Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Самарқандда «Зукко болажон!» фотоальбоми тақдимоти ўтказилди

Самарқандда «Зукко болажон!» фотоальбоми тақдимоти ўтказилди

Бугун «Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт» шиори остида Самарқанд вилоятида ўтказилаётган «Маънавият фестивали» доирасида Самарқанд шаҳридаги 36-сонли мактабгача таълим ташкилотида «Зукко Болажон» фотоальбоми тақдимотига бағишланган бадиий-мусиқали байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирни Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Нодиржон Холбўтаев очиб берди:

Маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, ўзгаришларни энг қуйи босқичдан – мактабгача таълим ташкилотидан бошласаккина кутилган натижага эриша оламиз. Зеро давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда «Ҳар бир бола – бамисоли ўсиб, кучга тўлаётган, парваришга муҳтож нозик бир ниҳол. Бинобарин, уни ҳеч қачон меҳр ва эътибордан четда қолдириб бўлмайди», — дея таъкидлади Нодиржон Холбўтаев.

Шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида тайёрланган «Зукко Болажон!» фотоальбоми эртамиз эгаларининг маънавий камол топишида муҳим аҳамият касб этишини билдирди.

Маданий-маърифий тадбирда фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институти профессори Зухра Исмоилова, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Сайёра Туйчиева сўзга чиқиб, Янги Ўзбекистоннинг бахтли болаларига ўзиниг самимий тилакларини билдирди. Улар бугунги кунда мамлакатимизда фарзандларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жаҳон андозаларига мувофиқ билим олиши учун яратилаётган шарт-шаротлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишди.

Маънавий-маърифий тадбир давомида «Маърифат» тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Хусанов Республика Маънавият ва маърифат маркази «Маърифат» тарғиботчилар жамияти томонидан пойтахтимиздаги 482-сонли мактабгача таълим ташкилоти «Зукко Болажон!» фотоальбомида акс этган фотосуратлар асосида намунавий тарзда безатилиб, «Маънавият бурчаги» ташкил этилгани, бу болажонлар ҳамда соҳа мутахассислари томонидан илиқ кутиб олинганини алоҳида таъкидлади.
Мазкур жараёнда болаларни маънавий оламини бойитиш, уларда миллий анъаналарга қизиқиш уйғотиш, шарқона тарбиянинг нодир ва нозик жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилганини билдирди. Шунингдек, «Зукко Болажон!» фотоалбомини 36-сонли мактабгача таълим муассасасига ҳадя этиб, жамият болажонларнинг маънавий оламини янада бойитишга хизмат қиладиган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда давом этишини билдирди.

Мактабгача таълим вазири маслаҳатчиси Камола Рисқулова эса «Зукко Болажон!» фотоалбоми ва деворий лавҳалар катта совға бўлганини, бу каби лойиҳалар фақатгина фарзандларимиз манфаати учун хизмат қилишини таъкидлади.

Шундан сўнг саҳнага болажонлар таклиф этилди, улар бахтли болаликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ҳамда «Самарқанд қизлари», «Андижон полкаси» номли шўх рақслар билан иштирокчилар кайфиятини янада кўтарди.

Шунингдек, тадбир давомида соҳа ходимлари учун шўбаларга бўлинган ҳолда бола тарбияси ҳамда унинг маънавий камолоти хусусида семинар-тренинг ўтказилди. Семинарни иқтисод фанлари номзоди, доцент Обиддин Маҳмудов, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Жавдат Пўлатовлар олиб борди.

«Зукко Болажон!» лойиҳаси доирасида фотокўргазма ҳамда Самарқанд қўғирчоқ театри томонидан томошалари намойиш этилди. Кулолчиликка қизиқиши бўлган болалар учун ажойиб дарслар ташкил қилинди.

«Маърифат» тарғиботчилар жамияти Ахборот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг