Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Таълим бепул, одатда тиббий суғурта барча тиббий харажатларини қоплайди...» – Бонн университети магистранти билан суҳбат

«Таълим бепул, одатда тиббий суғурта барча тиббий харажатларини қоплайди...» – Бонн университети магистранти билан суҳбат

«Xabar.uz» нашри «Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасидаги интервьюларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз нуфузли DААD дастури стипендияси совриндори сифатида Бонн университети Иқтисодиёт йўналиши магистратура босқичида таҳсил олаётган Озодбек Озодов бўлди.

Устозларим сабаб Германияга қизиқишим ортган

Хоразм вилояти, Хонқа туманида туғилганман. Мактаб ва коллежни маҳаллий муассасаларда ўқиб, бакалавр босқичини Урганч давлат университетининг Иқтисодиёт факультетида 2020 йил тугатганман. Шу йилнинг ўзида Германияда ўқиш истагидаги талабаларни қўллаб-қувватлаш дастури DААD (Германия академик алмашинув хизмати) стипендиясини қўлга киритиб, Германиянинг Бонн университети Иқтисодиёт йўналишида таҳсил олишни бошладим.

Германиядаги таълим ҳақида бакалавр давримдан яхши таниш эдим, чунки факультетимизда кўплаб профессор-ўқитувчилар Германияда турли дастурларда қатнашиб келишарди. Уларнинг ҳикояларини, тажрибаларини мунтазам тинглаб, бу давлатга қизиқишим ортиб борган. Устига-устак Германияда таълим деярли текин ҳисобланади, шунинг учун ҳам мен каби оддий оиланинг фарзанди учун Германия катта имкониятлар беришини ҳис қилиб, шу давлатда ўқишни мақсад қилганман.

Бетховеннинг она шаҳри

Мен ҳозирда яшаётган Бонн бой тарихга, Германияда ўзига хос ўрни ва нуфузига эга шаҳар. Бонн Германиянинг собиқ пойтахти, машҳур бастакор Бетховеннинг она шаҳри, инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшган Карл Маркс сингари кўплаб олимларни етиштирган университети ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг катта офисларидан бири жойлашган шаҳар сифатида ҳам машҳур. Бундан ташқари, Бонн шаҳрида ўзбек диаспораси ҳам кенгаймоқда. Байрамларда мунтазам йиғилиб, ўчоқда ош дамлаб, кечгача Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёт ҳақида суҳбатлар қилиб, ватан соғинчини оз бўлсада эсдан чиқарамиз.

Касбим бевосита жамият ҳаётига боғлиқ бўлишини истаганман

Аниқ ва ижтимоий фанларга қизиқишим болалиликдан бўлган. Мактабни тугатган пайтларим келажакда мен танлаган касб бевосита жамият ҳаётига боғлиқ бўлишини истаганман. Иқтисодиёт айнан шундай соҳа ҳисобланади. Иқтисодчиларнинг ўрганиш объекти жамият, инсонлар ва уларнинг ҳатти-ҳаракатларидир. Шунинг учун бўлса керак, шу соҳага қизиқиш пайдо бўлган.

Бошқа халқларга қараганда немислар камроқ эмоционал

 Таъкидлашим керакки, немислар жуда турлича халқ. Уларни қисқа ифодалаб бўлмайди, лекин албатта умумийликлар бор. Мен асосан ёш авлод немислари билан мулоқотда бўламан, ўзим тенгқурлар билан кўп суҳбат қиламан. Айтишим мумкинки, улар жуда интизомли, ижтимоий нормаларни қаттиқ ҳурмат қилишади ва эргашишади. Қўшимчасига, бошқа халқларга қараганда немислар камроқ эмоционал. Буни Европанинг бошқа давлатларига саёҳат қилганимда кўпроқ англаганман. Бундан ташқари немисларда ўрта таълим жуда сифатли бўлиб, ҳатто олий таълимга эга бўлмаган немисларда ҳам фавқулодда кенг дунёқарашли ёшларни учратиш мумкин. Биздаги коллежга тенглаштирилган таълим (Ausbildung деб аталади) олган немислар билан суҳбатда буни яққол сезганман.

Ўқиш билан бир пайтда иш ҳақи бериладиган ишда ишлашади

Германияда таълим олиш учун танловлар кенг ва ранг-баранг. Бу энг биринчи кўзга ташланадиган жиҳат. Олий таълимдан ташқари, касбга тайёрлаш курсларининг ҳам улуши жуда кўп. Бу таълим шаклида ўқийдиган талабалар ўқиш билан бир пайтда иш ҳақи бериладиган ишда ишлашади ва молиявий мустақил бўлишади. Олий таълимнинг ўзида эса, университетлар кўп жиҳатдан мустақил ҳисобланади. Ўзбекистонда кузатганим шуки, ҳамма нарса марказлашган. Бу эса университетларнинг сифатли таълим беришига ҳалақит қилади, улар ўртасида рақобат муҳитини синдиради. Шу жиҳатлар Ўзбекистонда ҳам татбиқ қилинса, ўйлайманки, таълим сифати янада ортади.

Солиқлар баланд ва прогрессив

Менинг кузатувим шуки, Германия хорижлик ишчилар учун барча даражаларда қулай иш муҳити ва яхши маош таклиф қила олади. Ўрта маълумотли иммигрантлар ҳайдовчи, ресторан, меҳмонхона ходимлари ва завод-фабрикаларда техник ходимлар сифатида ишлашади. Қўшимча таълимга эга хорижликлар эса инжинер, доктор, дастурчи, молиячи, ўқитувчилик, маркетинг каби соҳаларда ишлашлари мумкин. Айтишим керакки, солиқлар баланд ва прогрессив – яъни кўпроқ даромадлилар янада баландроқ фоизда солиқ тўлайди, шу билан бирга ижтимоий муҳофаза ҳам юқори даражада таъминланган. Таълим бепул, одатда тиббий суғурта барча тиббиёт харажатларини қоплайди, бундан ташқари ишсизлик ва бошқа муаммоларга дуч келган хорижий солиқ тўловчиларга давлат доим ёрдам беради. Ойликларга келсак, белгиланган минимум ойлик соатига 9 евродан сал ортиқроқ. Бу федерал ўлкага қараб, бундан баландроқ ҳам бўлиши мумкин. Қуйи синфга мансуб ишчилар 2000 евро атрофида маош олишса, юқори таълим ва малака талаб қиладиган позицияларда ойликлар 5-7 минг евро атрофида бўлиши мумкин. Яхши томони шуки, Германияда ижтимоий тенгсизлик даражаси нисбатан кам бўлиб, юқори ва қуйи синфларнинг улуши жуда кам. Мустаҳкам ўрта синфнинг улуши эса катта.

Немис тилини камида мулоқот даражасида ўрганиб келиш керак

Ўзим қийналган жиҳат шуки, биздаги таълим тизими билан Германияда рақобатбардош талаба бўлиш ва иш ўринларига даъвогарлик қилиш бирмунча қийин экан. Шунинг учун Германияда таълим олишни истаган юртдошларимизга маслаҳатим шуки, олдиндан бу ердаги таълим ҳақида кўпроқ ўрганиб, материаллар ва тизим билан танишиб олишни маслаҳат берган бўлардим. Интернет бу борада деярли барча саволларга жавоб бера олади. Бундан ташқари, инглиз тилида таҳсил оладиган талабалар таълим тили инглиз бўлишига қарамасдан, ижтимоий ҳаётга интеграция қила олиш учун немис тилини камида мулоқот даражасида ўрганиб, кейин келишса, ҳаёт бирмунча осон бўлади деб ўйлайман.

Карьерамни ватанимда давом эттираман

Магистратурани битирганимдан кейин бир муддат Германияда яшаб, бу ўлка бериши мумкин бўлган барча имкониятлардан максимал фойдаланмоқчиман. Саёҳат қилишни яхши кўраман. Муносиб кўрилган ишимда ишлаб, шу билан бирга Европа ва дунёнинг бошқа ўлкаларига саёҳат қилишни истайман. Мақсадим Германиянинг иқтисодий ривожланган шаҳарларидаги катта компанияларида ишлаб, ўзим, оилам ва атрофимдагилар учун қулай ҳаёт тақдим қилиш. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва ўзбеклар билан боғлиқ лойиҳаларда мамнуният билан иштирок қилар эдим. Ватандошлар билан боғлиқ бир нечта ғоялар ҳам бор, ўқишни тугатганимдан кейин уларнинг реализацияси ҳақида жиддий ўйлаб кўрмоқчиман. Вақти келиб эса, Ўзбекистонга албатта қайтаман ва карьерамни ватанимда давом эттираман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг