Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда «Америкага дарча» очилмоқда

Ўзбекистонда «Америкага дарча» очилмоқда

Фото: «Google Images»

Қашқадарёнинг Қарши шаҳрида биринчи «Америкага дарча» («American Window») маркази қурилмоқда. Ўзбекистонда бу турда очилаётган илк марказ саналган маърифат маскани 2021 йил бошида фойдаланишга топширилади.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, Халқаро таълим бўйича Америка Кенгашлари (American Councils) томонидан бошқариладиган, 230 квадрат метр майдонни эгалловчи ушбу маскан Марказий Осиёда энг катта бўлиши кутилмоқда. Маърифат маскани компьютер лабораторияси, кутубхона, анжуманлар зали ва «Education USA» синфларини ўз ичига олади. Марказнинг бутун майдони замонавий шиша деворларга ва Америка услубидаги дизайнга эга бўлади.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Халқаро таълим бўйича Америка Кенгашлари ҳамкорлигидаги «Америкага дарча» ташаббусига келгуси йил бошида старт берилади. Лойиҳа Ўзбекистоннинг бутун ҳудудини қамраб олиши кўзда тутилган. «Америкага дарча» марказларида замонавий ресурсларга эга кутубхоналардан фойдаланиш, хусусан, электрон ва қоғозли китоблар, инглиз тилидаги илмий ва маданий манбаларни мутолаа қилиш, интернетга уланган компьютер лабораторияларидан истифода этиш имкони яратилади. Маърифат масканларида, шунингдек, америкалик мутахассислар иштирокида маърузалар, суҳбатлар ҳамда инглиз тилида фильмлар намойиши ташкил этилади. Бундан ташқари, «Америкага дарча» масканларида АҚШда бакалавриат ва магистратура дастурларида ўқишни истаган номзодларга бепул маслаҳат хизматини кўрсатадиган Education USA маркази фаолият юритади.

American Councils халқаро таълим, академик алмашинув ва чет элда тил муҳитини тарғиб қилиш бўйича етакчи бўлиб, академик, касбий ва маданий алмашинув, тилларни ўргатиш, таълимни ривожлантириш ва тадқиқотларнинг мукаммаллиги орқали халқаро алоқаларни ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, American Councils 2018 йилда Тошкентдаги ваколатхонасини қайта очди ва ҳозирда Келажак етакчилар алмашинуви дастури (FLEX), Инглиз тилида сўзлашувчи миллат: Ўрта мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириш (ESN: STT) ташаббуси, Ўзбекистон бизнес раҳбарлари алмашинуви дастури ва Марказий Осиё университетлари билан ҳамкорлик (UNiCEN) каби 13 хил дастур портфелини бошқаради.

Аввал хабар берганимиздек, ўзаро келишувга мувофиқ АҚШ ҳукумати мамлакатимиз таълим тизимини келгуси беш йил давомида қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион доллар маблағ ажратди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида эса Ўзбекистонда илк бор «Education USA» кўргазмаси ўтказилди.

«Мен АҚШ элчиси сифатида халқларимиз ўртасидаги робиталарни янада мустаҳкамлаш тарафдориман. Бу борада эса таълим энг самарали восита эканига ишончим комил», – деган эди элчи Дэниел Розенблюм кўргазма очилишида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг