Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда илк маротаба Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ўтказилади

Ўзбекистонда илк маротаба Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ўтказилади

Фото: «ЎзА»

Ўзбекистонда илк маротаба Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ўтказилади Шу йилнинг 28-30 октябрь кунлари Урганч шаҳрида илк маротаба талабалар ўртасида математика бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ўтказилади. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

Айтиш керакки, ушбу нуфузли халқаро олимпиадани ташкил этиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг сентябрида Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида илгари сурилган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилнинг 26 августдаги қарори билан олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ҳар икки йилда бир марта математика бўйича Муҳаммад Хоразмий номидаги халқаро олимпиадани ташкил этиш белгиланди.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиадани ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад буюк алломанинг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш, қолаверса, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларни фундаментал ва аниқ фанлар билан шуғулланишга кенг жалб этиш ҳамда илм-фан йўлида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.

Ўзбекистонлик талабалар шу кунга қадар халқаро математика олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этишган, бироқ мамлакатимиз талабалар ўртасида ўтказиладиган ўзининг нуфузли халқаро олимпиадасига эга бўлмаган. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада тарихнинг янги саҳифаси бўлиб, Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида нуфузи тобора ортиб бораётганини кўрсатади.

Нуфузли халқаро олимпиадада дунёнинг 20 давлатидан 58 университет жамоалари иштирок этади. Олимпиадада 334 нафар талаба ўзаро беллашади, уларга 100 нафар жамоа раҳбарлари ҳамроҳлик қилади.

Ҳакамлар ҳайъати математика фанидан дунёнинг таниқли халқаро даражадаги экспертлари, МДҲ давлатларининг профессор-ўқитувчилари ва юртимизнинг тажрибали профессор-олимлари, маҳоратли амалиётчи ўқитувчиларидан ташкил топади.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиадада ғолибликликни қўлга киритган ўзбекистонлик талабаларга математика, физика, ахборот технологиялари йўналишлари бўйича магистратурага квотадан ташқари давлат гранти асосида кириш ҳуқуқи берилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг