Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўқитувчининг дарди ичида. Яна мажбурий меҳнатдан шикоят қилинмоқда

Ўқитувчининг дарди ичида. Яна мажбурий меҳнатдан шикоят қилинмоқда

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz» таҳририятига Фарғона вилояти, Учкўприк туманидаги 47-умумтаълим мактабида ўқитувчилар шу йилнинг 1 августидан бери мажбурий меҳнатга жалб қилиниб келинаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди.

«Барча ўқитувчилар меҳнат таътилидан қайтгач, мактаб биносини таъмирлаш, майдонларни бегона ўтлардан тозалаш, катта йўл четида деворларни оқлаш, дарахтларни буташ каби ишларга мажбурий жалб этилмоқда. 1 августдан бошланган бу ишлар ҳалигача тугамаяпти. Ҳатто, нафақа ёшидаги кекса муаллимлардан тортиб, аёл ўқитувчилар ҳам ҳар куни соат 8:00дан 12:00 гача ишлашга мажбур», — дейилади мурожаатда.

Фото: «Xabar.uz»

Мурожаат муаллифининг ёзишича, ҳеч ким қаршилик кўрсата олмайди, норозилик билдирган ёки ҳақ-ҳуқуқини талаб қилган ўқитувчилар дарс тақсимотини ўйлаб, дардини ичига ютишга мажбур. Янги ўқув йилига саноқли кунлар қолишига қарамай, ҳалигача дарслар тўлиқ тақсимот қилинмаган. Ходимлар жон жаҳди билан ишга киришишган, лекин, улар ўз касбига тааллуқли бўлмаган ишлар билан овора. Ўз устида ишлаб, ўқув режаларини тайёрлашни бошлашлари учун эса, баъзи фанлардан ҳалигача дарслар тақсимот қилинмаган.

«Аслида муаммолар жуда кўп, қанча ёзсаям тугамайди. Лекин алам қиладигани, катта йўл четидаги деворларни оқлаш. Эски кийимларни кийиб, бундай ишларни бажариб турганимизни қанчадан қанча ўқувчилару, ота-оналар кўриб туришибди. Раҳбар эса, доим биздан натижа талаб қилади. Олимпиадада ўрин ололмадинг, билимлар беллашувида ўқувчинг юқори балл ололмади, деб койийди яна. Биз мардикорлар қиладиган ишларни қилаётганимизни кўриб турган ўқувчиларимиз қандай қилиб ўқишга қизиқсин? Демак, ўқиганни аҳволи шу эканда деб, ота-она ҳам, ўқувчи ҳам хулоса чиқариши табиий», — куюнади ўқитувчи.

Таҳририятдан:

Ёдингизда бўлса, август ойи бошларида ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида жойлашган 13-умумтаълим мактаби ўқитувчилари мактаб маъмурияти томонидан мактаб ҳудудида мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги ҳақида фотолавҳалар жойлаштирилгач, Адлия вазирлигининг масъул ходимлари томонидан мазкур ҳолатга аниқлик киритиш учун жойига чиқиб, ўрганиш ўтказилган ва мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари ўз тасдиғини топган эди.

Юқоридаги мурожаат юзасидан ҳам мутасадди ташкилотлар ўрганиш ўтказиб, ҳолатга аниқлик киритишишини кутиб қоламиз.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг