рад этибди. Аслида бу рад этиш қоидаларига тўғри келмайди. Давлат дастурини кўрсатилган бандида ҳам бошқа топшириқ берилган. Майли, агар ҳақиқатда «Таълим тўғрисида»ги қонунда буни кўзда тутишса жуда яхши иш бўларди», — деб ёзади Шерзод Шерматов.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг