Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда олий таълимни ислоҳ қилиш: муаммолар ва таклифлар

Ўзбекистонда олий таълимни ислоҳ қилиш: муаммолар ва таклифлар

Фото: «34travel.me»

Ушбу мақолада олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан фикр-мулоҳазалар берилиб, уни янада ислоҳ этиш бўйича мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан концептуал ғоялар таклиф этилган.

Мақолани ёзишга соҳада олиб борилаётган ишларга бефарқ эмаслигим ундади, ўз билим ва тажрибамни кенг жамоатчилик билан бўлишгим келди ва шу тариқа соҳа ривожига оз бўлса-да фойдам тегсин деган яхши ният билан бошладим.

Ташкилий-ҳуқуқий масалалар

Ҳозирда олий таълим муассасалари (ОТМ) олдига қўйилган вазифаларни бажариш учун улар том маънода мустақил бўлиши, барча турдаги бўйсунишлар бекор қилиниши талаб этилади. Барча ОТМлар нодавлат нотижорат ташкилот (ННТ) шаклида қайта ташкил этилиши лозим. Уларнинг раҳбарлари эса шу ОТМ жамоаси томонидан маълум бир муддатга, мисол учун, 4 йилга сайланиши мумкин.

Барча ОТМлар фаолияти учун бир хил ҳуқуқий асос ва шароитлар яратилиши даркор. Уларнинг моддий техника базасини яхшилаш нур устига нур, албатта, бироқ биз ОТМларнинг барқарор ривожланиши учун тизим яратишга эришишимиз зарур. Шунда ОТМларимизда жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларига мос мутахассислар етказиб бериш имконияти ортади.

Савол туғилиши табиий: бунда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг (ОЎМТВ) роли қандай бўлади? Вазирлик ОТМларнинг ушбу трансформациясига методик ёрдам бериши керак, мисол учун, ННТ шаклидаги ОТМларнинг намунавий низомини ишлаб чиқиш. Трансформация тугаши билан вазирлик ҳам ННТ шаклида қайта ташкил этилиб, унга ОТМларнинг аккредитация ва аттестациясини ўтказиш вазифасини юклаш мумкин.

ОТМлар — инвестиция манбааси

Ўзбекистонга хорижий инвесторларни жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда. Аслида ОТМлар ҳам яхши инвестиция манбааси эканлигини унутмаслик керак.

Келинг, бир тахминий ҳисоб-китоб қилиб кўрайлик. ЮНЕСКОнинг статистик маълумотларига кўра, 2017 йилда Ўзбекистондан четга ўқишга кетган талабалар сони 34990 нафар бўлган. Буни 35 минг деб яхлитлаб олсак, хорижда ўртача ўқиш пули 7 минг доллар, яшашга яна 5 минг доллар кетса, демак, Ўзбекистондан бир йилда 420.000.000 (тўрт юз йигирма миллион) АҚШ доллари чиқиб кетади, буни яна 4 йилга кўпайтирсак 1.680.000.000 (бир миллиард олти юз саксон миллион) АҚШ долларига тенг бўлади.

Ҳа, бу анча-мунча маблағ, шундай эмасми? Унинг озроқ қисмига бир нечта янги ОТМлар ташкил этиш ёки борларини кучайтириб, кўпроқ талабаларни қабул қилиш ҳамда хориждан манаман деган профессорларни олиб келиб, ОТМларимизда ишлатиш мумкин. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ деб шунга атишса керак-да! Буни амалга ошириш учун бизга нима тўсқинлик қилмоқда?!

Бунга бир ечим сифатида юқорида келтирилган таклифларни жадаллик билан жорий этиш даркор. Агар шу каби маблағлар жалб этилиб, тўғри йўналтирилса, биздаги ОТМлар ҳам дунё рейтингларидан бемалол жой олиши мумкин ҳамда ҳақиқий инновация марказларига айланиши ҳам ҳеч гап эмас.

Юқорида қайд этилганидек, давлат ННТ шаклидаги янги ОТМларни ташкил этиш ва фаолияти учун тенг шарт-шароит яратиши зарур. Керак бўлса, ушбу масалада давлат дастури қабул қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Хусусий ОТМлар

Шу ўринда ҳозирда ташкил этилаётган хусусий ОТМларни масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) шаклида ташкил этиш амалиёти олий таълим тизими хусусиятларига тўғри келмайди. Бунинг сабаби қуйидагилардан иборат.

МЧЖлар тижорат ташкилотлар турига киради. Уларнинг мақсади даромад олиш ва ташкил этган муассислар ўртасида тақсимлашдан иборат. ОТМ эса даромад топиб, бўлишиб оладиган даргоҳ эмас.

Шу боис уларнинг ННТ шаклида тузилиши мақсадга мувофиқ. Чунки ННТ шаклидаги ОТМларнинг ишлаб топган пул маблағлари фаолиятини ривожлантириш ва профессор-ўқитувчиларга маош тўлаш ва бошқа эҳтиёжларга ишлатилади. Амалдаги қонунчиликка кўра, ННТлар ҳам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин, фақат уларда олинган даромадни муассислар ўртасида тақсимлаш ҳуқуқи йўқ — бу эса ОТМнинг мақсадига тўғри келади.

Шунингдек, ҳар бир хусусий ОТМ бўйича алоҳида ҳукумат қарори қабул қилиниши, турли имтиёзлар бериб, фаолиятини йўлга қўйиш амалиёти ҳам яхши натижаларга олиб келмайди. Чунки олий таълим тизимида ҳам соғлом рақобат муҳити бўлиши шарт. Юқорида таъкидланганидек, барча ОТМларнинг фаолият олиб бориши учун ягона ҳуқуқий асос – бир хил шароитлар яратилиши лозим.

Хорижий ОТМ филиаллари

Шу ўринда чет эл ОТМлари филиалларини ташкил этиш масаласига тўхталсак. Халқаро ҳамкорлик яхши, бироқ бизда мавжуд ОТМларимиз ривожига эътибор бериш ва миллий брендларни яратишга эришиш даркор. Ҳозирда ушбу филиалларда ҳам асосан ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда.

Чет эллик мутахассислар келиб муаммоларимизни ҳал этиб беради деб кутиб ўтиришимиз нотўғри, уларни ўзимиз ўз билим ва меҳнатимиз орқали босқичма-босқич ҳал этишга ҳаракат қилишимиз керак. Агар маҳаллий ОТМларимиз ривожланса, хоҳлаган пайтда чет эллик профессорни ёллаб ишлатиш мумкин.

ОТМларга қабул

Ҳозирда ОТМларимиз ўқишга кирмоқчи бўлган абитуриентларни тўлиқ қамраб олмаганлиги ҳеч кимга сир эмас. Кўп ёшларимиз хорижий университетларга ўқишга кетяпти.

Мактабда битирув имтиҳонлари ҳамда ОТМга қабул имтиҳонларини ягона қилиб ўтказиш бўйича ҳам ишлар амалга оширилмоқда. Бундай тизим кўп давлатларда жорий этилган, жумладан, Буюк Британия, Россия ва ҳ.к. Албатта, бу каби тизимни бизда жорий қилишда маълум бир қийинчиликлар туғилиши табиий. Бугун ушбу масалани тўлиқ таҳлил этишни мақсад қилмаганмиз.

Агар юқорида таклиф этилган чоралар амалга оширилса, ОТМларнинг абитуриентларни қамраб олиш имконияти янада ошади ва босқичма-босқич ОТМларга қабул квоталари ошиб, барча абитуриентларни қамраб олишга эришиш мумкин.

Чет эл тажрибасига мурожаат этсак, ўқиш истагида бўлган шахс бирор-бир университет томонидан барибир қабул қилинади. Талабалар ўқиш давомида сараланиб, университетни маълум бир қисмигина муваффақиятли тамомлаши мумкин. Биз ҳам шундай механизмни жорий этишимиз керак, шунда бизнинг ОТМларимиз битирувчилари ҳам сараланиб, малакали мутахассис бўлиб етишади.

Шу ўринда савол туғилиши мумкин, ўқитувчи-профессорларнинг малакаси-чи? Агар юқорида баён этилган таклифлар жорий этилса, ОТМларимизда нафақат маҳаллий, балки хорижлик малакали мутахассисларни ҳам жалб этиш, ишлаб турган ходимларининг эса малакасини ошириш имконияти ортади.

Кредит тизимига ўтиш

Кредит тизимига ўтиш бўйича ҳам кўп масалалар кўтарилмоқда, уларни ечишда қуйидаги ёндашув таклиф этилади.

Бунда олдинги ўқув режаларни механик тарзда кредит тизимига айлантириш кутилган натижани бермайди. Фанларни кескин қисқартириш лозим ва улар бир семестрда 4 тадан ошмаслиги керак. Бундан ташқари, мутахассислик фанларини кўпайтириб, чуқурроқ ўтишга мослаш зарур.

Талабаларга фанларни танлаш имкониятини бериш ҳам тўғри ёндашув. Қайси фанларни ўқиш ва қандай йўналишни танлашни ўзи ҳал қилсин. Шунингдек, фанлар қайсидир профессорга мослаб эмас, талабалар хоҳиши асосида ўқитилиши мақсадга мувофиқ.

Битирув малакавий ишини (БМИ) ёзиш ҳам танлов асосида бўлсин. Агар талаба уни ёзишни хоҳламаса, ўрнига 2 та бошқа фан танлаб ўқийверсин. Борди-ю, у келажакда илмий иш қилишни режалаштирса, БМИни танлаши мумкин.

Амалиёт масаласига келсак, уни ташкил этишга ОТМларимиз кўп ресурс сарфлайди. Чет эл тажрибасидан келиб чиқадиган бўлсак, амалиёт ҳам ихтиёрий бўлиши керак. ОТМлар улар билан овора бўлиб ўтирмасин. Агар талаба амалиёт қилмоқчи бўлса, марҳамат, уни ўзи топиб, ёзги таътил даврида ўтасин.

Фан хусусиятидан келиб чиқиб, машғулотларни маъруза ва семинар/амалий кўринишларга бўлиб ўтказиш амалиётини қайта кўриб чиқиш лозим. Семинарда талабани ҳар дарс сўроқ қилишдан қочиш керак. Мисол учун, Англияда амалий машғулотлар маърузанинг давоми сифатида ўтилади ва талабалар баҳоланмайди, семестр давомида уларга 1-2 та ёзма топшириқ берилади ҳамда якуний имтиҳон ўтказилади. Шу усулда фан бўйича талабанинг умумий баҳоси чиқади. Бундай ёндашув талабаларга мустақил фикрлаш ва таҳлил қилиш қобилиятини ривожлантириш имкониятини яратади, натижада яхши мутахассис етиштиришга эришилади.

Ўқитувчилар юкламаси ҳам қайта кўриб чиқилиб, 2-3 та фандан ошмаслиги керак. Шунда мутахассислик фанларини чуқурроқ ва сифатли ўргатиш имконияти туғилади. Ҳозирда ўқитувчи юкламасини бажариш учун кўп фанлардан машғулотлар ўтказишига тўғри келади. Натижада унинг ўз устида ишлаши, сифатли илмий иш олиб бориши, бирор-бир фан доирасида чуқур билимга эга бўлган мутахассис сифатида шаклланиши чекланади.

Кредит тизимига ўтишда олий таълим соҳасида қабул қилинган барча норматив ҳуқуқий ҳужжатлар инвентаризация қилиниб, ОЎМТВ томонидан тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар ишлаб чиқилиши лозим. Бу иш амалга оширилмаса, кўп номувофиқликлар келиб чиқиши мумкин.

Мисол учун, кредит тизимига ўтилгач ОЎМТВ томонидан тасдиқланадиган намунавий фан дастурлари тузиладими? Бундай шаклдаги фан дастурининг ҳозирги шароитда мақсади нимадан иборат? Чет элда фан дастури ўқитувчи томонидан мазкур фан бўйича чоп этилган дарслик мундарижасидан олиниб, талабаларга берилади. Бу борада чет элда махсус талаб ва босқичлар йўқ. Шунинг учун улар олий таълим бозорига мослашувчан бўлиб, янги-янги йўналишлар ва курслар таклиф этишади.

Яна бир масала, аттестация ва аккредитация пайтида ОТМларда талабаларнинг дарсликлар билан таъминланганлиги сўралади. Бундай мезон қаердан олинган ва унинг қандай аҳамияти бор? АҚШда барча талабалар дарсликларни ўзлари сотиб олишади, университет эса онлайн ресурслардан бепул фойдаланиш имкониятини яратган. Улардан талабаларнинг дарслик билан таъминланганлик даражасини ҳеч ким талаб қилмайди. Ҳозирда онлайн ресурслар ривожланган бир пайтда ушбу мезон мутлақо ноўрин, назаримда.

Пандемия оқибатлари

Пандемия узоқ вақтдан бери айтиб келинаётган масофавий таълимга ўтишни жадаллаштирди. Мазкур вазият билан боғлиқ бўлган техник муаммолар (интернет тезлигининг пастлиги ва ҳ.к.) ҳақида кўп гапирилди.

Ҳар хил платформалар орқали машғулотларни ташкил этишда қуйидаги усулдан фойдаланилса, ўқиш жараёнига ҳам, ўқитувчи ва талабага ҳам қулайлик туғдиради. Яъни семинар/амалий машғулотларни бошқача форматда ўтказганда ўқитувчи талабаларга маъруза ёки платформада жойлаштирилган материаллар бўйича тушунтириш бериб, савол-жавоб тарзида дарс ўтади ва талабаларни баҳоламайди. Фан бўйича баҳолаш семестр даврида 2-3 та ёзма топшириқ бериш, фан хусусиятидан келиб чиқиб, бу 30-40 баллга баҳоланиши мумкин, қолган балл ёзма якуний имтиҳонга қолдирилиши мумкин.

Унда ўқиш осон бўлиб қолар экан-да, деган фикр туғилиши мумкин. Йўқ, ундай эмас, бу ўринда ўқитувчининг талабалар билимини баҳолаш учун тузиладиган топшириқларга кўпроқ вақт сарфлаб, уни сифатли ишлаб чиқиши талаб этилади. Топшириқлар талабаларда мустақил фикрлаш ва танқидий таҳлил қилиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган бўлиши керак.

Бундай шароитда талабаларнинг бир-биридан кўчириб, топшириқларни топшириш ҳолатлари учраши мумкин. Лекин биз талабаларга плагиат бўйича тушунтириш ишларини олиб боришимиз, керак бўлса, тилхат ёздириб олиб, бу қилмиши учун талабалар сафидан чиқаришгача чоралар қўлланилиши мумкинлигидан огоҳлантиришимиз зарур. Чет элда университетлар худди шу тарзда иш олиб боради.

Илмий фаолият

Бизда халқаро тажриба, халқаро стандартлар дейилади-ку, лекин ўзимизга хос йўлдан кетилади. Чет элда магистрликдан кейин доктор даражасини олиш мумкин. Бизда маълум бир вақт шундай тизим жорий этилди, бироқ яна ўзгарди, энди магистрликдан кейин фалсафа доктори, ундан кейин фан доктори даражасини олиш мумкин. Менга чет эллик профессорлар нимага Ўзбекистонда докторлик даражаси икки марта олиниши керак, деб кўп мурожаат қилишган.

Агар бу илмий ишлар сифатини оширишга қаратилган бўлса, буни бошқа механизмларни жорий этиш билан ҳал этиш мумкин-ку. Бизда илмий ишни ёзиш тахминан 30 фоиз вақтингизни олса, қолган 70 фоизи ташкилий ишлар ва ҳар хил босқичлардан ўтишга сарфланади. Илмий иш қилганлар менинг фикримга қўшилса керак?!

Чет элда тадқиқотчининг илмий иши раҳбари, ички ва ташқи тақризчилар томонидан баҳоланиб, илмий даража оммавий ҳимоясиз, университет томонидан берилаверади.

Бизда ҳам илмий иш босқичларини камайтириб, сифати бўйича илмий раҳбар ва тақризчилар масъулияти оширилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Мисол учун, агар тадқиқотчининг иш сифати яхши эмаслиги аниқланса, унга даража бермай, унинг илмий раҳбари бошқа илмий ишларга раҳбарлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши керак. Худди шундай қоидани ички ва ташқи тақризчиларга ҳам қўлласа бўлади.

Ҳозирда илмий иш натижаларининг татбиқ этилганлигини талаб қилиш — алоҳида мавзу. Хўш, юридик соҳада илмий иш қилаётган тадқиқотчи нимага вазирлик, идоралар ва Олий Мажлисга югуриб илмий натижамни татбиқ этинг деб юриши керак?! Бундай вазифани тадқиқотчининг бўйнига қўйиш қанчалик тўғри?! Бу талабнинг илмий иш сифатини яхшилашда аҳамияти нечоғлик?

Тадқиқотчининг вазифаси бирор мавзуни тадқиқ этиб, асослантирилган илмий (амалий) хулосаларини ишлаб чиқишдан иборат, уларни амалиётга татбиқ этиш эса вазифасига кирмайди. Мисол учун, бир тадқиқотчи юридик соҳада янги мавзу бўйича тадқиқот ўтказди дейлик, таклифларини вазирлик, идора ва Олий Мажлисга киритди. Ўзимни мисол қилсам ҳам бўлар экан, мен медиация бўйича илмий ишимни 2008 йилда ҳимоялаганман. Таклифларимни Олий Мажлисга ҳам юборганман, лекин Ўзбекистонда медиация тўғрисидаги қонун 2018 йилда қабул қилинди. Демак, мен ҳозирги талаб бўйича тадқиқот натижаларимнинг татбиқ этилишини 10 йил кутишимга тўғри келарди. Хуллас, бу масала бўйича ўзингиз хулоса қилаверинг.

Ҳозирда бу талаб тадқиқотчиларнинг кўп вақтини олиб, асосий ишидан қолдирмоқда. Уларга бундай талабни қўйиш қанчалик тўғри?

Илмий ишларни чоп этиш

Энди илмий ишларни чоп этишга келсак, айни пайтдаги талабга кўра, Олий аттестация комиссияси (ОАК) томонидан тасдиқланган иш чет элдаги илмий журналларда чоп этилиши талаб қилинади. Бир ўйлаб кўринг, қайси давлат шундай йўл тутади? Масалан, Франция ўз тадқиқотчисидан ишини ўзбек тилида, яна Ўзбекистонда чиқадиган журналларда чоп этишни талаб қилаётганини тасаввурингизга сиғдира оласизми?

Аввало, Ўзбекистонда қилинган илмий иш шу ердаги илмий ҳамжамият томонидан тан олиниши керак эмасми? Нима учун биз илмий ишланмаларимизни чет элликлар учун тайёрлаб, уларнинг тилига таржима қилиб, устига-устак пул тўлаб, журналларида чоп эттиришимиз керак?! Мени шу савол сира тинч қўймайди. Агар тадқиқотчи ўз хоҳиши билан чет элда танилиш учун мақоласини чоп эттираётган бўлса, бу умуман бошқа ҳолат.

Шунинг ўрнига ўзимизда чоп этилаётган илмий журналларни кучайтириб, тадқиқотчиларга енгиллик яратсак яхши эмасми?! Агар эҳтиёж бўлса, ушбу журналларнинг таҳрир ҳайъати аъзолигига чет эллик мутахассисларни таклиф қилиш мумкин.

Малака ошириш тизими

Қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, ҳозирги малака ошириш тизимимиз самарасиз. Бу соҳага давлат томонидан шунча маблағларнинг сарфланиши, ходимларнинг ойлаб вақтини кетказиш қанчалик тўғри? Яна хорижий тажрибага мурожаат қилсак, уларда бу жараён ҳам бошқача шаклда йўлга қўйилган, яъни конференциялар, тренинглар ва университетлар томонидан таклиф этиладиган қисқа курслар. Энг асосийси, уларда қатнашишга ҳеч ким мажбур эмас, ҳар бир ходим ўз қизиқиши доирасида ва вақти бўлса, иштирок этади.

Ўзингиз бир ўйланг, мисол учун, бизда адвокатлар ҳам ўз ҳисобидан пул тўлаб малака ошириши керак. Адвокат ўз хусусий амалиётини амалга оширса, уни бу жараёнга жалб этиш қандай натижа беради? Агар адвокатнинг малакаси яхши бўлмаса, унга ўз-ўзидан фуқаролар ҳам мурожаат қилмайди-ку. Адвокат ўз иш жойида ҳам қонунчиликдаги янгиликларни ўрганиб, бемалол малакасини ошириши мумкин.

Хулоса

Албатта, юқорида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни амалиётга татбиқ этиш учун озми-кўпми вақт керак. Фикримизча, бу ва бошқа соҳаларни ислоҳ этишда кенг жамоатчилик мулоҳазаларини ўрганиб, таклифлар ишлаб чиқилса, яхши натижаларга олиб келади. Аслида бу каби муаммоларга оддий ва содда ечим топиш мумкин, фақат уни бажариш учун ҳар биримиздан ички хоҳиш ҳамда ирода талаб этилади.

Шерзодбек Махмудович Масадиков,

юридик фанлар номзоди, доцент

Бирмингем университети бакалаври (Буюк Британия, 2001), Тошкент давлат юридик институти магистри (2004),

Пеппедайн университети юридик мактаби магистри (АҚШ, 2017)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг