Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ОТМлари нима сабабдан халқаро рейтингларда йўқ?

Ўзбекистон ОТМлари нима сабабдан халқаро рейтингларда йўқ?

Фото: О.Мирсоатов

Ўзбекистон университетлари бугунги кунда жаҳоннинг нуфузли 100 ёки 200 талик рейтинглари у ёқда турсин, ҳатто 500талик рейтингларидан ҳам ўрин олмагани ҳеч кимга сир эмас. Асосийси, бу рейтингларга бир неча йиллардан буён эътибор қаратмаётган соҳа ходимлари, эндиликда ўз ташаббуслари билан халқаро рейтинг агентликларига таклифлар билан чиқмоқда. Биргаликда турли тадбир ва танловларни ташкил этаётир. Ана шундай тадбирлардан бири 23 ноябрь куни Тошкентда ўтказилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Нидерландиянинг Elsevier компанияси билан ҳамкорликда Scopus илмий-таҳлилий маълумотлар базаси версияси бўйича энг самарали фаолият кўрсатаётган олимларни тантанали тақдирлаш маросими ташкил этилди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бўлиб ўтадиган ушбу тадбирда вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари, QS, Times Higher Education каби дунёнинг етакчи рейтинг агентликлари директорлари, Elsevier компанияси раҳбарлари, хорижлик мутахассислар ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этади.

Тадбирга ташриф буюрган QS рейтинг агентлигининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Зоя Зайцева ЎзА мухбирига эксклюзив интервью берди. Мазкур интервью Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ахборот хизмати кўмагида ташкил этилди.

– Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг ютуқлари ҳақида нима дея оласиз? Қайси жараён ўзгартиришга муҳтож наздингизда?

– Бу менинг Ўзбекистонга иккинчи ташрифим. Бир қатор университетларда бўлдим. Энг биринчи кўзга ташланган нарса бу университетларнинг бир жамоадек фаолият олиб бориши. Одатда дунё олий таълим муассасаларида ўз тажрибаларини ўртоқлашмайди. Бу ерда жуда дўстона муҳитни кўриш мумкин. Асосий муаммоларга тўхталадиган бўлсам, бу аввало барча собиқ иттифоқ мамлакатларидагидек каби, хорижий талабалар ва хорижий ўқитувчиларнинг камлиги. Тўғри, аста-секин бу мамлакатлар ҳам дунёга очилмоқда. Биз учун асосий муаммони сайтлар туғдиради. Чунки, инглиз тилидаги маълумотлар янгиланмайди. Мен компаниядаги россиялик сифатида уларни тушунишим мумкин. Яъни, рус тилидаги маълумотларни ўқий оламан. Лекин, бошқа ҳамкасбларим учун инглиз тилидаги маълумотлар етарли эмас. Бунга ўзгартишлар киритилиши керак. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон университетларини жаҳонда кам билишади. Менимча, айни шу жабҳада кўпроқ ишлаш керак.

– Бугун Марказий Осиёнинг, мисол учун Қозоғистоннинг университетлари рейтингга кирган. Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг унга кирмаганига сабаб нима деб ўйлайсиз? Бу Ўзбекистондаги таълим сифати билан боғлиқми ёки бошқа сабаби ҳам борми?

– Ўйлайманки, университетларингиз янги вазир келгандан кейин рейтингларга қўшилиш учун ҳаракатни бошлади. Бунгача ҳеч қандай сўров бизга келмаганди. На коммуникация мақсадида, на тадбирларга ва на таҳлил бўйича ҳеч қандай таклиф киритилмаган. Қозоғистонда ҳам шундай эди. Биринчи марта 2009 йилда биз у ерда ишлашни бошладик. Мен университетлар билан гаплашгани келганимда биронта университет рейтингларда йўқ эди. Кейин 2010 йилда Назарбоев Қозоғистоннинг 2 университетини жаҳоннинг топ-200 рейтингига киритиш вазифасини қўйди. 2012 йилда бу ишнинг биринчи натижаларини кўра бошладик. Гап шундаки, QS рейтингини тузишда асосий индикаторлар 5 йил ичида тақдим этиладиган кумулятив маълумотлардан фойдаланилади. Академик нуфуз, иш берувчилар баҳоси, Scopusнинг библиометрик маълумотлари асосида тузилади. Университетлар бу маълумотларни йиғишлари учун камида икки йил керак бўлади. Олий таълим муассасалари қачонки ўзлари рейтингдан ўрин олишга астойдил киришса, бу ҳаракатлар секин-аста ўз натижасини бера бошлайди. Ҳозирча бу ҳақида гапиришга эрта. Кумулятив маълумотлар бизда йўқ.

– Демак, Ўзбекистон таълим муассасаларининг бу рўйхатда йўқлиги таълим сифати билан боғлиқ эмас, балки маълумотлар тақдим этилмаган. Тўғрими?

– Ҳа.

– Сиз иккинчи маротаба Ўзбекистондаман дедингиз. Айнан таълим сифати ҳақида шахсий баҳоингизни бера оласизми?

– Мен иш берувчиларнинг розилигини кўряпман, халқаро ҳамкорликни кўряпман. Ўзбекистон университетларининг халқаро миқёсга чиқишга бўлган интилишларини ҳис қиляпман. Рақобат муҳити шакллана бошлабди. Талабалар ва ўқитувчилар орасида энг билимлиларини саралашга ҳаракатлар бошланган. Сифат ҳақидаги яна бир индикатор деб ҳисоблаш мумкин бўлган жиҳатни айтиб ўтмоқчи эдим. Яъни, бир қатор Европа ва Осиёнинг нуфузли университетлари ўзларининг магистрлик дастурларига Ўзбекистон олий ўқув юртлари битирувчиларини олишга тайёрлигини билдирмоқда. Бу Ўзбекистонда бошланғич тайёргарлик ёмон эмаслигини кўрсатади. Кўпроқ техника, аниқ фанлар йўналишига тааллуқли, бироқ ижтимоий гуманитар соҳаларда бироз қийинроқ.

– Ўзбекистон олий таълим муассасалари қачон ва қандай қилиб халқаро рейтингларга кира олиши мумкин? Сиз қандай тавсияларни бера оласиз?

–Бу маълум бир университет нимадан бошлашига боғлиқ. Лекин, кўпгина университетлар бир хил ҳолатда бўлгани сабабли мен учта асосий жиҳатни айтиб ўтмоқчи эдим. Шунда ҳам, камида 4 йилда натижа қўлга киритилиши мумкин. Демак, биринчидан, халқаро академик ҳамжамият билан ҳамкорликни ривожлантириш, университетларни танилиш имкониятини ошириш, иккинчиси иш берувчи билан муносабатларни ривожлантириш, QS рейтингида айнан иш берувчининг битирувчи ҳақидаги тасаввури инобатга олинади. Бизга уларнинг фикри муҳим. Университетлар ҳам улар билан қизиқиши керак, чунки бу бозор талабларига мос мутахассис тайёрламоқдами йўқми шуни билишга имкон яратади. Балки улар иш берувчи бир йил мобайнида қайта ўқитиши керак бўладиган ходимни тайёрлаётгандир.

Каръера марказларини ташкил этиш, ўз битирувчиларини менторлар сифатида жалб қилиш, халқаро компаниялар билан ҳамкорликни ривожлантириш каби жуда кўп тармоқлар борки, улар эскича йўналишда сақлаб қолинган. Асосий элементлардан бири бу библиометрия, биз бу йўналишда кўпроқ SCOPUS билан ишлаймиз. Агар университет томонидан SCOPUSда 50 дан кам материал эълон қилинган бўлса, демак бу университетни таҳлил қилиб ҳам ўтирмаймиз. Агар истиқбол ҳақида гапирадиган бўлсак, яқин йиллар учун қўйиладиган мақсад аввало минтақавий рейтингга кириш бўлиши керак. Яқинда Евроосиё рейтингини чиқардик, лекин унда биронта ўзбек университети йўқ. Лекин, Тошкент давлат техника университетининг ҳаракатлари бошланганини кўрдик, улар овоз ола бошлади. Бу университет олимлари халқаро журналларда мақолаларини чоп этмоқда, улардан иқтибос келтирила бошланди. Лекин, ҳали булар етарлича эмас. Мен тахмин қиламанки, ҳаммаси яхши бўлса, алоҳида шахслар рейтингга кириш амалиётларини бажарса ва молиявий кўмак берилса яхши натижаларга эришиш мумкин. Масалан, халқаро конференцияларда иштирок этиш ҳам катта маблағни талаб этади. Бунда фақат конференцияларда ниманидир ўрганиш эмас, Ўзбекистон нимани таклиф этаётганини ҳам намойиш этиши лозим.

– Оммавий ахборот воситалари ҳам маълум маънода университетлар ҳақида фикр берувчи индикатор саналади. Кейинги вақтларда айнан Ўзбекистон олий таълими ҳақида қандай хабар ёки янгиликларни кузатдингиз?

– Тўғрисини айтсам жуда кам. Мен фақат шу ерга келаётганим сабабли интернетдан қидириб кўрдим ва Ўзбекистон-Россия таълим форуми ўтганини, Президент Шавкат Мирзиёевнинг таълимни ривожлантиришга қаратаётган эътибори ва ректорлар билан ўтказилган йиғинини ўқидим. Лекин, шундан бошқа хабар ўқимадим. Мен бу хабарларни ҳам маҳаллий ОАВдан олдим. Лекин, дунёда афсуски, Ўзбекистон ҳақида маълумотлар кам. Мен шу ерда айтмоқчиманки, Ўзбекистон профессор-ўқитувчилари ва олимлари томонидан мақола чоп этиш мумкин бўлган бир қатор ресурслар бор. Масалан, бизнинг рейтинг натижалари эълон қилинадиган topuniversities.com бир йилда 56 миллион киши киради. Ҳар қандай университет у ерда профилга эга бўлиши мумкин. Унда ўзи ҳақида маълумотлар бериб бориши мумкин. Бу сайтда биз қизиқарли маълумотларни чоп этиб борамиз. Айтайлик, Ўзбекистоннинг қайсидир университетида Ҳиндистонлик талаба ўқийди. Унинг тарихини биз эълон қилишимиз мумкин. Бизда нега у Ўзбекистонни ва нега айнан шу университетни танлагани бериб борилади. Университетни машҳур иш берувчи компания билан яқин ҳамкорлиги бўлса, биз буни ҳам эълон қилишга тайёрмиз. Ёшларга ректорни қайсидир марказни очиши, ёки қайсидир тадбирни ўтказгани қизиқ эмас, улар ўзларига дахлдор бўлиши мумкин бўлган нарсаларни ўқийди. Халқаро талабалар эса улардан бири. Ёки ўқитувчилар ва иш берувчиларни фикрлари ҳам уларга қизиқ бўлиши мумкин.

– Жаҳон рейтингига киришда афсуски айнан Марказий Осиё ва Кавказ университетларини рейтингларда нисбатан пастроқ ўринларда турганини кўрамиз сабаб ёки умумийлик нимада?

– Бу аввало тарих билан боғлиқ. Бу минтақа узоқ вақт мобайнида ёпиқ эди. Иккинчидан, халқаро ҳамкорликка эҳтиёж йўқ эди. Иттифоқ доирасида мутахассис тайёрланса етарли эди. Ўзбекистон-Россия, Ўзбекистон-Қозоғистон каби минтақавий ҳамкорликка устуворлик берилар эди. Фан таълимдан ажратилган, фанлар академияси барча республикаларда бир хил мақомда. Яъни фан алоҳида, таълим ўз ҳолича кетарди. Бугунги кунга келиб бу жараён ўзгарди. Лекин, натижалар бирданига қўлга киритилмайди.

Н.Тошпўлатова, ЎзА

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг