Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент фармони: 12 йиллик мажбурий таълим тизими бугунги кун талабларига жавоб бермайди ва тубдан ислоҳ қилишга муҳтож

Президент фармони: 12 йиллик мажбурий таълим тизими бугунги кун талабларига жавоб бермайди ва тубдан ислоҳ қилишга муҳтож

Урганч қурилиш касб-ҳунар коллежи

Фото: «Stroycollege.uz»

12 йиллик мажбурий таълимга ўтиш натижаларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳозирги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини ва тубдан ислоҳ қилишга муҳтож эканлигини кўрсатди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига шарҳда сўз боради.

Ҳужжатда тизимдаги муаммолар нималарга олиб келгани алоҳида санаб ўтилади. Жумладан, 12 йиллик таълим тизими:

— касб-ҳунар коллежларини ҳудудларда жойлаштиришга тизимли ёндашиш мавжуд эмаслиги, минтақаларда йўл-транспорт инфратузилмасининг етарлича ривожланмаганлиги ўқувчиларнинг вақти-вақти билан машғулотларга оммавий қатнашмаслигига сабаб бўлди;

— касб-ҳунар коллежлари ва уларнинг ўқув устахоналари ўқув-лаборатория ускуналари билан таъминланганлиги илм-фан, ишлаб чиқариш технологиялари ва техниканинг ривожланиши суръатларидан орқада қолди, касб-ҳунар коллежларининг моддий-техник жиҳозланиши даражаси ўртача 56 фоизни ташкил этди;

— дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини тайёрлаш ва нашр этиш бўйича ишлар самарасиз ва ўз вақтида молиялаштирилмаслиги касб-ҳунар таълими тизимини янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмалари билан таъминлашда жиддий равишда орқада қолишга олиб келди;

— касб-ҳунар коллежларидаги минтақаларда иқтисодиёт тармоқларининг реал эҳтиёжларини таъминламайдиган кадрлар тайёрлашнинг мавжуд тизими, меҳнат бозори конъюнктураси ва ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш учун имкониятлар мавжудлиги ҳисобга олинмасдан белгиланадиган касб-ҳунар коллежларига қабул қилиш квоталари битирувчиларни ишга жойлаштириш кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатди;

— касб-ҳунар коллежларидаги амалга ошириладиган ўқув жараёни, қўлланиладиган ўқув-норматив ҳужжатларнинг камчиликлари, касбларнинг мураккаблиги даражаси ҳисобга олинмасдан таълимнинг ягона муддатлари белгиланиши, ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этишдаги камчиликлар олинадиган билимлар даражаси пасайишига ва бир қанча йўналишлар бўйича битирувчиларга талаб пастлигига, ўқиш тугаллангандан кейин иш жойларида уларни қўшимча равишда ўқитиш зарурлигига олиб келди;

— аҳоли турли тоифаларини «Ҳаёт давомида таълим олиш» принципи бўйича касбга тайёрлаш тизимининг заиф ривожланганлиги катта ёшдаги аҳолининг салмоқли қисми, шу жумладан, ишга жойлашишга муҳтож бўлган ёшлар ва ногирон шахслар меҳнат бозорида талаб этилмаслигига олиб келди;

— касб-ҳунар коллежларида ўқув жараёнини ташкил этишга ва ўқувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялашга расмиятчилик билан муносабатда бўлиш, уларнинг бўш вақтини ташкил этишнинг самарасиз механизми машғулотларга қатнашиш пасайишига ва бунинг оқибатида улар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар сони кўпайишига олиб келди.

Фармоннинг шарҳида қайд этилишича, касб-ҳунар таълими тизимидаги мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш, илғор хорижий мамлакатларнинг тажрибаси асосида касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш, мавжуд касб-ҳунар коллежларининг моддий базасидан оқилона ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, тегишли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарга идоравий бўйсунувчи касб-ҳунар коллежларида малакали ва меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган кадрларни тайёрлаш самарадорлигини ошириш учун шарт-шароитлар яратиш, аҳоли барча қатламларининг эҳтиёжларини ҳисобга олиш ва бандлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, юқорида номи келтириб ўтилган фармон Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 25 январда имзоланди. Унинг матни ЎзАда эълон қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг