Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон жамоаси етакчиси: «Ёш математикларимизни қаллобликда айблаш учун исбот ва далиллар йўқ»

Ўзбекистон жамоаси етакчиси: «Ёш математикларимизни қаллобликда айблаш учун исбот ва далиллар йўқ»

Фото: «clipper28.com»

Шу йилнинг 3–14 июль кунлари Руминия давлатининг Клуж-Напока шаҳрида ўтказилган дунёнинг энг нуфузли саналган фан олимпиадасида Ўзбекистон жамоасидан 3 нафар ўқувчи қаллобликда гумонланиб, олимпиададан четлаштирилгани ҳақидаги хабар бугун интернет ОАВларнинг бош мавзуларидан бирига айланди.

Ушбу 59-Халқаро математика олимпиасида Ўзбекистон ўқувчиларининг натижалари бекор қилинганлиги тўғрисида жамоа етакчиси, физика-математика фанлари номзоди, доцент Шуҳрат Исмоилов тушунтириш берди:

— «IMO 2018»да Ўзбекистондан Касб-ҳунар таълими маркази буйруғи билан икки нафар раҳбар, 6 нафар ўқувчи, Ёшлар иттифоқи қарори билан жамоани тайёрлашда фаоллик кўрсатган 3 нафар математик-кузатувчи иштирок этган. Олимпиада иштирокчиларининг барчаси академик лицейлар ўқувчилари бўлиб, икки босқичли танлов натижаларига кўра, саралаб олинган. Ушбу саралашнинг иккинчи турида мазкур ҳолат бўйича биринчи бўлиб хабар берган 7 нафар ёшлардан 3 нафари иштирок этган. Қолганлари хорижий давлатларда таҳсил олгани ҳамда математик мутахассислигига эга бўлмаганлиги сабабли олимпиада саралаш босқичларида иштирок этмаган.

«IMO 2018» Президенти Жоф Смит ўзининг расмий баёнотида айтганидек, ҳақиқатдан ҳам жамоадаги 3 нафар ўқувчи геометриядан тақдим этилган масалани бир хил усул билан ечганлиги сабабли маълум маънода шубҳа пайдо бўлган ва бу масалани кўриб чиқиш учун бошқа давлатлар етакчилари (улар халқаро хайъат аъзолари ҳисобланади) муҳокамасига қўйилган.

Муҳокама пайтида бир нафар ўқувчининг ечими қолган иккаласи билан бир ҳил усулда ечилган бўлса-да, унинг ҳажми 12 варақдан ортиқ, қолган ўқувчиларнинг ечими қисқароқ эканлиги, аммо инверсияга таянган ечим усули  1993 йили Туркияда бўлиб ўтган ХМОда тақдим этилган масалага ўхшашлиги қайд этилган. Мен бу бир усул қўлланишини шу 3 ўқувчи бир лицейда ўқиб ўрганганлиги билан тушунтирдим. Бундан ташқари, бу болалар комбинаторика масаласига вақт ажратмай, бор кучини уларга таниш бўлган геометрия масаласига сарфлаган. Ўқувчилар билан қўшимча суҳбат ўтказилиши лозимлигини ҳам таклиф қилдик. Шунга қарамасдан, ўқувчиларимиз масаласи яширин овозга қўйилиб, овоз бериш натижасида уларни четлаштириш қарори қабул қилинди.

Бу уч нафар ўқувчи, жорий йилнинг январ ойида Қозоғистонда бўлиб ўтган Халқаро Жаутиков олимпиадасида 1та кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритганлиги, тайёрлов пайтида жўда фаол бўлганлиги ҳамда илгари ҳам ўзбекистонлик ўқувчилар асосан геометрик масалаларни тўлиқ ечиб келганликлари боис, менда уларни қаллобликда айблаш учун асосланган исбот ва далиллар йўқ.

Вазиятни соддалаштириб, тажриба учун ихтиёрий  3 нафар иқтидорли ўқувчига квадрат тенгламани бериб кўринг-чи... Улар нечта усул билан ишлар экан?

Шу билан бирга, ХМО етакчиларининг йиғилишида билдирилган тавсияларга асосан, ўқувчиларимизнинг руҳий ҳолатини бузмасликка қарор қилдим. Чунки улар етарлича жазосини олди».

Изоҳлар 7

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг